Ҳаммасидан толиқди юрак,
Хоригани аёндир, тиниқ.
Муфассал бир янгилик керак,
Кўнгил куйик, кайфият синиқ.
Ичим дўнди кечаги кунга,
Келажак – бу адоғи йўқ йўл.
Сиртим сурат, кўникдим шунга,
Истакларим қилар таҳаммул.
Ҳали бисёр мудроқ хотира,
Тақдиримни солмадим изга.
Мен ҳақимда ўйламанг сира,
Ортиқ дохил эмасман сизга.
Толе битган қисматимдир шу,
Росту ёлғонидан кўнглим тўқ.
Зеро Ҳақдан инъом бу туйғу,
Бандасига бош урганим йўқ.
Ҳисобингиз кўпдир эҳтимол,
– Ҳали недан қилмадим жудо.
Мен-чи, афсус чекмасман алҳол,
Мени шундай яратган Худо!
24.02.2021
© Ҳасан АБДУҒАНИ