"CAMP LAW" ЁЗГИ МАКТАБИ
Адлия вазирлиги томонидан «Camp Law» ёзги мактаб иштирокчилари учун «очиқ эшиклар» куни ташкил этилди
Хабарингиз бор, ТДЮУ томонидан 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган «Camp Law» ёзги мактаб лойиҳаси йўлга қўйилган эди.
Ёзги мактаб дастуридан ўзбек ва рус тилларида қизиқарли дарс машғулотлари, Legal English дарслари, давлат ташкилотларига ташрифлар, қизиқарли танловлар ҳамда йирик лойиҳалар ўрин олганлиги боис лойиҳа иштирокчилари Адлия вазирлигига ташриф буюришди.
Иштирокчилар вазирликнинг Марказий аппарати масъул ходимлари томонидан вазирлик тизимидаги адлия органлари ва муассасалари, вазирликнинг ташкилий тузилмаси, асосий вазифалари, таркибий бўлинмаларнинг иш жараёнига оид асосий маълумотлари, шунингдек, вазирлик музейи ҳамда вазирлик кутубхонаси билан яқиндан таништирилди.
Иштирокчи ёшлар вазирлик ва музей бўйлаб экскурция давомида ҳуқуқшунослик соҳаси, унинг тарихи, адлия органлари фаолияти ҳақида батафсил тушунчага эга бўлишди.
Бундан ташқари, очиқ мулоқот давомида иштирокчилар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, шунингдек уларнинг юридик таълимни давом эттириш ҳамда келажакда адлия органларида ишлашга қизиқишини орттириш мақсадида масъуллар томонидан тақдимотлар ҳам ўтказилди.