Қишлоқ мени...
...Карим отанинг ҳар тонги бир хил бошланади. Саҳар туриб қуёшнинг чиқишини кузатади. Йўқ, қишлоқда тонг ўзгача ёришмайди, қуёш тескари ҳам чиқмайди албатта. Шундай бўлса-да Карим ота бу одатини сира канда қилмайди.
Момоси тушмагур ўчоқ атрофида куймаланиб жаврагани-жавраган:
– Нима қуёш сизникига меҳмонга келармиди, ҳар тонг унинг қорасини пойлайсиз?
Шунда Карим ота ўйчан туриб айтади:
– Эй кампир, бу нурлар соф нурлар, беғубор нурлар, мусаффо нурлар. Ундан виждонинг покланиб қалбинг тозаради, кўнглинг ёришади, ёшаради. Ана ундан сўнг, бундай вужуд билан бемалол кўкни қучавер.
Бугун биз тараққиёт асрида яшаяпмиз. Ўз ўрнида ана шу тараққиётнинг меваси ҳисобланмиш техника кучи, янгича дунёқараш, замонанинг мода тусига айланаётган ўзгача одатлар ва янгича маросимлар чекка-чекка қишлоқларга ҳам жадал кириб бораяпти. Тўғри, буларнинг барчаси бу жойларга ўзгача руҳ, янгинамо тарз, бошқача кайфият билан оммалашади. Чунки ҳали момосининг лапарларию бобосининг ўгитга бой ҳикоялари қишлоқ ёшларининг кўз ўнгидан ўчгани йўқ. Агар қишлоқда Гулчин момонинг невараси тиззасидан ошириб куйлак кийса, уни кўрган Меҳри момо жим ўтиб кетолмайди. Дакки беради. У жойларда дуо текин. Саломга ҳам бир дуо, қаҳрга ҳам бир дуо: – “Мулла бўлинг”, “худо инсоф берсин болам”!
Шунинг учун ҳам мен қишлоқни ижод майдонига менгзайман. Ўз ижодкорини ўзи тарбиялайдиган, у яратган нодир асарларни ўзи меҳр билан сайқаллайдиган устоз ва мумтоз майдон. Бугун биз шу даргоҳ тарбиялаган кўп инсонларни таниймиз. Ерга уруғ сочиб эрта ундан нон кутаётган, чеҳраси офтобнинг жазирасидан қорайган ва кетмонининг дастасидан қўллари қадоқ бўлган бободеҳқон ҳам, у ясаган тандирларда онажонларимиз бизга иссиқ кулчанон илинадиган ҳунарманд ҳам ана шу даргоҳда улғайган.
Мен ҳатто шундай қишлоқни биламан. Уларда халқимизнинг “Наврўз” байрамини қишлоқ мактабининг фақат қирқ ёшга тўлган биттирувчи йигитлари кенг нишонлайди. Элга ош беради, маданий ҳордиқ учун таниқли санъатлорлар иштирокида концерт дастури уюштириб беради. У ерда бу қадриятни анъанага айлантиришган. Йўқса уларнинг ҳам иқтисодий тежамкорликдан хабарлари бор, аммо барибир шундай қилишади. Сабаби, бу қалбларда орият устун, бу жойларнинг одамлари бошқача. Тўйларга ёппа айтиш ҳам ана шундай қишлоқлар бешигида ўйғонган удим.
Тўғри, бугун олғир замонанинг нафаси чекка овулларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ, у жойларда ҳам айрим урф-одатлар, турмуш тарзи ва ёш авлод ҳарактерлари ўзгармоқда. Бир яхшининг ёмони шу бўлса керакда, сўнги вақтларда кўпгина қишлоқ жойларда ҳам аксарият ёш оилалар ўртасида ва уларнинг хонадонидаги турли хурсандчилик маросимларида, “мен сендан камми” шиори авж олмоқда. Улардан сўрасангиз, албатта, буни ўзларининг улкан орзу-ҳавасларига бориб тақайди. Қурбинг етса хўп майлику-я, бироқ буларнинг анъанавий урфга айланиб барчамизга даҳлдор бўлиб қолаётгани ўйлантиради кишини. Ахир бу жойларда ҳаёт бошқача эмасмиди, ахир бу каби кўринишларни қишлоқ инсонларининг тантилиги ва мардлиги ювиб кетмайди-ку! Бу ҳол эртага ёшлар ҳаётига салбий таъсир ўтказмаслигига ким кафолат бера олади! Ана шундай пайтларда Карим отанинг юраги тез уриб қолмасмикан?..
Ҳозир-ку ёшларнинг юраги тоза, айтганингга қулоқ тутади. Рост, бугун қишлоқ жойларда камол топаётган ўсмирларнинг ҳарактерлари бироз қўрс ва қўпол бўлиши мумкин. Аммо уларнинг барчасининг юраги Карим отадек инсонларнинг беғубор кўнгли ва пок виждони билан суғорлганлиги кишига таскин беради.
Қизиқ, гоҳида тошкентлик бувижон билан қишлоқлик момомнинг юзларидаги ажинларда, ҳаваскор ва моҳир рассомларнинг чизгиларини кўраманда, ҳайратларим билан ўзимча хулоса чиқараман: бу серновда чизгилар қишлоқдаги умрнинг мазмуни бўлса керак-да!