April 15, 2020

СОЛИҚ АУДИТИ НИМА?


2019 йил 30 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан тасдиқланган Солиқ кодексига асосан бир қатор замонавий ва чет эл илғор тажрибаларига мос бўлган солиқ назорат турлари йўлга қўйилди. Шу жумладан, солиқ аудити.

Ўринли савол туғилиши мумкин: Солиқ аудити қандай назорат ва кимларда ўтказилади? Бу саволга вилоят ДСБ солиқ текширувлари ва мавзули экспресс ўрганишлар ўтказиш бўлими бошлиғи Орифжон НАБИЖОНОВ жавоб беради.

- Солиқ аудити муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланишини ва тўланишини ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдир.

Солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

- солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаган ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилган солиқ тўловчиларда;

- солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда (солиқ агентларида);

- ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларда.

Солиқ аудити Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган низом асосида ўтказилади. Аудит бошланган сана солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кун ҳисобланади.

Шу вақтдан бошлаб солиқ тўловчи томонидан текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди. Бу ҳақида солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахс томонидан солиқ тўловчи ҳисобда турган солиқ органи хабардор қилинади.

Солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ солиқ тўловчига (солиқ агентига) шахсан тақдим қилинади ҳамда унинг шахсий кабинетига юборилади.

Солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахслар ўз ваколатлари доирасида бухгалтерия ҳисоби қоидаларига мувофиқ мол-мулкни инвентаризация қилишни ташкиллаштириш, солиқ тўловчилардан солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш учун зарур бўлган ҳужжат ва маълумотларни, шу жумладан, электрон шаклда ҳам тақдим этишларини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кассани ва товар-моддий бойликлар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган жойларни икки кундан ортиқ бўлмаган муддатга ёки икки кундан ортиқ муддатга эса суд қарори асосида муҳрлаши мумкин. Солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг раҳбари ва таъсисчилари билан суҳбат ўтказиш ҳамда тушунтиришлар олиш, ҳужжатларнинг давлат тилидаги таржимасини талаб қилиш, заруратдан келиб чиқиб белгиланган тартибда сайёр солиқ текширувини ташкиллаштириш, солиқ органи ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига ҳудудларга ёки биноларга (турар жойлардан ташқари) киришига тўсқинлик қилинган, солиқ тўловчи рўйхатга олиш маълумотларида кўрсатиб ўтилган манзилида жойлашмаган тақдирда, солиқ органлари ўн кундан кўп бўлмаган муддатга солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб турадилар.

Солиқ тўловчи томонидан солиқ органларининг солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахсларини ҳудудларга ёки биноларга (турар жойлардан ташқари) киришига тўсқинлик қилинганда ёки солиқ тўловчининг у маълум қилган манзилида йўқлиги қайд қилинганда солиқ аудитини ўтказаётган солиқ органининг мансабдор шахслари ўзида мавжуд ахборотлар, шунингдек бошқа шу каби солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқлар ва йиғимлар суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлашга ҳақли.

Солиқ тўловчи томонидан солиқ аудити якунлангунига қадар ҳудудларга ёки биноларга кириш ҳуқуқи берилган, шунингдек талаб қилинган ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, солиқ органларининг солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахслари солиқ аудитини тақдим этилган ҳужжатлар (маълумотларни) асосида ўтказади.

Г. БУВАМИРЗАЕВА ёзиб олди.