April 1, 2020

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚАРО ИСЛОМ АКАДЕМИЯСИ ЖАМОАСИНИНГ КАСБДОШЛАРГА М У Р О Ж А А Т И

Азиз касбдошлар!

Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Зеро, кўз илғамас қаттол хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Унга қарши турмоқ бамисоли ҳаёт-мамот жанги моҳиятини касб этмоқда. Охирги кунларда Курраи Заминда содир бўлаётган ташвишли воқеалар бундай хулосанинг айни ҳақиқат эканини тасдиқламоқда. “Коронавирус” деб аталмиш офат Аллоҳ таолонинг энг мукаррам хилқати – инсон ҳаётига чанг солмоқда. Унинг қурбонига айланганларнинг сони кунига минглар билан ўлчанмоқда ва, афсуски, мунтазам юқорилаб бормоқда. Воқеаларнинг бундай ривожи умумий душманга қарши бир тан, бир жон бўлиб курашишни ҳаётий заруратга айлантирмоқда.

Тарих далолат берганидек, айни шундай шароитларда ҳар қандай халқ ва миллат маънавиятининг туб моҳияти рўёбга чиқади, унинг ҳақиқий ҳикмати-донишмандлиги ўзини баралла намоён этади. Турли мамлакатларда кечаётган бугунги жараёнлар ушбу ҳақиқатни такрор ва такрор исботламоқда. Тобора глобаллашиб бораётган бугунги дунёда ҳеч бир юрт ва миллат ҳаётнинг мазмун-моҳиятини белгиловчи умумий жараёнлардан ташқарида қололмайди. Ўзбекистон ҳам ушбу қонуниятдан мустасно эмас, албатта. Шунинг учун ҳам давлатимиз элсевар (халқпарвар) Президентимиз раҳбарлигида бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмаган вазият тақозо этаётган зарур чораларни кўрмоқда. Умид қиламизки, улар кўзланган эзгу мақсадларни рўёбга чиқаради.

Лекин вужудга келган оғир вазиятни енгиш фақатгина давлатнинг иши эмаслиги, балки умуммиллий вазифа эканини яхши идрок этишимиз лозим. Бугун Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда тараннум этилган ва халқимизнинг қону жонига сингиб кетган инсонпарварлик ва меҳру мурувват каби фазилатларни намойиш этиш палласи келди. Бизга ризқ қилиб берилган неъматларнинг бир қисмини хайр-эҳсон қилиш ва бир-биримизга наф келтириш энг олий инсоний бурчимизга айланди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва вужудга келган мураккаб вазиятда халқимизнинг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамига ҳисса қўшиш маъносида жамоамиз аъзолари якдиллик билан бир кунлик иш ҳақини коронавирусга қарши курашда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашиш учун таъсис этилган Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди ҳисоб рақамига ўтказишга қарор қилди.

Асрлар оша миллат сарбони бўлиб келаётган зиёли касбдошларимизни мазкур ташаббусга қўшилишга даъват этамиз!