ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА НАМАНГАН ШАҲАР ДХМ ҚАНДАЙ ИШЛАМОҚДА?

  • Бугун Ўзбекистонда коронавирус пандемияси аниқлангани боис карантин эълон қилинганига бир ойдан ўтди. Мана шу вақт фуқароларимизни кўпгина синовлардан ўтказди.

Аввало, халқ бўлиб бирлашишга, ҳамжиҳат, бамаслаҳат билан касалликка қарши курашишга ундамоқда. Карантин даврида Президентимиз ҳамда ҳукумат бошчилигидаги махсус комиссиянинг тавсия ва кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда уйда ўтириш, ўз-ўзини яккалашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугун ҳар бир ватандошимиз билдики, касалликка қарши ягона вакцина - бу уйда бўлиб, тозаликка риоя қилиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиб, оила даврасида бўлишдир. Аммо, шундай ташкилот ва корхоналар борки, улар ҳатто пандемия даврида ҳам тўхтамай ишлашлари зарур бўлади.

Ўзбекистонда янгидан ташкил этилган тизим Давлат хизматлари агентлиги ва унинг таркибидаги 200 дан ортиқ марказлар худди ана шундай таҳликали вазиятда ҳам аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатларига керакли маслаҳат ва кўмак бериб келмоқда.

Таҳлилларга эътибор берсак, ўтган бир ой давомида юртимиз бўйлаб карантин давом этаётган бўлса-да халққа, хусусан, Наманган вилоятида 10 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Бу шунчаки рақамлар эмас. Бу таҳликали вазиятда ҳар бир хизматчи ҳаётини хавф остига қўйиб кўрсатилган давлат хизматидир.

Юртимизда 15 март куни коронавирус билан касалланган илк бемор аниқланган эди. Шундан сўнг тизим раҳбарияти томонидан, аввало, ходимлар хавфсизлиги учун оралиқ масофа сақлаган ҳолда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатма берилди. Бу ҳали карантин эълон қилинмаган пайт эди. Тасаввур қилинг, йирик шаҳарлардаги марказларда кунига 500-800, ҳатто 900-1000 нафаргача, энг чекка туманларда эса 200-300 нафаргача фуқаролар давлат хизматини олиш учун марказларга ташриф буюради. Демак, ушбу муассасалар вирус тарқалиши учун энг қулай масканга айланиши мумкин бўлган объектлардан бири эди.

Ўйлашга ҳам қўрқади одам. Мабодо касаллик битта марказда пайдо бўлса, у вирусни юзлаб одамга юқтиради, уларнинг ҳар бири яна шунча фуқарога... Хавфли занжир пайдо бўлади.

Айни кунларда тизим раҳбариятининг ҳаловати йўқолди. Ҳар тонг ва иш якунида ҳудудий бошқармалар раҳбарлари билан онлайн режимда тинимсиз вазият ўрганилди. Карантин эълон қилингандан сўнг эса зудлик билан давлат хизматларига мурожаат қилувчиларни яккалаб марказга киритиб, хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Аввалида халқнинг навбат кўпайганига эътирози кучайди. Шу тобда онлайн хизмат кўрсатиш учун мурожаатлар қабул қилиниши бўйича пиар гуруҳнинг ижтимоий роликлари ҳар бир хизмат олувчининг мобил қурилмаларидаги телеграмм гуруҳига ташлаб берила бошланди. Йирик марказларнинг ҳувиллаб қолганига кўникиш қийин бўларкан.

Вазият шу даражада таранглашдики, ҳар соатда ОАВларда вирусга чалинаётган беморларнинг кун сайин ортиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Давлатимиз раҳбарининг халқимизга қилган мурожаати эса ваҳимасиз карантинни ташкил этиш учун одамларга катта далда бўлди.

Бу орада кўплаб ташкилотлар карантин туфайли ёпилиб, масофадан туриб ишлашга қарор қилинди. Чунки, у шахсий бўладими ёки давлат идораси ўзини вирусдан ҳимоя қилиш учун шу йўлни танлашга мажбур бўлди.

Давлат хизматлари марказлари эса бундай йўл тута олмасди. Чунки, зарурат юзасидан амалга ошириши лозим бўлган қатор юмушлар бунга йўл қўймайди. Туғилиш ва ўлим бор экан, уни қайд этиш ёки карантин даврида фуқароларга ҳамда тадбиркорларга зарур бўлган давлат хизматларини кўрсатиш муҳим эди.

Марказларда ҳар кунлик иш якунида дезинфекция ишлари амалга оширила бошланди. Ходимлар тиббий ниқоб ва қўлқоплар, антисептик геллар билан таъминландилар. Ҳатто марказга келувчи кексалар ва ногиронларга ҳам тиббий ниқоблар тарқатила бошланди. Ҳар бир мурожаатчининг тана ҳарорати муассасага кираверишда тепловизорлар билан ўлчанди. Аҳолига оралиқ масофада хизмат кўрсатилишига қарамай, бу вазият давлат хизматчиси учун ҳам, мурожаатчи учун анча хавфли эди. Ҳар тонг ходимларнинг Яратганга таваккал қилиб ишга киришишига гувоҳ бўлдик. Бу орада юртимизда касаллик юқтирган одамлар сони кунига 50-70 нафарга орта бошлади.

Март ойининг охирларида эса Республика махсус комиссияси мамлакатда автомашиналар ҳаракатланишига қатъий чеклов қўйди. Комиссия қарори билан карантин даврида аҳолига фақатгина дори-дармон, озиқ-овқат, етказиб бериш хизматлари учун автомашиналар ишлатилишига рухсатнома беришни Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш белгиланди.

Дастлаб, бир кунда Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига мингга яқин мурожаатлар келиб тушди. Ҳукумат қарори билан вилоят марказларида жойлашган давлат хизматлари марказига автомашиналарга рухсатномалар (стикер) бериш учун ваколат берилди, холос. Чунки, пандемия даври худди шундай йўл тутишни тақозо этарди.

Мурожаатлар шу қадар кўп эдики, ҳар бир ҳудудда бир-бирига яқин бўлган марказ ходимлари махсус стикерларни топшириш бўйича ишга жалб этилди. 20-30 нафар ходим туну кун ишлай бошлади. Энг ёмони, халқ ва тадбиркорлар автомашиналарига стикер олиш учун марказга катта оқимда кела бошладилар. Карантин қоидалари бузилаётгани қанчалик тушунтирилмасин, аҳоли бундай вазиятга тайёр эмасди. Автомашинаси бор одам, ҳеч йўқса бозор-ўчар қилиш учун стикер олишни хоҳлади.

Жуда таҳликали вазият...

Мурожаатчиларнинг хоҳиши амалга оширилмаётганидан фиғони фалак эди. Аммо, ҳудудлар раҳбарлари иложи борича ҳар бир фуқарога вазиятни тушунтиришдан чарчамадилар. Мурожаатларни кўришда қатъий шартлар белгиланди. Келиб тушган аризалар автоматик тарзда электрон тизим томонидан бошқариш йўлга қўйилди. Шундагина марказга келувчилар сони кескин камайди.

Ўн кундан ортиқ марказ мутахассислари туну кун уч сменада ишладилар. Шундай тобда кузатганимиз шу бўлдики, тизимда жонкуяр ходимларнинг меҳнати кўзга яққол кўринди. Қанчалик оғир бўлмасин, ҳар бир ариза ўрганилди. Стикер бериш тўхтаганидан сўнггина марказларда одамлар оқими камайди.

Таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу жараёнда 2 мингдан ортиқ рухсатномалар автомашина эгаларига марказлар орқали тақдим этилди. Айни кунда ҳам марказларга зарурат юзасидан келиб кетаётганларга карантин қоидаларига асосан давлат хизмати кўрсатилмоқда.

Тўғри, пандемия даврида фаолият юритиш қанчалик мушкул бўлмасин, тизим ходимлари бу юмушни сидқидилдан амалга оширмоқдалар. Энг асосийси, бу касалликни юқтирмаслик учун ҳимояланган соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари бежиз кетмади.

Балки, ҳали баралла айтишга вақт бордир, аммо касалликнинг энг урчиган даври ортда қолди ва бу касаллик тизим ходимларига ҳамла қила олмади.

Бу катта синов...

Давлат хизматлари Агентлиги халқимиз бошига келган офатни енгишда доимо бирга бўлгани, оғир вазиятда ҳам соҳа ходимларининг иш жойларида қолганининг ўзи тизимнинг Ҳукумат учун нақадар муҳимлиги ва ўзини оқлаганининг исботидир.

Дилноза ЗОКИРОВА, Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси