КЎРИНМАС БАЛОДАН ҲАЗИР БЎЛИНГЛАР, БОЛАМ!
- Чортоқ туманининг Султон Увайс Қараний зиёратгоҳига туташ Созсой қишлоғида истиқомат қилаётган 100 ёшли Салмахон момо Ниёзалиева дуони шундай бошладилар.
Немис фашистлари уруш очиб, юртимизга бостириб кирганида 21 ёшда эдим. Сочларимизга сочпопуклар илиб, қош кўзимиздан ўсма сурмани, қўлимиздан хинани узмасдик. Замон жа яхши бўлмаса ҳам тинч осойиш кунларнинг шукронаси баланд эди.
Номинг ўчгур уруш мусибатидан тўлғин тўлғин келину қизлар ойнага қарашни ҳам эп кўрмай қолди. Кўнглимизга ҳеч нарса сиғмай қолди. Гарчанд урушнинг дастлабки кунларида ким эрини, ким отасини, ким ўғлонини урушга кузатиб, “фронтовикнинг онаси”, “фронтовикнинг хотини” бўлиб, кўксини кергандай ҳам бўлди. Аммо кўп ўтмасдан “Қора хат”лар кела бошлагач, бешикдаги бувакларимизгача ваҳима қўпди.
Урушга опкетиб қолади, деган ваҳм билан бўйи чўзилган ўғлини яширишга уринган ким, касалдан эндигина чиқди ку, деган ўй билан жрини яширган ким эди.
Онани яратмасин экан, суқсурдай ўғлини тўй тўй орзулари билан фронтга кузатиб, кулган кўзини ю, бўлиб бутган бўйини қайтиб кўрмасликка маҳкум бўлганлар фашистларнинг адабини ўзим берайин деб фронтга отланиб қолди.
…Мана ер, мана кетмон! Фронтга сиз эмас, сизнинг буғдойи ҳосилингиз керак. Қасд оладиганлар етарли, уларга озиқ зарур..! дейишди.
Тўғрида, бўш қоп тикка турармиди, болам а.
Ундоқ бўлса, далада ишлаганим бўлсин, дея ичкари эшикдан қиёламаганлар ҳам далага чиқди.
Мана, тилла балдоқ, мана, ёқут кўзли узукларим, деди саф саф жувонлар. Фронт учун, ғалаба учун мулки мерослардан ҳам кечворганлар бўлди.
Бир чўмич атала учун ўзини далага уриб, меҳнатдан паноҳ топганлар эдик. Уй даҳлизи ўчоқсиз бўлмасди, у даврларда. Шом намозини азон чақириғиданмас, ўчоқлар мўрисидан чиқаётган Отамов отам, боламов болам, деган фарёдлардан билардик.
Уруш тугади, ғалаба кунлариям ўтди. Аммо ситамлар тугамади. Урушдан кейинги очарчилик, қаҳатчилик кунларини унутиб бўладими я?! Шўро тузумида қутурган кўппакларнинг ўдағайлашлари ҳам асло кун кўрсатмаган, элимизга.
Бу омон омон кунларгача бошимиздан не не савдолар ўтмади ю...
Кошонадай уй жойлару шоҳона кийм кечаклар, тукин тукин дастурхонлар билан ҳам ишим бўлмай қолган. Нимагаки, тинчлик осойишталик бўлмаса. Бу борликлару бойликлар нима қиберарди!?
Тилвизирри кўзим кўпам илғамайди. Аммо Пошшонинг гапини эшитаман. Отингдан ўргилай Ислом Каримов, отингдан ўргилай Шавкат Мирзиёев, дейман. Халқни имонга чорлаб, жуда доно гапларни айтишади. Умри узоқ бўлишсин! Раҳмат.
Йигирма кунча бўлди. Олдимга одам кирмай қўйди. Навараларим оғзига ниқоб тутиб олган. Ичим ғашланиб, сўрадим, қўни қўшнилар тинчми, кунда шунда тимирскиланиб кириб чиқаётганлар қани, дедим.
Бир микроб тарқалди, дейишди. Онгим билан қулоқ тутсам коронавирус экан. Вабони сингари юқумлик эмуш. Пошшони гапини эшитдим. Сабр қаноат билан тоза юриб, тоза турганга юқмайдиган бир иллат экан.
Не не мусибатли кунларниям сабр қаноат билан енгиб ўтган эл бу. Ўқишдаги невараларим ҳам уйда. Бу юртдан у юртга ишлагани борадиганлари ҳам шунда.
Катта қизим Худо раҳмат қилгур Норхондан етти ўғил қиз қолган. Ҳаммаси ўзидан кўпайишганичун бўй бўйлашиб кеб турса бировини танийман, бировини танимай ҳам қоламан. Кейинги қизим Каримабу ҳам туп қўйиб палак ёзган. Ҳаммаси зим тушиб, жим. Ўринбойимнинг бола бақраси билан овуниб ҳаб ўтирибман.
Энди бу янги касалликдан келсак, хушёр бўларканмиз. Қўлни ювиб юриш, ҳа деб юзга ё бошга тегинавермаслик асли шаърий одатларимиз. Унардан унмас кўчага кетаверишдан оёғимизни тийсак, нимаси малол?!
Локигин, айнанайин болам, бу тожли вирус деганлари кўринмас бало экан, ҳазир бўлинглар! Аллоҳ ҳам асранганни асрайди. Худоё Худовандо, бу иллат касофатларидан Яратган эгамнинг ўзи йироқ қилсин! Жумлаи мўминни, қаторида юрту элимизни ҳифзу ҳимоясида тутсин. Омон-омон турмушимиз бардавом бўлсин!
Носиржон ДЕҲҚОНОВ ёзиб олди.
Телефон орқали суҳбатни момонинг 70 ёшни мўлжаллаб турган ўғиллари Ўринбой БАҒИШЕВ ташкил этиб берди.
Айрим техник носозликларга қарамай, онлайн суҳбат ва суратга олишдаги кўмаклари учун табаррук момонинг набираларига таҳририятимиз номидан ташаккур изҳор қиламиз.