ПИЛЛАКОРЛАРНИНГ БУ ЙИЛГИ АҲДИ ҲАМ ҚАТЪИЙ!
- Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Учқўрғон туманида пиллачилик соҳасида олиб борилаётган ишлар, хусусан, инкубация цехида ипак қурти уруғи тарқатиш жараёни билан танишиб, соҳада карантин шароити муносабати билан вужудга келаётган муаммоларни бартараф этишга эътибор қаратди.
Барча соҳалар учун маълум қийинчиликлар туғдирган коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чораларига қарамай азалдан пиллачиликнинг ҳадисини олган Учқўрғон тумани пиллакорларининг шаҳди баланд. Айниқса, ҳар қандай иллатларнинг илдизи бўлмиш бекорчилик кайфиятига тушиб қолмаслик, оилавий бандликни таъминлаш ҳамда рўзғорга қўшимча даромад қилиш учун ҳам бу йил инкубацияга ипак қурти уруғи олиш ниятида келаётганлар кўплиги кўзга ташланди.
Ўтган йили Учқўрғон туманида 143 тоннадан ортиқ пилла етиштирилган бўлса, бу йил 3000 қутидан ортиқ ипак қурти уруғи тарқатилиб, 167 тоннадан зиёд пилла териш кўзда тутилган. Кластерлар томонидан ҳар бир қути уруғ учун аванс тариқасида 25 килограмм ун ҳамда 5 килограммдан ёғ тарқатиб, пиллакорлар меҳнати олдиндан рағбатлантирилмоқда.