May 10, 2020

ТОШКЕНТ ТЕЛЕМИНОРАСИНИ ЧАҚМОҚ УРГАНЛИГИ ЮЗАСИДАН РАСМИЙ ИЗОҲ БЕРИЛДИ

Тошкент, Телеминора. 2020 йил 8 май. Сергей Урунбаев олган сурат

  • Жорий йилнинг 8 май куни интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда баландлиги 375 метр бўлган Тошкент телеминорасини чақмоқ ургани ҳақида хабарлар ва чақмоқ уриши жараёни акс этган видео тарқалган эди.

«Дарё»нинг ёзишича, «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси томонидан ушбу ҳодиса бўйича расмий изоҳ берилган.

«Тошкент шаҳрида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити вақтида Тошкент телеминорасига тўғридан-тўғри чақмоқ уриш ҳодисаси содир бўлмаган, яъни видео олинган ракурсдан чақмоқ урганлиги қайд этилган бўлса-да, аслида чақмоқ содир бўлиши телеминорадан маълум бир масофада бўлиб ўтганлигини билдирамиз», — дейилади изоҳда.

Шунингдек, таъкидланишича, Тошкент телеминорасида бугунги кунда барча техник қурилмалар барқарор ишламоқда ва аҳолига рақамли телевидение ҳамда радиоэшиттириш дастурлари узлуксиз тарқатиб келинмоқда.

«Республикамизнинг ноёб архитектура иншооти бўлмиш Тошкент телеминораси кучли чақмоқ уришига қарши ҳимоя тизими ва ерга уланиш контурлари билан таъминланган. Шу сабабли, чақмоқ урган тақдирда ҳам, ҳеч қандай хавф ва хавотирга асос йўқ», — дея хулоса қилинади расмий изоҳда.

Маълумот учун: Тошкент телеминорасини 2019 йилнинг июнь ойида ҳам чақмоқ ургани кузатилган.