КАРАНТИН ҚОИДАБУЗАРЛАРИ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ
- Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш, профилактика чора-тадбирлари доирасида Наманган вилоятида ҳам COVID-19 вируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган сафарбарликда барча тегишли хизматлар узлуксиз фаолият кўрсатмоқда.
Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жумладан вилоят ички ишлар бошқармаси тизими ходимлари ҳам бошқа хизматлар билан бир қаторда жойларда ташкил этилган назорат-ўтказиш постларидаги туну кун навбатчилик жараёнида карантин қоидаларининг таъминланишида касбга садоқат ва ватанпарварлик намуналарини кўрсатмоқдалар.
Маълумот учун кўрсатиб ўтиш жоизки, 16 март кунидан бошлаб вилоятдаги жами 1 минг 359 та таълим муассасасида карантин эълон қилиниб, таълим олаётган 647 минг 399 нафар ўқувчига таътил берилди. Барча бозор, кўнгилочар маскан, ресторан ва ошхоналар, аҳоли кўп тўпланадиган хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Фақатгина озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ишлаб турибти. Карантинга олинган ҳар бир хонадонга бириктирилган ички ишлар ходимлари томонидан хонадан аъзоларининг кўчага чиқмаслиги, мазкур хонадонга четдан бўладиган ташрифлар қатъий назоратга олинган.
- Вилоятга кириш-чиқиш йўллари қатъий назоратга олинган, - дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизматининг раҳбари, капитан С. Болтабоев. - “Наманган” йўл-патруль хизмати масканида водий-пойтахт йўналиши тўлиқ ёпилган. Бундан ташқари, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш жойларида 59 та пост ташкил тилиб, ҳудудлар бўйлаб транспорт воситалари ва фуқароларнинг мақсадсиз юришига нисбатан чеклов чоралари татбиқ этилди. Хизмат ва бошқа ҳаётий зарурият юзасидан махсус рухсатнома билан ҳаракатланаётган транспорт воситалари эса постлардан тўлиқ дезинфекция қилинган ҳолда ўтказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари, кўрилаётган қатъий чораларга қарамай карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари бутунлай барҳам топмаяпти. Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар вилоят бўйича қоидаларга амал қилмаслик билан боғлиқ жами 2 минг 699 та холат аниқланган. Шундан 135 таси карантин ҳудудини ташлаб кетиш, 2 минг 454 таси тиббий ниқоб тақиш қоидаларини бузиш, 108 таси бошқа ҳолатлардир.
Жумладан, 10 апрель кунига қадар махсус рухсатномасиз ҳаракатланган, тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқарган, карантин қоидаларини бузган 1057 нафар ҳайдовчи аниқланиб уларга тегишли автомашиналар жарима майдонига тортилди. Ёки 9 апрель куни вилоят бўйича 166 та карантин қоидаларини бузиш ҳолати қайд этилди.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар энг кўп қоида бузиш ҳолатлари Наманган шаҳри (42 та), Чортоқ (22 та), Учқўрғон (19 та) ва Косонсой (18 та) туманларида қайд этилганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, огоҳлантирилишларга қарамай мототранспорт, велосипеддан фойдаланаётган фуқароларга ҳам қонуний чоралар кўрилмоқда. Транспортнинг мазкур турларига чеклов жорий қилинган 6 апрель санасидан бугунга қадар 405 та велосипед, 15 та мототранспорт ва 6 та скутер фойдаланувчиларига нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, ушбу мототранспорт ва велосипедлар карантин муддати тугагунга қадар жарима майдонига тортилди.
Акрамжон САТТОРОВ.