Nasr_hikoya_qatra_xotira
October 25, 2023

Қўшни қиз...

Қизиқ... инсон севиб қолиши учун қандай жараён содир бўлиши керак экан-а? Умуман, ўзи севги қандай ҳодиса?

Мўйлови эндигина сабза уриб бошлаган Анвар сўнгги вақтларда кўзгу олдида анча хаяллайдиган бўлиб қолди. Борар жойи “Сувсиз кўприк”нинг нарги томонидаги мактаб, ҳар куни кўрадиган синфдошларининг бири қўшниси, бошқаси қишлоқдоши бўлса ҳам кўзгу олдида ҳаяжони ўзига сиғмайди. Яхшиям сочи товонини ўпадиган қизлари кўп “А” синифда ўқимайди. Бу унинг онасининг гапи...

Ҳар сафар ўғлини шу ҳолда кўрса:

– Ҳай-ҳай болам-а, яхшиям Жавлоннинг синфида эмассан, – деб кесатиб қўяди. Анварни шу тобда кўрсангизми, юзлари уятдан лов қизариб ўзини қаерга қуйишни билмай қолади.
Аммо у ҳозир кўчага чиқиши билан димоғига ўша таниш атир ифори урилдию... яна ўзини бошқара олмайдиган хаёлпарастга айланди қолди. Зебо!
– Бунча чиқишинг қийин бўлди. Хи, яна бошинга мой суртиб олдингми?
– А! Йўғе, салом. Нега унақа дейсан? Ҳалиги, биласанку шамолга сочим тузғиб кетаверади, шунга гел...
– Вой, шамол дейсанми? Ҳа, қани ўша сени тузғитадиган шамол?
– Менимас Зебо, сочимни...
Ҳижолатдан ерга қараганча овозини пастлатиб давом этади, – Шамол дейсанми, сен ичимдаги бўронни кўрсанг эди!
– А, бирор нима дедингми?
– Йўқ, эътибор қилма, ўзим шундоқ.
Бу уларнинг кундалик ҳаётининг бошланишининг бир қисми. Зебо Анварларнинг азалий ён қўшниси Ёрқиной момонинг яккаю ягона қизи. Раҳматли эри ёш кетди, аммо у бошқа турмуш қурмади, яқинларининг қанча унашига қарамай қизини ўйлаб ўзининг келажагидан воз кечди, фарзандини танлади.
Ҳа, бу фақатгина оналарда учрайдиган жасорат! Тўғри, бу жасорат Ёрқиной момога жуда қимматга тушди, унинг бу қароридан сўнг бир қанча қариндошлари у билан борди-келдини узган бўлса, жон жигарларининг ҳа деганда бор-йўғидан хабар олиб туришга “қўли калталик” қилди. Шу тариқа ёш жувон ёлғиз боши билан уриниб-суриниб эрка қизини шу ёшга етказди. Зебо эслолмайди, онасининг бошидан шундай кунлар ўтди-ки, уни опичлаб уй-ма уйюриб бировларнинг юмушларини ҳам қилди. Қишнинг қаҳратонида йўл чеккасида оёғидан зах ўтиб, саҳарлаб пиширган юпқасини одамларга ялиниб сотди. Ўзини ўйламади, ёмон йўлга кирмади. Кейинчалик қишлоғида  тикув фабрикаси очилди-ю, она-боланинг ҳам бошига офтоб тегди. Онаси фабрикага ишга кириб, қишнинг захидан қутулди, тани исиди. Зебони ҳам фабрика боғчасига жойлаштирди. Боласи тушмагурнинг оғзига ош тегди. Асталик билан моҳир тикувчи, иш бошқарувчи бўлди. Шу тариқа кичик оиланинг косаси оқарди.
Зебо онаси умид қилганидек бўлиб улғайди. Эсли-хушли, келишган, онасининг сўзидан чиқмайди. Борига қаноат қилади, йўқдан ҳам онасини хурсанд қила олади. Бир рузғорни обод қилгудек саришта қиз. Халқ тили билан айтганда қариндошлари орасида ҳам уни “кўз остига” олганлар кўп. Лекин онаси учун Зебо ҳалиям мурғак бола. Баъзида онасининг бу тарзидан Зебонинг ҳижолатдан юзи оловланиб кетади. Аммо Ёрқиной момонинг қизидан умидлари кўп!..

***
“Қалпоқ малим”ни қишлоқда ҳамма ҳурмат қилади. Маҳаллада уни кўрган одам борки, у билан сўрашиб, суҳбатга тортгиси, унинг тарзига монанд фикрларидан баҳраманд бўлгиси келади. Бир-икки нуронийнинг малим ҳақида чойхонада айтган гапи бор: “Ай, шу Нормуроджон билан гаплашсам худди радио тинглагандай бўламан-эй, ҳар балони билади, у билан вақтнинг қандай ўтиб кетганини ҳам билмай қоласан”.
Айнан шундай, Нормурод малим ким учундир радио, ким учун олим, яна ким учун оддий “Қалпоқ малим”. Кичкина жуссасига яраша чаққон, ойда бир марта шаҳарга чиқиб келадиган ва кўрганларини ёшу қари билан фикрлашадиган шу камтарин инсон адабиёт фанидан дарс беради.
Ҳозир ҳам у синфга кириб келиши билан синифдаги бозор шовқини бир зумда тинди. Синфдошларига қўшилиб Анвар билан Зебо ҳам ўрнидан туриб ўқитувчига салом берди.
– Ваалайкум ассалом! Ўтиринглар раҳмат, ўтиринглар. Хўш, йўқламага ҳожат борми ёки синфда йўқлар ўзи айтиб қўя қоладими? – Синфда самимий кулги кўтарилади. – Ана, кайфиятимизни ҳам яхшилаб олдик, энди ҳамма нарсани унутиб Лайли ва Мажнунга қулоқ тутамиз, – дея китобнинг ўтган дарсда орасига белги ташлаб қўйган қисмини очиб ўқий бошлади:


“Мактабга кириб келган гўзал Лайлини ҳурмат билан кутиб олган дўстлари ниҳоятда шодланишди. Лекин бу ҳаётбахш баҳор бир ниҳолни хазон қилди. Йўқ, йўқ, у ниҳолга бошдан-оёқ ўт туташди-ю, у ўтга, алангага айланди. Яъни қизнинг ҳусни жамолини кўрган Қайснинг чеҳраси қаҳрабодек сарғайиб, жисми заифлашди-ю, ҳушидан кетиш, йиқилиш даражасига етди. У ерга қулаб тушмаслик учун ўзини зўрға тутиб турарди. Соҳибжамол гўзал қиз ҳам бу маҳзун йигитни кўргач, унинг ким эканлигини фаҳмлади-ю, жонига ишқ ўти тушиб, нима қилишини билмай қолди,..”


Нормурод муаллим шу қисмига келганда Анвар қўлини ҳавога кўтарди.
– Устоз!
– Лаббай Анваржон, – қайси пайт савол туғилса, тортинманг, кейин ёдингиздан чиқиб кетиши мумкин, – деб ўзи рухсат берганлиги учун муаллим Анварга юзланди.
– Савол бермоқчи эдим, шунга...
– Сени эшитаман Анваржон, қандай саволинг бор эди?
– Ҳалиги, – Анвар ерга қараб, ҳаяжонини яширмоқчи бўлиб қўлидаги ручкаси билан беихтиёр дафтарига бир нималар чиза бошлади.
– Савол бераётганингизда ўзингизни эркин қўйинг, – муаллим бу сафар ҳижолати ортмаслиги учун атай Анварнинг исмини тилга олмади, – ахир орамизда бегона йўқ, қолаверса, ортиқча тортинчоқлик сиздаги иқтидорни беркитади. Шунинг учун фикрингизни очиқлашда, бошқача айтганда, илм излашда дадил бўлинглар.
Анвар эшитганларидан хулоса чиқариб, ниҳоят тилга кирди.
– Устоз, мен инсон севиб қолиши учун қандай жараён содир бўлиши керак, севги ўзи нима, деб савол бермоқчи эдим.

Давоми бор...