КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШ УЧУН БАРЧА МАСЪУЛ!

"Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз зарур.   Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт".

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев. 

  • Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши сабабли инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритилиши ва айрим йирик корхоналарнинг тўхтатилиши, ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқаришига, халқаро савдо алоқаларининг издан чиқишига, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархларининг пасайишига ва бошқа жиддий қийинчиликларга олиб келмоқда.

Ушбу вазият ва омиллар глобал иқтисодият тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистонга ҳам зарарли таъсирини ўтказмоқда.

Маълумки, 2020 йилнинг 19 март куни Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш буйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фармон билан Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” ташкил этилди. Ушбу жамғарма маблағлари биринчидан, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича соғликни сақлаш соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш, иккинчидан, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, учинчидан, аҳолини қўллаб-кувватлашни кенгайтириш, тўртинчидан иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлашга йўналтирилади.

Шуни қайд этиш керак, Муҳтарам Президентимиз раислигида жорий   йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб қувватлаш  масалалари буйича ўтган видеоселектор йиғилишида, “Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда” деди.

Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилди. Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Четдан минглаб тест ва ҳимоя воситалари олиб келинмоқда. Жанубий Корея каби давлатлардан малакали шифокорлар келиб беморларни даволашда  иштирок этмоқда. Шифокорларимиз хорижий ҳамкасблари билан мунтазам видеомулоқотда бўлиб тажриба алмашмоқда. ОАВнинг барча тармоқларида коронавирус эпидемиясига қарши курашнинг коидаларини сақлаш бўйича доимий маънавий-маърифий кўрсатувлар намойиш этилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз ўз мурожаатида қанча огоҳлантириш ва  тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганини  афсус билан айтиш керак, деди.

Барчамизга маълумки, коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда қисқа даврда бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги  Қонуни қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган 244-5 моддаси билан тўлдирилди. Ушбу модданинг иккинчи қисмида бундай ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатганлиги учун оғирлаштирилган жавобгарлик кўрсатилиб, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Шу билан биргаликда, Жиноят кодексининг санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кўрсатилган 257-1 моддаси жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар билан янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёҳуд одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланишига олиб келса айбдор шахс бошқа алтернатив жазолар билан бирга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноятнинг жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлари сифатида ушбу қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш(2-қисм), агар айбдорнинг ўша қилмиши одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади(3-қисм).

Қайд этиш керакки, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши шундан иборатки, бу касаллик ҳеч кимни аямайди ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар чет эл тажрибасига эътибор қаратсак, ушбу қилмиш учун Италия, Испания, Франция каби давлатларнинг Жиноят кодексларида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, Хитойда эса ўлим жазоси ҳам кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишларга назар ташлайдиган бўлсак, уларни айни вақтнинг зарурли талаби эканлигига амин бўламиз. Кодекснинг “Маъмурий жазо” деб аталмиш учинчи боби “Маъмурий жазо ва мажбурлов чораси” этиб белгиланиб карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурий чорасини қўллаш кўрсатилган  29-2 моддаси билан тўлдирилди.

Унга кўра, ушбу шароитда санитария ва эпидемияга қарши курашиш коидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги 30 суткагача бўлган мажбурлов чоралари қўлланиши мумкинлиги белгиланди. Ушбу тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат Санитария назорати, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, бугунги коронавирус эпидемиясининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кўрсатилган 54 моддаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Ушбу модданинг биринчи қисмида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жавобгарлик кўрсатилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида бўлса, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида  шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария органларининг тиббий текширувдан ва белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарқ этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик учун жавобгарлик кўрсатилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирмадан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиздан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шуни қайд этиш керакки, қонун ҳужжатларига ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар  карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш; жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун етарли шароит яратиш; юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олишни амалга ошириш; санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик ва жазо муқаррарлигини англаш мақсадларида киритилди.

Сўзимнинг якунини  муҳтарам Президентимизнинг  3 апрель кунги халқимизга мурожаатида миллатнинг отаси сифатида масъулиятни сезган ҳолда ташвиш билан, ҳар бир инсон ва оилага меҳри ва эътибори билан чин қалбидан айтилган сўзларини яна бир бор таъкидлаб ўтиш зарур, деб ўйлайман.

“Ишонтириб айтмоқчиманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз" деди.

Ботир МАТМУРАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси