БАЛИҚЧИЛИКДА СУПЕРИНТЕНСИВ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

  • Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бугунги коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин шароитида навбати билан туманларда бўлиб, жойларда қишлоқ хўжалигида ишларнинг бориши, хусусан, томорқа ерлардан фойдаланишнинг аҳволи, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини атрофлича ўрганмоқда ва юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиламоқда.

Мингбулоқ туманида вилоят раҳбари балиқчилик соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, тумандаги балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари билан мулоқот ўтказди.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Руҳилло Қурбонов иштирокида ташкил этилган учрашувда Мингбулоқ туманида суперинтенсив балиқчилик технологиялари жорий этиш лойиҳаси бўйича режа ва вазифалар муҳокама қилинди.

Учрашувда илғор балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари билан бамаслаҳат туман ҳудудида 15 гектар майдонда суперинтенсив балиқчилик технологиялари асосида сунъий сув ҳавзаси ташкил этишга келишиб олинди. Мазкур сунъий ҳавза имкониятларидан келиб чиқиб туманда фаолият олиб бораётган етакчи балиқчилик хўжаликларига бўлиб берилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги усул ҳар сунъий ҳавзанинг ҳар гектарида 50 тоннадан ошириб балиқ етиштириш имкониятларини очади. Бундан ташқари янги балиқчилик мажмуасидан балиқ савдоси ҳамда балиқ таомларига ихтисослашган овқатланиш шахобчалари ҳам ўрин олади.

Бугунги кунда туманда 135 та балиқчилик хўжалиги тасарруфидаги 4 минг 600 гектар майдонда балиқ боқилмоқда. Шундан 1 минг 800 гектари табиий кўллардан иборат бўлиб, амалдаги экстенсив балиқчилик усулида гектаридан ўртача 2,5-3 тонна маҳсулот олинмоқда.

Учрашувда тумандаги барча балиқчилик ҳавзаларида икки йил давомида босқичма-босқич суперинтенсив технологияларни жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Акрамжон САТТОРОВ.