УЙДА ВАҚТИНГИЗНИ БЕКОР ЎТКАЗМАСЛИК – МУВАФФАҚИЯТ КАЛИТИДИР!
- Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси синовли бир даврни бошдан кечирмоқда. Бутун башарият коронивирус инфекцияси билан шиддатли равишда курашиб бормоқда. Афсуски, ушбу касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.
Қайд этиш жоиз, юртимизда пандемияни юртимизда кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга жиддий қаралмоқда. Бу борада Президент ва Ҳукуматнинг бир қатор фармон, қарорлари чиқарилди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида республикамизда тезкор амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланиб, мутасадди раҳбарларга аниқ вазифалар, тадбиркорлар ва аҳолига имтиёзлар берилди.
Коронавирус панедемиясига қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеселектор йиғилишида Президентимиз халқимизга, тадбиркорлар ва ёшларимизга яна бор мурожаат қилиб, хусусан бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчиларга қарата шундай деди: “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”
Карантин даврида ёшларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаган ҳолда уларнинг вақтини мазмунли ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Таълим муассасаларида масофадан билим бериш учун етарли шарт-шароитлар яратилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқлари орқали тажрибали педагоглар томонидан онлайн дарслар ташкил этилмоқда.
“Ҳар бир ёмонликнинг бир ҳикмати бор” бўлганидек, ушбу карантин даври ҳам республика таълим тизими учун янгилик бўлган масофадан ўқитишни амалиётда қўллашга имконият берди. Ушбу янги амалиёт талабаларга ўз билимларини мустақил ошириш, интернет тармоғидан ахборот излаб топшиш ва таҳлил қилиш кўникмаларини оширишга хизмат қилаётган бўлса, ўз навбатида профессор-ўқитувчиларни компьютер ва интернет тармоқларидан фойдаланиш тажрибаларини ошириб, интеректив усулларда дарс олиб бориш малакалари ривожланмоқда.
Бу борада олий таълим тизимида ҳам талабаларни масофадан туриб онлайн ўқитиш ишлари кенг йўлга қўйилди. Хусусан, Наманган муҳандислик-технология институтида талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун масофавий таълим дастурлари учун мўлжалланган масофавий таълим платформалари яратилди. Унга профессор-ўқитувчилар томонидан баҳорги семестр давомида ўқитиладиган фанларнинг маъруза матнлари, видеомаърузалари, талабаларни билимларини мустаҳкамлаш бўйича назорат тест-саволлари мунтазам жойланмоқда. Чекка ва олис қишлоқ ҳудудларида яшовчи талабалар учун интернет сифатини ҳисобга олиб, кафедралар ва таълим йўналишлари кесимида телеграм каналлари ишга туширилди. Бунда қўшимча маълумотлар талабаларга етказиб борилмоқда. Шунингдек, талабалар учун “Энг яхши китобхон” ва “Инновацион лойиҳалар ва ишланмалар” кўрик танловлари ташкил этилди. Ушбу танловлар бўйича талабаларга мутахассислар томонидан махсус вазифалар ва викторина саволлари бериб борилмоқда.
Бошимизга тушган айни синовли кунларда ёшларнинг таълим олишлари учун яратилаётган бу имкониятлар, албатта фарзандларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш ва саломатлигини асраш мақсадида қилинмоқда. Талабалар вақтдан унумли фойдаланиб, онлайн дарсларни доимий ўзлаштириб боришса, вақтни бесамар ўтказмаган бўламиз.
Шу ўринда ёш авлод вакилларидан Президентимизнинг ўқувчи ва талабаларга, сиз азиз фарзандларига йўллаган мурожаатларини ўзларига устувор вазифа ва шиор қилиб олишларини сўраб, олтинга тенг вақтни фақат билим олишга, онлайн дарсларни ўзлаштириб боришга ҳамда спорт ва жисмоний машқлар билан машғул бўлишларига чақириб қоламан.
Одилжон МАМАТКАРИМОВ,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
физика-математика фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати.