ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДАГИ ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДА НАШИДАСИ
- Қурол ва лашкарсиз дунёни эгаллаган COVID-19 пандемияси шароитида мамлакатда таълим жараёнлари тўхтаб қолмади. Синовли онлар янгича ишлашга, изланишга ва замонавий ақлли технология имкониятларидан унумли фойдаланишга ундади. Бу замон талаби. Айни шу пайтларда ўзбекистон шароитида онлайн мактаб, масофавий таълим бўйича ўзига хос тажриба тўплаб, амалий жиҳатдан янги методлар орқали замонавий соҳанинг пухта ўзлаштиришга барча педагоглар ўзларини сафарбар этган.
Наманган шаҳридаги 82-умумтаълим мактаби ўқитувчилари синовли даврларда икки ҳисса кўпроқ изланмоқда. Мактабнинг 110 нафар педагог-ўқитувчилари шундай вазиятларда таълимни онлайн тартибда олиб бормоқдалар. Фанлар бўйича мавзулар видео дарслик асосида 2170 нафар ўқувчиларга етказилмоқда. Мазкур таълим маскани шаҳар миқёсида ўқувчиси энг кўп мактаблар ўнталигидан жой олган. Бу эса билим маскани ўқитувчиларини тинимсиз изланишга ундайди.
Мактаб жамоаси белгиланган кўрсатмадагидек эмас, балки барчага ўрнак ва намуна бўлишдек ғайрат, яратувчанлик кайфияти билан олға интилади. Сабаби ҳар бир педагогни изланишга, тинимсиз ҳаракатга йўналтирувчи майдон марказида мактаб директори Маъсуда опа Мирзамованинг ўрни катта. Таълимнинг ричаг кучи деб шундайларни айтиш мумкин. Мактаб ўқитувчиларига бундай таърифни беришимиз бежиз эмас.
Вақтни ғанимат билган мактаб ўқитувчилари карантин давридаги изланишлари натижасида янги марраларни забт этаётгани қувонарли, албатта. Умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчилари Фарҳоджон Тожибоев, Мирфозил Мирзакаримов болалар ва ўқитувчилар учун ўтказилган “Время знаний” (Билим вақти) халқаро ва Бутунроссия онлайн олимпиадасининг “Чет тили ўқитувчисининг малакаси” даражасида 1-ўринни қўлга киритдилар.
Айни шу халқаро онлайн танловининг математика фани бўйича беллашган 5-синф ўқувчиси Шахриёр Маматханов ва 9-синф ўқувчиси Абдулбоқий Муҳаммаджанов 1-ўрин, 7-синф ўқувчиси Ҳожиакбар Раҳматуллаев 2-ўринни эгаллаб, ғолиблик дипломига эга бўлди.
Ўқувчи-ёшларни карантин даврида вақтларини мазмунли ўтказишлари, ижодий қобилиятларини янада оширишлари учун “5 та муҳим ташаббус” бўйича ўтказилаётган турли онлайн танловларида мактабнинг ижодкор ўқувчилари истеъдодларини намоён этмоқда. Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилаётган “Бешта муҳим ташаббус - Уйда”, “Уйимдаги таассуротларим” танловларига 9-синф ўқувчилари Моҳигул Тўрамирзаева “Энг яхши хонанда ўқувчи”, Равшан Раисов “Энг яхши китобхон ўқувчи” йўналишида иштирок этди. 8-синф ўқувчиси Маҳмуджон дадахонов “Энг яхши рассом ўқувчи”, 4 синфда ўқиётган Нодирбек Муродуллаев “Энг яхши чолғу ижрочиси” сифатида эътироф этилди.
Мактаб ўқувчиларининг юксак ғалабаларни забт этишида, албатта устозлари, шунингдек, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосарлари Муниса Эсонбаева, Холмамат Тожиаҳмедовларни хизмати катта.
- Синовли кунларни бошидан кечираётган Ўзбекистонда, жумладан, Наманган вилоятида ўқувчиларни масофавий онлайн дарслари билан қамраб олингани бу йўналишда бизлар билимимизни, малкамизни яна бир бор синовдан ўтказдик, - дейди директор ўринбосари М.Эсонбаева. – Устозимиз Маъсудахон Мирзамова бошчиликларида барча фан ўқитувчилари ўқувчиларга ўзлари тайёрлаган видео дарсликлар асосида онлайн сабоқларни бериб келмоқда. Айниқса Зоҳиджон Тожибоев, Раънохон Исмоилованинг “zoom” видео мулоқоти орқали ўтаётган дарсларини эътироф этиш ўринли.
Қандай шароит бўлишидан қатъий назар яратувчанлик ишқи билан яшаб, қийин вазиятларда ҳам юқори марраларни забт этиш чинакам фидоийлик асли. Шундайин заҳматкаш, ғайрати олов педагогларимизга тасанно айтсак кам.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, Наманган шаҳри