April 3

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар тўғрисида

Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик органлари тизимини бошланғич, ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тузиладиган ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар ташкил этади.

Ходимлар ва (ёки) иш берувчилар томонидан ваколат берилган бир неча вакиллар мавжуд бўлган тақдирда, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар таркиби мутаносиб вакиллик принципи асосида, тақдим этилаётган ходимлар ва иш берувчиларнинг сонига қараб шакллантирилади.

Бошланғич даражадаги ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия

Бошланғич даражада ходимлар ва иш берувчининг тенг сонли вакилларидан ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича икки томонлама комиссия тузилади.

Тарафларнинг ҳар биридан бўлган вакилларнинг сон жиҳатидан таркиби иш берувчининг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувига кўра белгиланади. Иш берувчи вакилларининг шахсий таркиби иш берувчининг буйруғи билан, касаба уюшмаси қўмитаси вакилларининг шахсий таркиби эса касаба уюшмаси қўмитасининг қарори билан тасдиқланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар

Ходимлар ва иш берувчиларнинг тенг сонли вакилларидан ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича икки томонлама ёхуд уч томонлама ҳудудий комиссиялар тузилиши мумкин.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича икки томонлама ҳудудий комиссия таркибига ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳудудий бирлашмалари вакиллари киради.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама ҳудудий комиссия ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳудудий бирлашмалари таклифи асосида тузилади. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама ҳудудий комиссия таркибига ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳудудий бирлашмалари вакиллари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакиллари киради.

Тарафларнинг ҳар биридан бўлган вакилларнинг сон жиҳатидан таркиби тарафларнинг келишувига кўра белгиланади. Ходимлар вакилларининг шахсий таркиби ходимларнинг тегишли ҳудудий бирлашмаси томонидан, иш берувчилар вакилларининг шахсий таркиби иш берувчиларнинг ҳудудий бирлашмаси томонидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи вакилларининг шахсий таркиби эса ушбу орган раҳбари томонидан белгиланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича тармоқ комиссиялари

Тармоқ даражасида ходимлар ва иш берувчиларнинг тенг сонли вакилларидан ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича икки томонлама ёхуд уч томонлама комиссиялар тузилиши мумкин.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича икки томонлама тармоқ комиссияси таркибига ходимлар ва иш берувчиларнинг тармоқ бирлашмалари вакиллари киради.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама тармоқ комиссияси ходимлар ва иш берувчиларнинг тармоқ бирлашмалари таклифи асосида тузилади. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама тармоқ комиссияси таркибига ходимлар ва иш берувчиларнинг тармоқ бирлашмалари вакиллари, шунингдек тегишли тармоқдаги давлат бошқаруви органлари вакиллари киради. Тегишли тармоқдаги давлат бошқаруви органлари иш берувчилар сифатида иш юритган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама тармоқ комиссиясида иштирок этади.

Тарафларнинг ҳар биридан бўлган вакилларнинг сон жиҳатидан таркиби тарафларнинг келишувига кўра белгиланади. Ходимлар вакилларининг шахсий таркиби ходимларнинг тегишли тармоқ бирлашмаси томонидан, иш берувчилар вакилларининг шахсий таркиби иш берувчиларнинг тармоқдаги бирлашмаси, тегишли тармоқ давлат бошқаруви органлари вакилларининг шахсий таркиби эса ушбу орган раҳбари томонидан белгиланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика комиссияси

Республика даражасида ходимлар ва иш берувчиларнинг тенг сонли вакилларидан ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия тузилади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси таркибига ходимлар ва иш берувчиларнинг республика бирлашмалари вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг вакиллари киради.

Тарафларнинг ҳар биридан бўлган вакилларнинг сон жиҳатидан таркиби тарафларнинг келишувига кўра белгиланади. Ходимлар вакилларининг шахсий таркиби ходимларнинг республика бирлашмалари томонидан, иш берувчилар вакилларининг шахсий таркиби иш берувчиларнинг республика бирлашмалари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакилларининг шахсий таркиби эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан белгиланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар ваколатларининг муддати

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар доимий фаолият кўрсатувчи органлардир. Комиссиялар ваколатларининг муддати тегишли жамоа келишувини ёки жамоа шартномасини тайёрлаш ва унинг амал қилиш муддатига белгиланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг ваколатлари

  • зарур бўлган тақдирда, жамоа келишувлари ва жамоа шартномасини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этиш ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масалалар бўйича давлат органлари билан маслаҳатлашувлар ўтказади;
  • жамоа келишувларининг ва жамоа шартномасининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;
  • иш берувчилардан, уларнинг бирлашмаларидан, касаба уюшмаларидан ёки ходимларнинг бошқа бирлашмаларидан жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни сўраб олади;
  • иш берувчилардан, уларнинг вакилларидан, ходимларнинг вакилларидан, давлат органларидан комиссия фаолиятини амалга ошириш, музокаралар олиб бориш, тегишли жамоа келишувининг ёки жамоа шартномасининг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш учун зарур бўлган ахборот ва материалларни олади;
  • келиб тушган таклифларни кейинчалик жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси лойиҳаларига киритиш учун таҳлил қилади ва умумлаштиради;
  • комиссия ишида иштирок этиш учун манфаатдор давлат ҳокимияти органлари вакилларини, шунингдек олимларни, экспертларни, мутахассисларни таклиф этади;
  • жамоа келишувлари, жамоа шартномаси ва тегишли ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилишининг бориши устидан назоратни амалга оширади;
  • жамоа келишувларига ва (ёки) жамоа шартномасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифлар ишлаб чиқади ҳамда киритади;
  • зарур бўлган тақдирда, жамоа келишувларининг, жамоа шартномасининг лойиҳаларини тайёрлаш ва улар бажарилишининг бориши устидан назоратни амалга ошириш учун вақтинчалик ишчи гуруҳларни ташкил этади;
  • ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия аъзоларини, шунингдек комиссиянинг қарори билан ташкил этилган ишчи гуруҳлар аъзоларини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш учун ташкилотларга юборади;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда иштирок этади, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
  • комиссия мажлисида жамоа келишувларининг ва жамоа шартномасининг бажарилишини таъминламаётган ташкилотлар раҳбарларини эшитади;
  • халқаро меҳнат стандартларини қўллашга кўмаклашиш учун маслаҳатлашувлар ўтказишда иштирок этади;
  • жамоа келишувларини ва жамоа шартномасини тузиш ҳамда амалга ошириш жараёнидаги келишмовчиликларни ҳал қилишга кўмаклашади;
  • қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича тармоқ ва ҳудудий комиссиялар ташкилотларда жамоа келишувларини ҳамда жамоа шартномасини тузишда амалий ва услубий ёрдам кўрсатади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия ишини режалаштириш

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг навбатдаги йил учун иш режаси комиссиянинг жорий йил тўртинчи чорагидаги охирги мажлисида тасдиқланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг иш режасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

  • комиссия регламентини тайёрлаш учун масъул бўлган комиссия аъзолари;
  • комиссия мажлислари ўтказиладиган саналар;
  • комиссия муҳокамасига тақдим этиладиган масалаларнинг таърифи;
  • комиссия мажлисининг кун тартибига киритиладиган масалаларни тайёрлаш учун масъул бўлган комиссия аъзолари;
  • жамоа келишувларининг, жамоа шартномасининг бажарилиши, комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг рўёбга чиқарилиши устидан назоратни амалга ошириш чоралари;
  • комиссия ишининг техник таъминотига қаратилган чора-тадбирлар.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг иш режасида комиссиянинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга, тегишли даражадаги ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган бошқа масалалар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Тарафларнинг келишувига кўра ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг иш режасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия мажлисларида иш режасига киритилмаган қўшимча масалалар ижтимоий шериклик тарафларининг келишувига кўра кўриб чиқилиши мумкин.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ҳудудий, тармоқ ва республика комиссияларининг регламенти

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ҳудудий, тармоқ ва республика комиссияларининг фаолияти тегишли комиссиянинг биринчи мажлисида тарафларнинг келишуви билан тасдиқланадиган ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия регламентига биноан амалга оширилади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг мажлислари

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг мажлислари иш режасига мувофиқ, бироқ календарь йил давомида камида 2 марта ўтказилади.

Ижтимоий шериклик тарафларидан ҳеч бўлмаганда биттасининг ташаббуси билан ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг режадан ташқари мажлиси ўтказилиши мумкин.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия мажлислари ўтказиладиган жой, сана ва вақт тарафларнинг келишувига кўра белгиланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия қарорларининг тайёрланган лойиҳалари комиссия аъзоларига комиссия мажлисини ўтказишнинг тайинланган санасидан камида 10 календарь кун олдин тарқатилади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг мажлиси, агар унда комиссия тарафларининг ҳар биридан белгиланган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг қарорлари

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг қарорлари, агар ижтимоий шерикликнинг ҳар бир тарафидан белгиланган вакилларнинг кўпчилиги уларни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг қарорлари тегишли регламентда белгиланган муддатда кучга киради.

Бошланғич даражадаги ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг қарори ушбу қарор манфаатларига дахлдор бўлган ходимларнинг эътиборига улар қабул қилинган санадан эътиборан 10 календарь кундан кечиктирмай етказилади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ҳудудий, тармоқ ва республика комиссияларининг қарорлари улар қабул қилинган санадан эътиборан 10календарь кундан кечиктирмай очиқ фойдаланиш учун оммавий ахборот воситаларида ёки тегишли комиссияларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши лозим.