НАМАНГАНДА ДЕЗИНФЕКЦИЯ ИШЛАРИ ҚАНДАЙ КЕТМОҚДА?
- Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус касаллигини юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу глобал масалада барча тегишли идора ва ташкилотлар халқимиз соғлиғини ҳимоя қилиш учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши ҳамда мудофаа вазирлиги Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 20 апрелидан 20 майга қадар юртимизнинг барча ҳудудида “Биологик зарарланиш вазиятида дезинфекция тадбирларини ўтказиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар” мавзусида стратегик махсус-тактик ўқувлари бошланди.
Бундай кенг қамровли тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойлари, савдо марказлари ва бозорлар, шаҳар кўчалари, кўп қаватли уйлар, маҳаллалар, магистрал, асосий йўллар ва кўчаларда кенг кўламда дезинфекция ишларини олиб бориш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларимиз ҳаёти хавфсизлиги, саломатлигини таъминлашдан иборатдир.
Вилоят фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, миллий гвардия бошқармалари, Наманган ҳарбий прокуратураси ҳамда санитария- эпидемиологик осойишталик маркази масъул ходимлари эрта тонгдан Наманган шаҳридаги “Чорсу” деҳқон бозори ҳудудида йиғилдилар.
Дастлаб, асосий машғулотларга киришишдан аввал секторларга ажратилган мазкур йиғма батальон шахсий таркиби томонидан ҳудудларда дезинфекция ишларини сифатли олиб бориш бўйича иштирокчиларга зарур кўрсатма ва йўл-йўриқлар берилди.
Мазкур профилактик тадбирга замонавий махсус техникалар, 100 дан ортиқ дезинфекция аппаратлари ажратилди. Улар ёрдамида бозорлар, савдо дўконлари, кўчалар, шифохоналар дизенфекциядан ўтказилди. Машғулотлар давомида бутун дунё тажрибасидан келиб чиқиб, гипохлорит натрий, биоактив хлор, супер хлор, Жавил-Д каби дори воситалари аралашмасидан кимёвий суюқликни тайёрлашда эътибор қаратиш лозим бўладиган муҳим жиҳатлар ҳам инобатга олинмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур кимёвий аралашма ўз таркибида 50 фоиз актив хлорни сақлайди. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, барча турдаги зарарли вирусларни йўқ қилиш имконини беради. Таъкидлаш жоиз, амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар ягона мақсадга қаратилган. Бу ҳам бўлса, халқимиз саломатлигини асраш. Албатта, ҳамжиҳатликда олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда COVID-19 устидан тезроқ ғалаба қозониш, коронавирус инфекциясини тўлиқ енгишга хизмат қилади.
Бу борадаги ишлар вилоятнинг Наманган шаҳри ва барча туманларида давом эттирилмоқда.
Қаҳрамон САТТОРОВ,
Наманган вилоят ОАВ ва ЖТБҲҚГ бошлиғи,
катта лейтенант