April 8, 2020

УЙ-ЖОЙ ОЛМОҚЧИМИСИЗ ЁКИ СУБСИДИЯ?

Давлат хизматлари марказларида уй-жой сотиб олиш учун эмас, субсидия олиш учун аризалар қабул қилинади.

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сон Фармонига асосан айрим шахсларга, шу жумладан кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлаш белгиланди.

Субсидия ўзи нима?

Субсидия - (лот. Subsidium — ёрдам, нафақа, қўллаб-қувватлаш) — давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар маблағлари ёки махсус фондлардан жисмоний ва юридик шахсларга, маҳаллий органларга, бошқа давлатларга бериладиган пул маблағи ёки натура шаклидаги ёрдамдир.

Бироқ, кўплаб мурожаатчиларимиз томонидан бу ҳолатни уй-жой олиш мисолида тушунмоқдалар.

Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган Фармон мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ҳамда уларга бу соҳадаги Давлат хизматлари марказлари вазифасини тушунтириш борасида кенг тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг шу кунига қадар 2 маротаба ваколатли орган ва жамоат ташкилотлари ўртасида йиғилиш ташкил этилиб, 3 маротаба Наманган шаҳар ҳудудидаги 16 маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Ўтган давр мобайнида Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига субсидия олиш юзасидан 380 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш юзасидан ваколатли органларга юборилди.

Фармонга кўра, қишлоқ жойларда — биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

шаҳарларда — дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Шунга кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, субсидия олиш учун ариза бериш муддати 1 октябргача этиб белгиланган. Ушбу муддат тугагандан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.

Ариза берувчи субсидия олиш учун исталган Давлат хизматлари марказларига мурожаат этиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали юбориши мумкин.

Мурожаатчи томонидан қуйидаги ҳужжатлар электрон тарзда илова қилинади ёки маълумотлар тақдим этилади:

а) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари (СТИР);

б) оила аъзоларининг СТИРи ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;

в) никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисидаги суднинг қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);

г) доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);

д) доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);

е) ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Кўрсатиладиган хизматлар ариза берувчиларга тўловларсиз амалга оширилади.

Мурожаат масъул ташкилотлар томонидан ўн иш кунида кўриб чиқилади.

Азиз ватандошлар!

Давлат хизматлари маркази ходимлари Сиз азизларга қулай, тезкор ва шаффоф хизмат кўрсатишга бел боғлаганлар.

Биз Сизга хизмат кўрсатишдан мамнунмиз!

 

Дилноза ЗОКИРОВА,
Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси