КАФТДЕК ЕРДАН 15 МИЛЛИОН СЎМ ДАРОМАД
- Коронавирус пандемияси туфайли озиқ-овқат хавфсизлиги янада долзарб аҳамият касб этган бугунги кунда томорқа ерлардан самарали фойдаланаётган юртдошларимизнинг ибрати таҳсинга лойиқ.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Мингбулоқ туманида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қилинаётган ишлар билан танишиш жараёнида Гуртепа қишлоғидаги Дилшодбек Неъматов хонадонида ана шундай ибратли ишга гувоҳ бўлди.
Хонадон эгаси 12 квадрат метр майдонда ташкил этган иссиқхонада декабрь ойидаёқ карам, булғор қалампири ва помидор уруғи сепган эди. Хонадон соҳиби ўтган вақт мобайнида униб чиққан кўчатларни саралаб қайта экиб, 100 минг тупдан зиёд кўчат тайёрлагани, айни экиш мавсумида 15 миллион сўмдан ортиқ даромад қилганини гапириб берди.
Шунингдек, 15 сотихдан иборат ҳовлининг томорқасига экилган карам ҳосил тугишга келгани, картошкалар етилиб қолгани Д.Неъматовнинг ердан фойдаланиш бўйича миришкор эканлигидан далолат бериб турибди. Бундан ташқари, хонадон эгалари томорқани гуллатиш билан бирга, асаларичилик билан ҳам шуғулланади.
Акрамжон САТТОРОВ.