December 25, 2023

Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш  тўғрисида савол-жавоблар тўплами

1. Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш тартиби қандай?

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш тартиби Меҳнат Кодексида белгиланади.

Ходим учун янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисидаги якка тартибдаги меҳнат низолари (даъвосиз хусусиятга эга бўлган якка тартибдаги меҳнат низолари) иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳал этилади.

2. Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органлар қайсилар?

Якка тартибдаги меҳнат низолари қуйидагилар томонидан кўриб чиқилади:

меҳнат низолари бўйича комиссиялар томонидан, бундан бевосита судда кўриладиган низолар мустасно;

суд томонидан.

Ходим меҳнат низосини ҳал қилиш учун ўз танловига кўра меҳнат низолари бўйича комиссияга ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақли.

3. Меҳнат низолари бўйича комиссияни тузиш тартиби қандай?

Жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга кўра меҳнат низолари бўйича комиссияни тузиш назарда тутилиши мумкин.

Иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга кўра ёхуд жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолларда меҳнат низолари бўйича комиссиялар ташкилотларнинг таркибий бўлинмаларида тузилиши мумкин.

Ташкилотнинг таркибий бўлинмаларидаги меҳнат низолари бўйича комиссиялар ташкилотнинг меҳнат низолари бўйича комиссиялари фаолият кўрсатаётган айни ўша асосларда иш юритади.
Якка тартибдаги меҳнат низолари ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг меҳнат низолари бўйича комиссияларида жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда аниқланадиган ушбу комиссияларнинг ваколатлари доирасида кўрилиши мумкин.

Меҳнат низолари бўйича комиссиялар иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳар бир тарафдан вакиллар сони тенг бўлган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик асосида тузилади.

Меҳнат низолари бўйича комиссия тузиш тўғрисида ёзма шаклда таклиф олган иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси 10 кунлик муддатда ўз вакилларини комиссияга юбориши шарт.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг касаба уюшмаси қўмитасидан бўлган аъзолари тегишли касаба уюшмаси қўмитасининг қарори билан, иш берувчининг вакиллари бўлган комиссия аъзолари эса иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг сон жиҳатидан таркиби ва ваколатлари муддати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида келишилган ҳолда тасдиқланадиган бошқа ички ҳужжатда белгиланади.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг иш юритиш тартиби иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида келишилган ҳолда тасдиқланадиган тегишли низомда ёки бошқа ички ҳужжатда белгиланади.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш иш берувчи томонидан амалга оширилади. Иш берувчи ходимнинг розилиги билан унинг зиммасига комиссия фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш учун масъул шахс вазифаларини юклатиши мумкин.

4. Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг ваколатлари қанақа?

Меҳнат низолари бўйича комиссия меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни, меҳнат шартномасини қўллаш масалаларига доир якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган бўлиб, бундан бевосита суд томонидан кўриладиган низолар мустасно.

Ташкилотларнинг таркибий бўлинмаларида тузилган меҳнат низолари бўйича комиссияларнинг ваколатлари иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга кўра тасдиқланадиган тегишли низомда ёки бошқа ички ҳужжатда белгиланади.

5. Меҳнат низолари бўйича комиссияга ариза бериш тартиби қандай?

Ходимнинг меҳнат низолари бўйича комиссияга келиб тушган аризаси рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Ходимнинг меҳнат низолари бўйича комиссияга берилган аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

  1. сана (ходим ўз ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган ва у комиссияга мурожаат қилиш учун муддатнинг ўтиши бошланишини қайси сана билан боғласа, ўша сана);
  2. ходимнинг важларини тасдиқловчи ўзида мавжуд бўлган важлар;
  3. ходимнинг талаблари;
  4. аризага илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

6. Якка тартибдаги меҳнат низосини меҳнат низолари бўйича комиссияда кўриб чиқиш учун тайёрлаш тартиби қанақа?

Меҳнат низолари бўйича комиссия мажлис ўтказилгунига қадар:

  • якка тартибдаги меҳнат низосини тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга молик бўлган ҳолатларни аниқлайди (исботлаш предметини аниқлайди);
  • низони ҳал қилишда таяниш керак бўлган қонунлар ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар доирасини аниқлайди;
  • низони кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг таркибини аниқлаштиради;
  • ҳар бир тараф ўз талабларини асослаш учун тақдим этиши керак бўлган далиллар рўйхатини белгилайди.

7. Якка тартибдаги меҳнат низосини меҳнат низолари бўйича комиссияда кўриб чиқиш тартиби қандай?

Меҳнат низолари бўйича комиссия якка тартибдаги меҳнат низосини ходим ариза берган кундан эътиборан 10 календарь кун ичида кўриб чиқиши шарт.

Меҳнат низолари бўйича комиссияларда кўриладиган якка тартибдаги меҳнат низолари, зарур ҳолларда, ходимнинг ишдан ташқари вақтида кўриб чиқилиши мумкин.

Меҳнат низоси ариза берган ходим ёки унинг вакили иштирокида кўриб чиқилади.

Ходим ёки унинг вакили йўқлигида меҳнат низосини кўриб чиқишга фақат ходимнинг ёзма аризаси асосида йўл қўйилади.

Ходим ёхуд унинг вакили меҳнат низолари бўйича комиссиянинг мажлисида ҳозир бўлмаган тақдирда, меҳнат низосини кўриб чиқиш кейинга қолдирилади.

Ходим ёки унинг вакили узрли сабабларсиз иккинчи марта мажлисда ҳозир бўлмаган тақдирда, комиссия масалани кўриб чиқишдан олиб ташлаш тўғрисида қарор чиқариши мумкин, бу эса ходимни Меҳнат Кодексида белгиланган муддат доирасида меҳнат низосини кўриб чиқиш ҳақида такроран ариза бериш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Комиссиянинг аризани кўриб чиқишдан олиб ташлаш тўғрисидаги қарори аризани кўриб чиқишдан олиб ташлаш сабаби албатта кўрсатилган ҳолда ходимга ёзма шаклда етказилади.

Ходим меҳнат низосини меҳнат низолари бўйича комиссияда кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида ушбу низони тугатишга ҳақлидир.

15 ёшдан 16 ёшгача бўлган ходимларнинг якка тартибдаги меҳнат низолари ота-онасидан бирининг ёки васийсининг иштирокида меҳнат низолари бўйича комиссияда кўриб чиқилади.

Ходим, касаба уюшмаси қўмитаси меҳнат низосини кўриб чиқишда иштирок этиш учун адвокатни, экспертни ёки бошқа учинчи шахсни таклиф этиш ҳуқуқига эга.

Меҳнат низолари бўйича комиссия ўз мажлисига гувоҳларни чақириш, мутахассисларни таклиф этиш ҳуқуқига эга.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг талабига биноан иш берувчи (унинг вакиллари) комиссияга зарур бўлган ҳужжатларни комиссия томонидан белгиланган муддатда тақдим этиши шарт.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг мажлиси, агар ҳар бир тарафдан комиссия аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Меҳнат низолари бўйича комиссия мажлисида иш берувчининг ва касаба уюшмаси қўмитасининг тенг миқдордаги вакиллари иштирок этиши керак.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг ваколатга эга бўлмаган таркиби томонидан қабул қилинган қарор ғайриқонунийдир.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг ҳар бир мажлисида раиснинг вазифалари иш берувчининг ва касаба уюшмаси қўмитасининг вакиллари томонидан навбатма-навбат бажарилади.

Бунда раиснинг ва котибнинг вазифалари айни бир мажлиснинг ўзида бир тараф вакиллари томонидан бажарилиши мумкин эмас.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг биринчи мажлисида комиссия аъзоларининг (ходимлар ва иш берувчилар вакилларининг) келишувига кўра ушбу мажлиснинг раиси ва котиби белгиланади. Комиссиянинг кейинги мажлисларида ҳар бир кейинги мажлис учун раис ва котиб тайинланиб, мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни чақириш уларнинг зиммасига юклатилади.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг мажлисини раис очиб, қайси низо кўриб чиқилиши лозимлигини, комиссия таркибини эълон қилади.

Раис тарафларнинг ҳозир бўлган-бўлмаганлигини, вакилларнинг ваколатини текширади, шундан сўнг комиссия мажлисида иштирок этаётган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

Меҳнат низолари бўйича комиссияда кўрилаётган якка тартибдаги меҳнат низосининг тарафлари:

  • далилларни тақдим этишга;
  • далилларни текширишда иштирок этишга;
  • комиссия мажлисида иштирок этаётган шахсларга, комиссия мажлисига таклиф қилинган гувоҳларга, мутахассисларга ва бошқа шахсларга саволлар беришга;
  • илтимоснома беришга;
  • комиссияга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш;
  • комиссия мажлисида иштирок этаётган бошқа шахсларнинг илтимосномаларига ва важларига қарши эътироз билдиришга;
  • комиссиянинг қарори устидан суд тартибида шикоят қилишга;
  • комиссия мажлисида аудио ва видео ускуналардан фойдаланишга ҳақли.

Меҳнат низолари бўйича комиссия якка тартибдаги меҳнат низосини моҳиятига кўра кўриб чиқар экан, аввал ходимнинг билдирилган талаблари хусусидаги тушунтиришларини эшитади. Шундан сўнг иш берувчининг вакили эшитилади, тарафларнинг далиллари текширилади, низони кўриб чиқишда иштирок этиш учун чақирилган (таклиф этилган) мутахассислар, гувоҳлар ва бошқа шахслар эшитилади.

8. Ходимнинг аризасини қабул қилишни рад этиш мумкинми?

Меҳнат низолари бўйича комиссия ходимнинг аризасини қабул қилишни, агар меҳнат низолари бўйича комиссиянинг ёки суднинг иш юритувида худди шу тарафлар ўртасидаги низо бўйича, худди шу предмет ва худди шу асослар бўйича бошқа ариза мавжуд бўлса ёхуд ариза ходимнинг номидан бунинг учун ваколатли бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса ёки ушбу якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқиш комиссиянинг ваколатларига кирмаса, рад этади.

Аввалги мажлисда тайинланган меҳнат низолари бўйича комиссия раиси ариза берувчига аризани қабул қилишга доир ёзма равишда асослантирилган рад жавобини 3 кунлик муддат ичида беради.

9. Меҳнат низолари бўйича комиссияга мурожаат қилиш муддати қанча?

Ходим меҳнат низолари бўйича комиссияга ўз ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан 6 ойлик муддат ичида мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, меҳнат низолари бўйича комиссия муддатни қайта тиклаши ва низони моҳиятига кўра кўриб чиқиши мумкин.

Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш юзасидан мурожаат этиш муддатининг ўтиши якка тартибдаги меҳнат низосини медиация тартибида кўриб чиқиш даврида тўхтатиб турилади.

10. Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарори қай тартибда чиқарилади?

Меҳнат низолари бўйича комиссия касаба уюшмаси қўмитаси ва иш берувчи вакилларининг келишувига кўра қарор қабул қилади.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарори асослантирилган ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига асосланган бўлиши керак.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

  1. ташкилотнинг номи, якка тартибдаги меҳнат низоси ташкилот алоҳида бўлинмасининг меҳнат низолари бўйича комиссияси томонидан кўриб чиқилган тақдирда эса бўлинманинг номи, комиссияга мурожаат этган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, касби ёки мутахассислиги;
  2. комиссияга мурожаат этилган ва низо кўриб чиқилган сана, низонинг моҳияти;
  3. комиссия аъзоларининг ва мажлисда ҳозир бўлган бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
  4. қарорнинг моҳияти ва унинг асосланиши (қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига ҳавола қилинган ҳолда);
  5. овоз бериш натижалари.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг пулга оид талаблар бўйича қарорида ходимга тегишли бўлган аниқ сумма кўрсатилиши керак.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарори комиссия мажлисининг раиси ва котиби томонидан имзоланиб, мажбурий кучга эга бўлади ва бирон-бир тарзда тасдиқланмайди.

Меҳнат низоси бўйича комиссия қарорининг кўчирма нусхаси ходимга, иш берувчига ва касаба уюшмаси қўмитасига қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида топширилади (юборилади).

11. Якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқишни судга ўтказиш ва меҳнат низолари бўйича комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби қанақа?

Агар меҳнат низолари бўйича комиссия 10 кунлик муддат ичида якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқмаса ёки ҳал этмаса, манфаатдор ходим ёки унинг вакили судга мурожаат қилишга ҳақли.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарори устидан манфаатдор ходим ёки иш берувчи комиссия қарорининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда судга шикоят қилиши мумкин.

Ушбу муддат ўтказиб юборилганлиги аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Суд ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб, бу муддатни тиклаши ва якка тартибдаги меҳнат низосини моҳиятига кўра кўриб чиқиши мумкин.

https://t.me/huquqshunosminbari