Ҳамкасблар, устоз ва шогирдлар Салаев Нодирбек Сапарбаевични таваллуд айёми билан қутлайдилар
Бугун Тошкент давлат юридик университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, юридик фанлар доктори, профессор Салаев Нодирбек Сапарбаевич ўзининг таваллуд айёмини нишонламоқдалар
Салаев Нодирбек Сапарбаевич 1983 йил 28 апрель куни Беруний туманида туғилган. Маълумоти олий, юридик фанлар доктори, профессор.
Нодирбек Сапарбаевич ўз меҳнат фаолиятини 2006 йилда умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси лавозимидан бошлаган. Тошкент давлат юридик университетида 2009 йилдан буён фаолият юритади. Кўп йиллар давомида профессор-ўқитувчилар таркибида кейин эса масъул раҳбар лавозимларида ишлаб, юридик фан ва таълимни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 7 апрелдаги 224-шт-сон буйруғи билан Тошкент давлат юридик университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимига тайинланган.
Н.Салаев томонидан чоп этилган монография 2015 йилда ТДЮУда ўтказилган «Йилнинг энг яхши монографияси» кўрик танловида ғолиб деб топилган. Шунингдек, «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танлови Республика босқичининг ҳуқуқ таълим соҳаси бўйича 2017 йил учун «Мутахассислик бўйича энг яхши педагог» номинацияси ғолиби ҳисобланади.
Н.Салаев АҚШ Халқаро ютуқларни тадқиқ қилиш маркази (IARC) томонидан ўтказилган «Ижтимоий фанлар / ҳуқуқ» йўналиши бўйича «Йил олими – 2020» халқаро танловида ғолиб бўлган.
Нодирбек Сапарбаевич 100 дан ортиқ илмий ва ўқув адабиётлар муаллифи ҳисобланади.
Университет жамоаси Нодирбек Сапарбаевични ишнинг кўзини биладиган ажойиб ташкилотчи, адолатли раҳбар, шогирдларига тўғри йўл кўрсатувчи, маслаҳатларини аямайдиган севимли устоз, маслакдош, самимий ва оқкўнгил инсон сифатида билади.
Тошкент давлат юридик университети жамоаси номидан Нодирбек Сапарбаевичга мустаҳкам соғлиқ, сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, меҳнатларига ривож, доимо яқинлари ва шогирдлари ардоғида бўлишини тилаб қоламиз.