Sheʼriyat
December 5, 2023

Самарқандлик Барчиной...

                                                        
Катта бир қўрғоннинг ишқ мабудаси,

Алпомиш юртига соясин солди.

Алпларнинг макони, Сурхон эркаси,

Унинг ошиғиига айланиб қолди.

Орзулар тебраниб, оёққа турди,

Қулоққа лоларанг лаблар шивирлар.

Бахт, орзу юракка бир савол берди,

Бир зумдда очилди, қалбдаги сирлар.

Гулдек рухсорингга лол қолмай нечун,

Ўзимни сен атаб, уни сизладим.

Теграмда сўроқлаб турган бахт учун,

Умримнинг мазмунин сендан изладим.

Тўйғулар саркори, эшит мўйқалам,

Ишқ остонасида синмасин қаддим.

Расмин юрагимга чиз, менга алам,

Унга тик боқишга сиғмайди, ҳаддим.

Муҳаббат кўй чалар, жаранглар симча,

Ҳамоҳанг жур бўлиб, ишқ овозига.

Ифорин хис қилиб улгургунимча,

Дуч келдим тиконсиз гулнинг нозига.

Кел, эй ёр бир сафар дилим роз дегин,

Ҳа деб, қилавермай, шартларинг талаб.

Мен бахтлиман, дегим келар-у лекин,

Тушларим ўйғотар саҳар эркалаб.

Олис йўл ястанар, ер қучоғида,

Аҳду қароримга писанд эмас ул.

Йўл беринг пирларим сафар чоғида,

Зероки бахтимнинг гарови у гул.

Тақдир, чўмичингда  бахтим сўз қани,

Севгим сен далда бўл, тағин берма панд.

Бахшилар юртидан, бир сўз айтгани,

Келдим ҳузурингга, азим  Самарқанд!

© Ҳасан Абдуғанизода