"ИЛҲАҚ" – НЕГА ЯХШИ ФИЛЬМ?
Кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ва Ҳасан Тошхўжаев ҳаммуаллифлигида ёзилган сценарий асосида тасвирга олинган "Илҳақ" фильми Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, Хонобод қишлоғида яшаб ўтган Зулфия ая Зокирова тақдири хусусида ҳикоя қилади. Мазкур картинада онахоннинг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан қайтмаган фарзандлари Исоқжон, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон ва Юсуфжон, фронт ортидаги машаққатни ўз елкасига олган тўрт келинининг қисмати кўрсатилади. Фильм "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига кўра "Эзгу фильм" киностудияси томонидан бир йил давомида суратга олинган.
Жаҳонгир Аҳмедов мақола муаллифига эҳтиёткорлик билан қараяпти
Кинокартинанинг бош ютуғи шундаки, унинг барча ижодкорлари ўз ишига масъулият билан виждонан ёндашган. "Илҳақ" ўз ижодини маиший комедиялардан бошлаган режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг карьерасидаги энг яхши асар. Аҳмедов нақадар мураккаб мавзуга қўл ураётганини англаган ҳолда ўзи ва бутун ижодий жамоага нисбатан қатъий талабчанлик билан ишга киришган. Афсуски, бугунги кун ўзбек киноси учун бу кам учрайдиган ҳолат. Бизникилар “бўлаверади” принципи асосида ишлашга кўникиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзи бир кап-катта режиссёрларимиз ҳам очиқчасига халтура қилишга уялмайдилар. Ўзбек киносининг офати – “конфетлар” балоси ҳақида-ку гапирмасак ҳам бўлаверади. Барибир фойдаси йўқ.
Фильм оператори Жаҳонгир Ибрагимов ваниҳоят чиройли тасвирлардан воз кечиб, фильм драматургиясига хизмат қилувчи кинематографик кадр яратишни бошлагани бизни қувонтирди. Шунингдек, рассомлар бригадасининг иши ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.
Гарчи фильм классик структура асосида яратилмаган бўлса ҳам, томошабин эътиборини йўқотмайди. Классик структурага кўра, фильмда аниқ мақсадга эга бўлган бош қаҳрамон ўз мақсади сари интилар экан, йўлда учраётган қийинчиликларни енгиш жараёнида характери шаклланиши керак. Бу – драматургия асослари бўйича ёзилган барча ўқув қўлланмаларининг олтин қоидаси. Аммо “Илҳақ” бу қоидани бузади.
Фильмнинг бош қаҳрамони Зулфия ая эмас, балки бутун ўзбек халқи, ўз жасорати ва қўрқоқлиги, ютуқ ва камчиликлари билан. Фильм давомида биз урушга бир эмас икки марта борган аскарни ҳам, урушдан ўз ўғлини олиб қолган раисни ҳам, беш фарзандининг ўлимини мардонавор қарши олган онани ҳам, аламидан қора хат келтирган ногирон почтачини урган хотинларни ҳам кўрамиз. Режиссёр ҳеч кимга ён босмайди, имкон қадар холис позицияни эгаллашга уринади. Барча персонажлар оддий инсон, хом сут эмган банда, хато қилишга ҳақли. Ҳатто Зулфия ая ҳам ҳеч кимга кўрсатмаган ҳолда Худога йиғлаб нола қилади. Чунки у – ожиз она. Фарзандларининг тақдирини ўзгартириш унинг измида эмас.
Структура жиҳатидан фильм адабий романни эслатади. Бир нечта тақдирлар ўзаро қоришиб, алал-оқибат ўзбек халқининг типик образини томошабин кўз ўнгида гавдалантиради. Ким нима деса десин, аммо режиссёр ушбу драматургик линияларни баён этишда адашмаган, чалкашмаган. Фильм ҳикоясида узуқ-юлуқлик йўқ. Гарчи фильмда интрига бўлсама-да, воқеа нима билан бошланиб, нима билан тугашини олдиндан билсангиз ҳам, қаҳрамонлар тақдирини қизиқиш билан кузатасиз.
Аксарият режиссёрлар орқа планга икки дона актёрни қўйишга эринган замонда Жаҳонгир Аҳмедов оммавий саҳналарга алоҳида талабчанлик билан ёндашади. Буни фильм аввалидаги Фарғона каналининг қурилиш лавҳасида ҳам, фронт саҳналарида ҳам, қишлоқ ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи эпизодларда ҳам кузатиш мумкин.
Ижодкорлар собиқ иттифоқ раҳбариятини ҳам, немис фашистларини ҳам ёппасига қоралашдан тийиладилар. Вақти келиб тарих ҳаммасини ўз жойига қўйиб қўяди. Зулфия аянинг фарзандлари ватан учун эмас, ўз оиласи учун қон тўкканлар. Шу сабаб асарнинг финал қисмида урушнинг тугагани, советлар душман устидан ғалаба қозонгани эълон қилинганидан ҳам Зулфия ая суюнмайди. Беш фарзандининг бирортаси урушдан қайтмаганига ўкинади...
Табиийки, фильмнинг камчиликлари ҳам бор. Зулфия аянинг кенжа ўғли Юсуфжонга кўпроқ вақт ажратиш керак эди, Йигитали Мамажонов ижросидаги андижонлик йигит образи бироз тўмтоқ бўлиб қолган, баъзи саҳналарда йиғи-сиғи кўпайиб кетган, совет плакатларида Times New Roman шрифти ишлатилмаган. Аммо бу каби камчиликлар фильмнинг ютуқлари олдида йўқ бўлиб кетади. Умуман олганда, камчиликсиз иш бўлмайди-ку, тўғрими?
Зулфия Зокирова ва унинг фарзандлари
Мазкур асар йиллар ўтиб халқимизнинг севимли кинолари орасидан жой олишига ишонамиз. Шу сабаб “Илҳақ” картинасининг барча ижодкорларига ва айниқса режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов, продюсер Зафар Йўлдошев, жанг саҳналарини Беларусда суратга олишда кўмак берган "Ўзбекфильм" киностудияси директори Фотиҳ Жалолов ҳамда ўтган йили фильмни ишлаб чиқаришга туширган “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг собиқ директори Фурқат Зокировга катта раҳмат айтмоқчимиз. Вақт ва шароит бўлса бизникилар ҳам яхши кино ишлай олади. Вақт ва шароит бўлса...
Шу одамларга биздан битта чойхона. Карантин тугаганида.
Мақола "КиноЛаборатория" телеграм-каналидан олинди.