April 23, 2020

МИНГБУЛОҚ КАСАНАЧИЛАРИ ЭКСПОРТГА ЧИҚДИ

  • Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, касаначилик фаолиятини ривожлантиришнинг янги усули жорий этилди.

Маҳаллий тадбиркор Мукаррам Босаралиеванинг ташаббуси билан маҳаллалардаги имтиёзли кредит асосида тикув машиналари билан таъминланган аёллар бир ерга жамланди. Туман ҳокимлиги тадбиркорни ҳудуддаги бўш турган бинолар билан таъминлади ва мазкур бинолардан касаначи-тикувчиларга турли ўлчамдаги майдонлар ажратиб берилди.

Туман бўйича турли ҳудудларда ташкил этилган 11 та шундай цехда цех майдонидан келиб чиқиб 10 нафардан 60 нафаргача, жами 250 дан зиёд хотин-қиз ўз тикув машинасини олиб келиб иш бошлашди.

Янги ташкил этилган корхонада ишбай ҳақ тўлаш асосида тиббий ниқоблар тикиш йўлга қўйилди. Ҳозирда жамланмада касаначилик корхонасида кунига 60-70 мингдан кўпроқ ниқоб тикилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулот маҳаллий савдо тармоғига, Қизил Ярим Ой жамиятига ва эътиборлиси Россия давлатига етказиб берилмоқда.

Ниқоблар ишлаб чиқариш мавсумий эканлигидан келиб чиқиб, тадбиркор М.Босаралиева келгусида махсус иш кийимлари ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бу билан йил якунига қадар ишловчилар сонини 500 нафарга етказиш кўзда тутилган.

Акрамжон САТТОРОВ.