УН ТАЪМИНОТИ УЗИЛМАЙДИ
- Нон ўзбек дастурхонининг энг азиз неъмати. Кундалик одатий тановул чоғида ҳам, меҳмоннавозлик анъаналарига кўра ҳам дастурхонга аввало нон қўйилади. Азал-азалдан ҳар қандай оғир кунларда ҳам омборхонасида бирор қоп ун ёки буғдойи бор оилабошининг кўнгли тўқ бўлган. Шу маънода коронавирус пандемияси туфайли юзага келаётган мураккаб вазият, карантин шароитида дон маҳсулотлари корхоналарининг тўхтовсиз ишлаши аҳолини ун ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш баробарида ижтимоий барқарорликнинг муҳим омилларидан бири сифатида катта аҳамият касб этади.
Наманган бу йўналишда фаолият кўрсатаётган бир қатор корхоналар орасида “Учқўрғон дон маҳсулотлари” акционерлик жамияти ҳам алоҳида мавқега эга. Л.Отавалиев раҳбарлик қилаётган мазкур корхонанинг 500 кишилик меҳнат жамоаси эл бошига иш тушган бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам катта масъулиятни зиммасига олган ҳолда ишни давом эттирмоқда.
– Ишлаб чиқаришнинг бу йўналишидаги корхоналар ҳар қандай шароитда ҳам фаолиятини тўхтатиши мумкин эмас, – дейди корхона молия-иқтисод бўлимининг бошлиғи Ш. Ҳамидов. – Корхонамизда кунига ўртача 200 тонна ун ишлаб чиқарилиши нуқтаи назаридан ишимизни бир кунгина тўхтатиб туришнинг оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас. Шунинг учун ҳозирда юртимизда жорий этилган эпидемиологик хавфсизлик, карантин эҳтиёт чоралари талабларига юқори даражада амал қилган ҳолда ишлаб чиқариш суратини пасайтирмасдан фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Ш. Ҳамидов берган маълумотларга кўра, айни кунларда корхонада қатъий карантин шароитида иш ташкил қилинмоқда. 500 нафар ишловчидан 250 нафари вахта тамойилида ишлаш тизимига ўтказилган. Яъни, 250 киши корхонада ташкил этилган ва яшаш ва дам олиш учун барча зарур маиший, маданий шароитлар, қулайликлар яратилган ётоқхонада қолиб, уйга кетмасдан, ҳатто корхона ҳудудидан ташқари чиқмасдан ишламоқда. Белгиланган муайян муддатдан кейин навбатчилик алмаштирилиб, жамоанинг иккинчи ярми вахтага чиқади.
Ишловчилар уч маҳал бепул иссиқ овқат, кунига учтадан тиббий ниқоб, антисептик воситалар, совун билан таъминланмоқда. Корхонанинг барча цехлари, ҳудуди, ошхона ва ётоқхоналар, маъмурият бинолари мунтазам дезинфекция қилинмоқда.
2016 йилда Туркия технологияси асосида модернизация қилингандан сўнг йиллик 68 минг тоннадан зиёд ишлаб чиқариш қуввати яратилган корхонада жорий йилнинг биринчи чорагида 18 минг 500 тоннадан кўпроқ сифатли ун ишлаб чиқарилиб, истеъмол бозорига етказиб берилди.
– Тайёр маҳсулот пешма-пеш биржа орқали савдога чиқарилиб, нарх-навоси, тақсимланиши маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг қатъий назорати остида жойларда аҳолига етказиб бериляпти, – дейди Ш.Ҳамидов. – Бундан ташқари тегишли савдо шохобчалари, кўчма савдо ярмаркалари воситасида тасарруфимиздаги “Учқўрғон макарон”, “Учқўрғон қолипли нон”, “Норин қолипли нон” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ишлаб чиқарилаётган макарон ва қолипли нон маҳсулотлари билан ҳам карантин шароитида ўтирган юртдошларимиз таъминотига баҳоли қудрат ҳисса қўшилмоқда.
Шунингдек, корхонада ойига 2,5 минг тонна чорва озуқаси – омухта ем ишлаб чиқарилиб, чорвачилик билан шуғулланаётган хўжаликлар, талбиркорлар, оилалар эҳтиёжига етказиб берилмоқда. Полипрепилен қоп ишлаб чиқариш цехида тайёрланаётган қоплар корхонанинг ўз эҳтиёжидан ортиб, шу турдаги бошқа корхоналарга ҳам сотилмоқда.
Корхона маъмурияти томонидан қийин кунларда жамоанинг эҳтиёжманд аъзолари, шунингдек, тумандаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш тадбирларига ҳам алоҳида эътибор берилаётгани диққатга сазовор. Жумладан, каоантин даврида корхонанинг 100 нафар ишчиси озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборат ҳомийлик ёрламлари кўрматилди. Бундан ташқари вилоят “Меҳр-саховат” жамғармасига 32 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Мухтасар айтганда, “Учқўрғон дон маҳсулотлари” корхонаси жамоаси фаолиятида бугун тақозо этилаётган ҳамжиҳатликдаги фидойи меҳнат ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Акрамжон САТТОРОВ
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар