May 12, 2022

#hr #кадрлар #рақамлаштириш

Адлия тажрибаси оммалаштирилади:
кадрларни бошқариш бўйича электрон тизим бошқа ташкилотларга ҳам татбиқ этилади

Коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга оид Президент қарори қабул қилинди.

Унга кўра, кадрлар билан ишлашда ортиқча бюрократияни, коррупциявий хавф-хатарларни ва инсон омилини қисқартиришда Адлия тизимининг ижобий амалиётини (“MinJust HR” АТ) барча давлат бошқаруви органларига жорий қилиш вазифаси белгиланди.


Адлия тизимида “MinJust HR” автоматлашган тизими ишга туширилиши билан қуйидаги натижаларга эришилди:

таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар маълумотлари ягона электрон базага бирлаштирилди, ахборотни тўплаш ва ишлов бериш жараёнлари автоматлаштирилди;

барча буйруқлар, шартномалар ва аризалар фақат тизим орқали электрон равишда қабул қилинди;

ходимларнинг меҳнат интизомига риоя қилиши, яъни ишга келиш-кетиши юзни таниб олиш технологияси орқали (Face ID) тўлиқ назорат қилиб борилади;

вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва натижалари бўйича ҳужжатлар расмийлаштиришгача тўлиқ электрон амалга ошириш имкони юзага келди (www.vacancy.adliya.uz);

мартаба даража, хизмат гувоҳномаси ёки рухсатнома, рағбатлантириш ёки мукофотлар, кўлланилган жазо чоралари, антропометрик кўрсатгичлар, хизмат сафари, тиббиёт варақаси, кадрлар захираси, меҳнат дафтарчалари, хизмат текширувлар, ойлик устама ҳақ миқдорлари, телефон рақамлар ва электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотларни рўйхатга олиш журналлари бекор қилиниб, фақат тизим орқали электрон равишда юритиш йўлга қўйилди;

бошқа вазирлик тизимидаги электрон маълумот базалари билан интеграция қилиниши таъминланди;

ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш (KPI) ва масофавий ўқитиш тизими жорий қилинди, вазирлик тизимида кадрлар бўйича таҳлиллар Big Data (катта ахборот) тамойили асосида шакллантирилмоқда.

Натижада:
бюрократик тўсиқларга чек қўйилди, инсон омили минимал даражага тушди;
қоғоз учун харажат тежалди (йилига 600 млн);
ҳужжатларни расмийлаштириш, маълумот тайёрлаш ва бошқа ишларга кетадиган вақт кескин тежалди (кунига 3-4 соат).


Юқоридагиларни келиб чиқиб давлат бошқаруви органларига шунга ўхшаш тизимни 2023 йил 1 январга қадар жорий қилиш вазифаси белгиланди.