May 9, 2023

Ғафур Ғулом. Менинг ўғригина болам (ҳикоя)

Отамизнинг ўлганига анчагина йил ўтиб кетди. Бу йил — ўн еттинчи йилнинг кўкламида онамиздан ҳам ажралиб, шум етим бўлиб қолдик. Биз тўрт етимдан хабар олиб туришга катта онам — онамнинг оналари Роқиябиби келиб турибдилар. Бу кишини биз эркалаб “қора буви” деб атаймиз.
Оқшомлари бувим бошлиқ ҳаммамиз олди очиқ айвонда увунтўда кўрпа-ёстиқларга ўралиб, биттагина Ўратепанинг кир ип шолчаси устида ухлаймиз.
Сентабр ойларининг охири, илк куз оқшомларидан бири эди. Ҳаво анчагина салқин. Биз етимлар бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб, бир-биримизни иситиб уйқуга кетганмиз. Қаторда энг сўнгги бўлиб, она чумчуқдай қора бувим ётардилар, у киши саксондан ошиб кетган, носкаш кампир эдилар.
Бу оқшом уч хўроз ўтгандан кейин, етти қароқчи юлдузи тик келганда ғўнғир-ғўнғир овоздан уйғониб кетдим. Бувим ким биландир анчагина баланд овоз билан суҳбатлашмоқда эдилар. Ҳовлимиз, ота-бувадан қолган, анчагина катта бўлиб, тўртбурчак таноби ҳовлилардан эди. Гир атрофи иморат, шимол томонда амакиваччаларимиз туришарди. Лекин улар ёзда боғга кўчиб кетардилар. Ҳозир улар томон бўш.
Буни қаранг-а, бизнинг уйимизга ўғри кепти. Бизни ҳам одам деб йўқлайдиган кишилар бор экан-да, дунёда? Эртага ўртоқларимга тоза мақтанадиган бўлдим-да: “Бизнинг уйга ўғри келди”. Ғурур билан айтилса бўлади. Лекин ишонишармикан?
— Ҳой, айланай, ўғригина болам, бошимда шундай мусибат турганда кўзимга уйқу келадими? Мана: олти ой бўлди, бирор соат мижжа қоқиб ухлаганим йўқ. Кундуз кунлар гарангдай довдираб юраман. Бирор ерга ўтиб мизғигандай қуш уйқуси қиламан. Кечалари хаёл олиб қочиб кетади.
— Нималарни хаёл сурасиз, бувижон? — бу гапдан кейин устидаги тўнини турмучлаб бўғотнинг устига ёстиқ қилиб қўйиб, ўғри ҳам ёнбошлаб олди.
— Нималарнинг хаёлини сурардим. Шу тўртта етимнинг эртасини ўйлайман-да, болам. Замонни ўзинг кўриб турибсан, тириклик тошдан қаттиқ, туянинг кўзидай нон анқога шапиғ. Ҳали буларнинг қўлидан иш келмайди. Сўққабошгина аравакаш тоғаларининг топгани ўзининг рўзғоридан ортиб, буларга қут-лоямут бўлиши қийин. Рўзғорда бўлса, кўз кўриб, қўл тутгудай арзигулик буюм қолгани йўқ. Бир чеккадан сотиб еб турибмиз. “Туриб еганга турумтоғ чидамас”, деганлар. Эҳ-ҳа, бу болалар қачон улғаяди-ю, қачон ўзининг нонини топиб ейдиган бўлади! Чор-ночор хаёл сурасан, киши. Тағин бу етимларнинг биттагинаси ўғил, учтаси қиз. Энди ўн тўртдан ўн бешга ўтди. Қизлари қурғур қачон бир ерга элашиб кетади-ю. Ўзи ўраб, ўзи чирмаб оладиган жой чиқмаса, буларга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди дейсан. Замон қаттиқ, ўғригина болам, замон қаттиқ!
— Тўғри айтасиз, бувижон, — деди ўғри, — менинг ҳам икки болам, хотиним, битта кампир онам бор, бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак, деганларидек, шуларни боқишим керак. Тўртта чавати нон топиш учун ўзимни ўтга, чўғга, Алининг қиличига ураман. Бўлмаса, ишлай десам билагимда қувват бор, ақл-у ҳушим жойида. Менга ҳозир шу қилиб турган ўғрилик касби ёқади, дейсизми. Туппа-тузук аёлманд косибнинг боласи эдим. Замон чаппасига кетди. Керинска пошшобўлгандан кейин уруш тўхтайди, деган эдилар. Ҳали-бери тўхтайдиган кўринмайди. Ҳали ҳам замон-замон ўша илиги тўқларники.
— Нима касб қилай? Ҳамма касбларнинг ҳам бозори касод. Ота касбим кавушдўзликни қилайми? Аввало шуки, кавуш тикишга на чарм бор, на сирач, на мих, на лок. Масаллиғининг ўзи битиб чиққан кавушдан уч баравар қиммат. Ҳаммоллик қилай десам, аввалгидек қоплаб ғалла, қоплаб сабзи-шолғом оладиган бадавлатнинг тухуми қуриган. Тунов куни шу маҳалланинг девкор этикдўзларидан Бувамат ота бутун қолип-у шон-у сўзан, бигизларини улгуржисига икки пуд жўхори унга мовоза қилди. Яхши қилди. Унинг этигини киядиган ўзбек, қозоқ, қирғиз деҳқонлари қаёқда дейсиз, қолган эмас. Фақат уларнинг етимларигина шаҳримизни тўлдириб юрибди. Қайси бурчакка, қайси чордеворга бош суқманг, ўн бешта етим ювуқсиз қўлини чўзиб: “Амаки, нон беринг”, дейди. Нон-а, ўзимникига тополмайман-у! Битта ман эмас, буви, маҳалладаги ҳамма косибларнинг аҳволи шунақа. Пичоқчилар ҳам, бўзчилар ҳам, кўнчилар ҳам, борингки, мактаб домлалари ҳам, муллаваччаларнинг ҳам ранги пано. Бир қошиқ оби ёвғонга зор. Санқиб юрибди.
— Ҳув, худоё уруши бошига етсин, қиёмат-қойим дегани шудир-да, а, ўғригина болам-а. Ҳа, майли, шу етимларнинг ҳам пешанасига ёзгани бордир. Хўш, энди ўзингдан сўрай. Ахир, ноиложликдан-ку, шу ҳаром йўлга қадам босибсан, ўзига тўқроқ, бадавлатроқ одамларникига борсанг бўлмайдими? Мана шу маҳаллада Карим қори деган читфуруш бор, Одилхўжабой деган пудратчи бор. Матёқуббой деган кўнчи бор. Буларнинг давлати-ку мил-мил. Бешикдаги боласи ҳам четига байт ёзилган чинни косада ош ичади. Шуларнинг томини тешсанг бўлмайдими?
— Эй, бувим тушмагур, соддасиз-да, содда, — деди ўғри. — Бойларнинг уйига тушиб бўладими, уларнинг пахсаси саккиз қават, эшиклари темирдан, ҳар биттасининг қўрасида эшакдай-эшакдай иккита, учтадан итлари бор. Бу итлар ҳовли саҳнидан битта капалак ўтса, бир ҳафта вовуллайди. Одилхўжабойнинг ғуломгардишида-чи , милтиқ ушлаган городовой туради. Жонимдан кечибманми, ўлдирмаганда ҳам сибир қилиб юборади.
— Ҳамма ишнинг ҳам ўз мароми бўлар экан, буви, товуқ олгани борганда чўнтагимга бир шишага сув солиб оламан. Кейин қўндоқнинг тагига бориб, оғзимни сувга тўлдириб товуқларга пуркайман. Товуқдай аҳмоқ жонивор оламда йўқ. Ёмғир ёғяпти, шекилли, деб ўйлаб, бошини ичига тиқиб, ҳап ётаверади, кейин битта-битта ҳиқилдоғидан тутиб халтага соламан.
— Шунақа дегин, вой тавба-ей. Ҳамма ҳунарнинг ҳам ўзининг мурт гардони бўлар экан-да.
— Шундай қилиб десангиз, бувижон, сиримнинг хашаги очилишига оз қолди. Йўқ, элликбошимиз Раҳмонхўжага хўрозни олиб бориб берган эдим, ишни босди-босди қилиб юборди. Раҳмонхўжа мен билан тузук, яхши одам. Бултур уни-буни сотиб, саксон уч сўм пул жамғариб: “Топганимиз шу, элликбоши ота”, деб пора берган эдим, рабочийга кетишдан олиб қолди.
— Вой ўлай, қутлуғ уйдан қуруқ кетасанми, болам? Бир нима олиб кет. Тўхта, нима олиб кетсанг экан, ҳа, дарвоқе, ошхонада битта ярим пудлик қозон бор. Аллазамонлар уйимизда одамлар кўп эди, катта қозонда ош ичардик. Худонинг ғашига тегдик шекилли, шундоқ катта, гуркираган хонадондан мана шу тўрттагина етим қолиб турибди. Эҳ-ҳа, булар қачон катта қозонни қайнатар эди-ю… Шуни олиб кета қол. Сотиб бир кунингга яратарсан, ўғригина болам.
— Йўқ, йўғ-е, буви, ёмон ният қилманг. Ҳа-ҳув дегунча бу кунлар ҳам унут бўлиб кетади. Яна катта оилалар жам бўлади. Ҳатто бу қозон ҳам кичиклик қилиб қолади. Ўша етимларнинг ўзига буюрсин. Тўйларида ўйнаб-кулиб хизмат қилайлик. Хайр энди, буви, мен кетаман, тоғ томон ҳам ёришиб қолди.
3. Лут-лоямут — етарли овқат.
4. Чавати нон — оширилмаган хамирдан қилинадиган юпқа нон.
5. Керинска пошшо — Россияда 1917-йилнинг февралидан октабр ойига қадар ҳукм сурган муваққат (вақтинчалик) ҳукумат бошлиғи.
6. Ғуломгардиш — ҳовли дарвозаси ёнида қуллар яшайдиган кулба; бу ерда «йўлак» маъносида ишлатилган.
7. Мурт гардони — ҳисоб-китоби, жавоби.
8. Eгилигини — «роҳатини», «орзу-ҳавасини» маъносида.


==========================================================


G‘afur G‘ulom. Mening o‘g‘rigina bolam (hikoya)

(hikoya)
Otamizning o‘lganiga anchagina yil o‘tib ketdi. Bu yil — o‘n yettinchi yilning ko‘klamida onamizdan ham ajralib, shum yetim bo‘lib qoldik. Biz to‘rt yetimdan xabar olib turishga katta onam — onamning onalari Roqiyabibi kelib turibdilar. Bu kishini biz erkalab “qora buvi” deb ataymiz.
Oqshomlari buvim boshliq hammamiz oldi ochiq ayvonda uvunto‘da ko‘rpa-yostiqlarga o‘ralib, bittagina O‘ratepaning kir ip sholchasi ustida uxlaymiz.
Sentabr oylarining oxiri, ilk kuz oqshomlaridan biri edi. Havo anchagina salqin. Biz yetimlar bir-birimizning pinjimizga tiqilib, bir-birimizni isitib uyquga ketganmiz. Qatorda eng so‘nggi bo‘lib, ona chumchuqday qora buvim yotardilar, u kishi saksondan oshib ketgan, noskash kampir edilar.
Bu oqshom uch xo‘roz o‘tgandan keyin, yetti qaroqchi yulduzi tik kelganda g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir ovozdan uyg‘onib ketdim. Buvim kim bilandir anchagina baland ovoz bilan suhbatlashmoqda edilar. Hovlimiz, ota-buvadan qolgan, anchagina katta bo‘lib, to‘rtburchak tanobi hovlilardan edi. Gir atrofi imorat, shimol tomonda amakivachchalarimiz turishardi. Lekin ular yozda bog‘ga ko‘chib ketardilar. Hozir ular tomon bo‘sh.
Buni qarang-a, bizning uyimizga o‘g‘ri kepti. Bizni ham odam deb yo‘qlaydigan kishilar bor ekan-da, dunyoda? Ertaga o‘rtoqlarimga toza maqtanadigan bo‘ldim-da: “Bizning uyga o‘g‘ri keldi”. G‘urur bilan aytilsa bo‘ladi. Lekin ishonisharmikan?
O‘g‘ri o‘sha amakivachchalarning tomidan sekin yura kelib, buvimning to‘g‘rilariga kelganda aksa urib yuboribdi. Buvim esa yostiqni ko‘kraklariga qo‘yib, til tagidagi nos bilan o‘ylab yotar ekanlar. Buvim “tuf” deb nosni tuflab, tomga qarab:
Men gap shu yerlarga kelganda uyg‘onib ketgan bo‘lsam kerak. Qolgan gaplarni eshitganimcha qilib yozaman.
— Hoy, aylanay, o‘g‘rigina bolam, boshimda shunday musibat turganda ko‘zimga uyqu keladimi? Mana: olti oy bo‘ldi, biror soat mijja qoqib uxlaganim yo‘q. Kunduz kunlar garangday dovdirab yuraman. Biror yerga o‘tib mizg‘iganday qush uyqusi qilaman. Kechalari xayol olib qochib ketadi.
— Nimalarni xayol surasiz, buvijon? — bu gapdan keyin ustidagi to‘nini turmuchlab bo‘g‘otning ustiga yostiq qilib qo‘yib, o‘g‘ri ham yonboshlab oldi.
— Nimalarning xayolini surardim. Shu to‘rtta yetimning ertasini o‘ylayman-da, bolam. Zamonni o‘zing ko‘rib turibsan, tiriklik toshdan qattiq, tuyaning ko‘ziday non anqoga shapig‘. Hali bularning qo‘lidan ish kelmaydi. So‘qqaboshgina aravakash tog‘alarining topgani o‘zining ro‘zg‘oridan ortib, bularga qut-loyamut bo‘lishi qiyin. Ro‘zg‘orda bo‘lsa, ko‘z ko‘rib, qo‘l tutguday arzigulik buyum qolgani yo‘q. Bir chekkadan sotib yeb turibmiz. “Turib yeganga turumtog‘ chidamas”, deganlar. Eh-ha, bu bolalar qachon ulg‘ayadi-yu, qachon o‘zining nonini topib yeydigan bo‘ladi! Chor-nochor xayol surasan, kishi. Tag‘in bu yetimlarning bittaginasi o‘g‘il, uchtasi qiz. Endi o‘n to‘rtdan o‘n beshga o‘tdi. Qizlari qurg‘ur qachon bir yerga elashib ketadi-yu. O‘zi o‘rab, o‘zi chirmab oladigan joy chiqmasa, bularga kimning ham ko‘zi uchib turibdi deysan. Zamon qattiq, o‘g‘rigina bolam, zamon qattiq!
— To‘g‘ri aytasiz, buvijon, — dedi o‘g‘ri, — mening ham ikki bolam, xotinim, bitta kampir onam bor, bir tovuqqa ham don kerak, ham suv kerak, deganlaridek, shularni boqishim kerak. To‘rtta chavati non topish uchun o‘zimni o‘tga, cho‘g‘ga, Alining qilichiga uraman. Bo‘lmasa, ishlay desam bilagimda quvvat bor, aql-u hushim joyida. Menga hozir shu qilib turgan o‘g‘rilik kasbi yoqadi, deysizmi. Tuppa-tuzuk ayolmand kosibning bolasi edim. Zamon chappasiga ketdi. Kerinska poshshobo‘lgandan keyin urush to‘xtaydi, degan edilar. Hali-beri to‘xtaydigan ko‘rinmaydi. Hali ham zamon-zamon o‘sha iligi to‘qlarniki.
— Nima kasb qilay? Hamma kasblarning ham bozori kasod. Ota kasbim kavushdo‘zlikni qilaymi? Avvalo shuki, kavush tikishga na charm bor, na sirach, na mix, na lok. Masallig‘ining o‘zi bitib chiqqan kavushdan uch baravar qimmat. Hammollik qilay desam, avvalgidek qoplab g‘alla, qoplab sabzi-sholg‘om oladigan badavlatning tuxumi qurigan. Tunov kuni shu mahallaning devkor etikdo‘zlaridan Buvamat ota butun qolip-u shon-u so‘zan, bigizlarini ulgurjisiga ikki pud jo‘xori unga movoza qildi. Yaxshi qildi. Uning etigini kiyadigan o‘zbek, qozoq, qirg‘iz dehqonlari qayoqda deysiz, qolgan emas. Faqat ularning yetimlarigina shahrimizni to‘ldirib yuribdi. Qaysi burchakka, qaysi chordevorga bosh suqmang, o‘n beshta yetim yuvuqsiz qo‘lini cho‘zib: “Amaki, non bering”, deydi. Non-a, o‘zimnikiga topolmayman-u! Bitta man emas, buvi, mahalladagi hamma kosiblarning ahvoli shunaqa. Pichoqchilar ham, bo‘zchilar ham, ko‘nchilar ham, boringki, maktab domlalari ham, mullavachchalarning ham rangi pano. Bir qoshiq obi yovg‘onga zor. Sanqib yuribdi.
— Huv, xudoyo urushi boshiga yetsin, qiyomat-qoyim degani shudir-da, a, o‘g‘rigina bolam-a. Ha, mayli, shu yetimlarning ham peshanasiga yozgani bordir. Xo‘sh, endi o‘zingdan so‘ray. Axir, noilojlikdan-ku, shu harom yo‘lga qadam bosibsan, o‘ziga to‘qroq, badavlatroq odamlarnikiga borsang bo‘lmaydimi? Mana shu mahallada Karim qori degan chitfurush bor, Odilxo‘jaboy degan pudratchi bor. Matyoqubboy degan ko‘nchi bor. Bularning davlati-ku mil-mil. Beshikdagi bolasi ham chetiga bayt yozilgan chinni kosada osh ichadi. Shularning tomini teshsang bo‘lmaydimi?
— Ey, buvim tushmagur, soddasiz-da, sodda, — dedi o‘g‘ri. — Boylarning uyiga tushib bo‘ladimi, ularning paxsasi sakkiz qavat, eshiklari temirdan, har bittasining qo‘rasida eshakday-eshakday ikkita, uchtadan itlari bor. Bu itlar hovli sahnidan bitta kapalak o‘tsa, bir hafta vovullaydi. Odilxo‘jaboyning g‘ulomgardishida-chi , miltiq ushlagan gorodovoy turadi. Jonimdan kechibmanmi, o‘ldirmaganda ham sibir qilib yuboradi.
— Bu gaping ham to‘g‘ri, o‘g‘rigina bolam. Ammo-lekin ehtiyot bo‘l. El-yurtning oldida tag‘in badnom bo‘lib qolmagin, — dedi bizning kampir.
— Gapingiz to‘g‘ri, buvi, tunov kuni Orif sassiqning otxonasidan to‘rtta tovuq, bitta xo‘roz o‘margan edim.
— Shunday qilib desangiz, buvijon, sirimning xashagi ochilishiga oz qoldi. Yo‘q, ellikboshimiz Rahmonxo‘jaga xo‘rozni olib borib bergan edim, ishni bosdi-bosdi qilib yubordi. Rahmonxo‘ja men bilan tuzuk, yaxshi odam. Bultur uni-buni sotib, sakson uch so‘m pul jamg‘arib: “Topganimiz shu, ellikboshi ota”, deb pora bergan edim, rabochiyga ketishdan olib qoldi.
— Ha, ishqilib, bola-chaqasining egiligini ko‘rsin. Endi buyoqqa qara, o‘g‘ri bolam, hademay tong ham yorishib qolar. Ana, yorug‘ yulduz ham tikkaga kelib qoldi. Oshxonaning yonidagi tutdan sirg‘alib pastga tush, o‘tinimiz yo‘q. Oshxonada bir zamonlar bog‘dan kelgan bir-ikkita yong‘oq to‘nka bor, boltani olib, shuning bir chekkasidan ozgina uchirib ber, qumg‘on qo‘yaman. Kecha tog‘ang berib ketgan zog‘oradan ikkitasini olib qo‘yganman, birgalashib choy ichamiz.
— Yo‘g‘-e, buvi, — dedi o‘g‘ri, — to‘nka yorib-ku berarman, ammo choy icholmayman, chunki kun yorishib qolsa, meni tanib qolasiz. Juda ham yuzimni sidirib tashlaganim yo‘q, andisham bor, uyalaman.
— Yo‘q, yo‘g‘-e, buvi, yomon niyat qilmang. Ha-huv deguncha bu kunlar ham unut bo‘lib ketadi. Yana katta oilalar jam bo‘ladi. Hatto bu qozon ham kichiklik qilib qoladi. O‘sha yetimlarning o‘ziga buyursin. To‘ylarida o‘ynab-kulib xizmat qilaylik. Xayr endi, buvi, men ketaman, tog‘ tomon ham yorishib qoldi.
— Xayr, o‘g‘rigina bolam, kelib tur.
— Xo‘p, ona, xo‘p…
Men o‘sha o‘g‘ri kishini tanir edim. Haligacha hech kimga kimligini aytgan emasman.
8. Egiligini — «rohatini», «orzu-havasini» ma’nosida.
Манба: kh-davron.uz