April 18, 2020

ЧОРТОҚНИ ГУЛЗОРГА АЙЛАНТИРАМИЗ!

- дейди туман коммунал хизмат ва ободонлаштириш бўлими гулчиси Йўлчибек БОБАНОВ.

Туман марказининг Ласкидон қишлоғи билан туташ жойидаги бўлиқ дала еридан ажратиб берилган 20 сотих майдоннинг 8 сотихида учта иссиқхона ташкил этилган. Коммунал хизмат ва ободонлаштириш бўлими тасарруфидаги мазкур иссиқхоналарда уч йилдирки, 8 нафар гулчи меҳнат қилади. Бу йил яқин 150 минг туп виола мавсумий гул кўчатлари етиштирилди.

Корхона, ташкилот ва муассасалар буюртмасига кўра кўча ва хиёбонларга чирой бағишлаётган ранг-баранг гулларни олдинлари қўшни вилоят ва туманлардан сотиб олинарди.

Охирги гул кўчатларини буюртмачиларга тайёрлаш билан куймаланаётган гулчилар билан суҳбатимиз қисқа бўлди.

- Мана бу 7 сотих жойда 2000 туп бодринг жойлашган, - дейди гулчилар бошлиғи Й. Бобанов. – Мен ўзим асли Қашқадарё вилоятининг Нишон туманиданман. Чортоққа келишдан олдин 15 йил Тошкентнинг Қибрай туманида гул етиштириш ва иссиқхоналардан даромад олиш сирларини ўргандим.

- «Комхоз»да иш бошлаганимга беш йил бўлди. Йўлчибек акадан гул етиштириш, бодринг парваришлаш сирларини ўрганяпман. Ҳамкасбларим Наргиза Дадабоева, Ҳуснида Мамутова, Акмал Сайфуддинов, Маъмура Иброҳимова, Нилуфар Мирзаева, Шоҳиста Набижонова, Комилжон Мирсаидовлар билан туғишганлардек қадрдон бўлиб кетганмиз...

Ўз ишидан миннатдорлик билан ҳикоя қилаетган Абдужаббор Абдуллаев гулчиларнинг энг ёши экан.

– Ойига ўртача 1,5 миллион сўмдан ойлик маош оламиз. Энг муҳими, ҳар биримиз юмушларимизни сидқидилдан бажарамиз.

Гул кўчатларидан бўшаган иссиҳхонада парваришланаётган бодрингдан кузги мавсумга қадар икки марта ҳосил олинаркан. Илгари ўзим ҳам кўпчилик сингари «Комхоз» ишчиси, деганда фақат чиқинди юкловчиларни тушунардим. Энди эса бу номдан фахрланаман.

Келгусида гулчиларимиз сафини кенгайтирамиз. Кўчат етиштиришни авж олдириб, гулчиликнинг ўзидан бир миллиардгача даромад олишга эришишни мўлжаллаяпмиз. Хабарингиз бўлса керак, давлат дастурига мувофиқ, Чортоқ келгусида энг гўзал «экошаҳар» тусини олади. Бизнинг мақсад - Чортоқни гулзорга айлантириш!

Ип тортиб, бир текис тараб қўйилган бодрингдаги шиғил ҳосилни, иссиқхонанинг бир чеккасидаги китоб жавонидаги гул ва гулчиликка оид қўлланмаларни кўриб, Йўлчи Бобановнинг гапларига ишонгимиз келди.

Ҳамма «Уйда колинг!» тартибига риоя қилаётган бир паллада иссиқхонани қз уйи билиб, астойдил меҳнат қилаётган гулчилар тез кунларда элимиз дастурхонига бодринг етказиб бериш тараддудида.

Суратларда: иссиқхонадан лавҳалар.

Носир АББОС.