Тез тиббий ёрдам ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш қандай берилмоқда?
Тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимининг бир гуруҳ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги 458-сон Қарори асосида тез тиббий ёрдам бўлими ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш пулларини кам тўланганлиги, тез тиббий ёрдам бўлимида фелшер вазифасида ишловчи ходимларга 4 000 000 сўмдан берилиши кўрсатилган бўлсада, 2 000 000 сўмдан берилганлигидан норози бўлиб ҳамда қўшимча ариза орқали иш ставкаларини қисқартириб юборилаётганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июль кунги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 458-сон Қарорининг 3-бандида, Республикамизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларига қуйидаги миқдорларда бир марталик моддий рағбатлантириш тўловлари:
врач ходимларга ― 5 миллион сўм;
ўрта тиббиёт ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар)га ― 4 миллион сўм;
ҳайдовчиларга ― 3 миллион сўм.
Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган тўловлар 2020 йил 1 июнгача ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан тадбиқ қилинади, деб белгиланган
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 4 августдаги №06-14/493-сонли кўрсатма хатида, бир марталик рағбатлантириш тўловларини тўлашда қуйидаги асосий талабларга эътибор қаратилиши белгилаб қўйилган. Унга кўра:
-тўловлар тез тиббий ёрдам чақирув бригадаларида фаолият кўрсатаётган врач, анестезиолог-реаниматолог врач, фелдшер ва уларга бриктирилган санитаркалар ҳамда ҳайдовчиларга нисбатан тадбиқ этилади;
-тегишли тиббиёт ва бошқа ходимларига тўловлар уларнинг ҳақиқий иш юкламаси (штат) ставкасидан келиб чиқиб, бироқ 1,0 та (штат) ставкадан ортиқ бўлмаган ҳолда тўланади, деб белгиланган.
Аризада кўрсатилган важларни текшириш юзасидан Хонобод шаҳар аҳоли бандлигиги кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори иштирокида ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш давомида қуйидагилар аниқланди.
Ходим Усмонова Махбубахон 22.12.2004 йилги №139/к-сонли буйруқ билан бирлашма тез тиббий ёрдам бўлимига 1,0 ставка фельдшер вазифасига ишга қабул қилинган. Ўрганиш кунида фельдшер М.Усмонова 0,5 ставка бўйича ишлаб келаётганлиги аниқланди. М.Усмоновани иш вақтини қисқартириш учун розилик олинмаган. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 92-моддаси талаблари бузилганлиги, шунингдек, ушбу холат ТТЁБ фельдшери Охунова Ойдин 10.08.2000 йил кунги №35/к §43-сон буйруқ билан тез тиббий ёрдам бўлимига 1,0 ставка фельдшер вазифасига ишга қабул қилинган. О.Охуновани иш вақтини қисқартириш учун розилик олинмаган. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 92-моддаси талаблари бузилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, ТТЁБ фельдшер лавозимида ишловчи ходимлар Ф.Эргашева, М.Исакова ишга қабул қилишда ставкалар кўрсатилмаган. Меҳнат шартномасида иш ставкалари қайд этилмаган. Бу билан Меҳнат кодексининг 73-моддаси 2-қисми 5-хат боши талаби, меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари кўрсатилиши лозим бўлган талаби бузилган.
Хонобод шаҳар ТТЁБ фельдшери Ш.Абдурашидова, Г.Мирабдазова, Г.Авазбекова, Н.Каримова, Г.Тогаеваларни ишга қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруқлари тиббиёт бирлашмаси томонидан тақдим этилмаган ёки буйруқлар сақланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексиинг 82-моддасига кўра, ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.
Ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ тузилган меҳнат шартномасининг мазмунига тўла мувофиқ равишда чиқарилади.
Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.
Тиббиёт бирлашмаси томонидан, мазкур кодекснинг ушбу моддаси талаблари қўпол равишда бузилиб, ТТЁБ фельдшери Ш.Абдурашидова, Г.Мирабдазова, Г.Авазбекова, Н.Каримова, Г.Тогаеваларни ишга қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруқлари қабул қилинмаган ёки буйруқлар белгиланган тартибда сақланмаган.
Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш якунида ТТЁБнинг 2 нафар фельдшер ходимига бир марталик моддий рағбатлантириш нотўғри хисобланганлиги, 5 нафар ТТЁБ фельдшерининг ишга қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруғи расмийлаштирилмаганлиги ёки сақланмаганлиги, 2 нафар ТТЁБ фельдшер лавозимида ишловчи ходимларни меҳнат шартномасига тегишли тузатишлар киритилиб, ходимларнинг ҳақиқий ишлаган давридан келиб чиқиб аниқ ставкаларини белгилаш юзасидан тақдимнома киритилди.
Хонобод шаҳар Тиббиёт бирлашмасида ўтказилган ўрганиш якунига кўра бирлашма мансабдор шаҳслари томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 92, 96, 114-моддалари талаблари бузилган.
Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг ҳатти-ҳаракатларида, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этилган.
Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг хатти-ҳаракатларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун Хонобод шаҳар аҳолини бандликка кўмаклашиш марказига маъмурий таклиф юборилди.