Ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ўрни
Касаба уюшмаси — фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмасидир.
Меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар (бундан буён матнда ходимлар деб юритилади) ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини ҳал қилишда иштирок этишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари аҳоли бандлигини таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш масалаларини, шунингдек ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси, шунингдек суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси билан келишиб олиниши шарт.
Жамоа музокараларини олиб боришга ҳамда жамоа шартномалари ва келишувларини тузишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари манфаатлари улар томонидан ифода этилаётган ходимлар номидан жамоа музокараларини олиб боришга, жамоа шартномалари ва келишувларини тузишга бўлган устувор ҳуқуққа эгадир.
Иш берувчининг вакили бўлган шахсларнинг ходимлар номидан жамоа музокараларини олиб бориши ҳамда жамоа шартномалари ва келишувларини тузиши тақиқланади.
Бандликка кўмаклашиш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари давлат бандлик дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, бандликни таъминлаш, шу жумладан янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ташкилотларнинг фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни таклиф этиш ҳуқуқига эга.
Иш берувчи ходимларнинг манфаатларини ифода этувчи тегишли касаба уюшмасига ёки касаба уюшмалари бирлашмасига ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилиши эҳтимоли тўғрисида ўз вақтида, камида икки ой олдин ахборот тақдим этади ва ишдан озод этиш оқибатларини юмшатишга қаратилган маслаҳатлашувлар ўтказади.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари иш берувчининг ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш тўғрисидаги қарорини олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш ҳақидаги таклифларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўриб чиқиши учун киритиш ҳуқуқига эга.
Жамоа шартномасида ёки келишувида назарда тутилган ҳолларда, тегишли касаба уюшмасининг ёки бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг олдиндан розилигини олмасдан туриб меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, йўл қўйилмайди.
Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини ва эркин ривожланишини таъминловчи шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантиришда, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда, турмуш даражасининг асосий мезонларини ва тирикчилик учун зарур бўлган нарсаларнинг энг кам миқдорини белгилашда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ташкилотларни қайта ташкил этиш ёки тугатиш чоғида тугатиш комиссияларининг ишида иштирок этишга ҳақли.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича давлат дастурларини шакллантиришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида:
- ташкилотларнинг раҳбарларидан ва бошқа мансабдор шахсларидан меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида, шунингдек ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари ҳақида ахборот олиш;
- ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш;
- ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш тўғрисида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилишларини бартараф этиш ҳақида иш берувчига таклифлар киритиш;
- меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолатини ўрганиш, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилишга доир мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш;
- лойиҳалаштирилаётган, қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва фойдаланилаётган ишлаб чиқариш объектларида меҳнат шароитларининг хавфсизлиги экспертизасида, шунингдек лойиҳалаштирилаётган ва фойдаланилаётган ишлаб чиқариш воситаларининг хавфсизлиги экспертизасида иштирок этиш;
- ишлаб чиқариш объектларини ва ишлаб чиқариш воситаларини синовлардан ўтказиш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссияларнинг ишида мустақил экспертлар сифатида иштирок этиш;
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси мажлисларида иштирок этиш;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузганликда, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар фактларини яширганликда айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги талаблар билан тегишли органларга мурожаат этиш;
- ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиши ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда ходимларнинг соғлиғи ва меҳнатини муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқлари камситилган бошқа ҳолларда ходимнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари иш берувчилар томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини иш ўринларида амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Меҳнат низоларини кўриб чиқишда ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари қонунчиликда ташкил этилиши ҳамда фаолият кўрсатиши тартиби белгиланадиган меҳнат низолари бўйича комиссияларнинг ишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари жамоавий меҳнат низоларини тартибга солишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун юридик ҳамда бошқа хизматларни ташкил этиши, шунингдек шартнома асосида тегишли мутахассисларни жалб қилиши мумкин.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ташкилотларнинг раҳбарларига ҳамда бошқа мансабдор шахсларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга, шунингдек ташкилотларнинг раҳбарларига мазкур қоидабузарликларда айбдор бўлган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи талаблар бўйича даъволар билан қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш чоғида судларда давлат божини тўлашдан озод этилади.
Касаба уюшмаларининг инспекцияларини тузиш
Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ва бўлинмаларининг тузилмасида касаба уюшмаларининг тегишли инспекторлари фаолият кўрсатадиган инспекциялар тузилиши мумкин.
Касаба уюшмаларининг инспекцияси тўғрисидаги низом тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан тасдиқланади.
Касаба уюшмаларининг инспекторлари ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида:
- давлат органларидан, ташкилотлардан, уларнинг мансабдор шахсларидан, иш берувчилардан, уларнинг бирлашмаларидан (иттифоқларидан, уюшмаларидан) ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган маълумотномаларни ва бошқа ҳужжатларни, статистик маълумотларни ҳамда бошқа ахборотни сўраш ва бепул олиш;
- судларда ва меҳнат низоларини кўриб чиқадиган бошқа органларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз ташаббусига кўра ёҳуд ходимларнинг илтимосига биноан вакиллар сифатида иштирок этиш;
- ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида, шунингдек касаба уюшмаси аъзоларининг мурожаатлари асосида ташкилотларга, иш жойларига бориш;
- ходимларнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва уларнинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлигини ҳамда касб касалликларини текширишда белгиланган тартибда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмаларининг инспекторлари:
- ташкилотларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаслиги;
- ўз вазифаларини амалга ошириш чоғида танишиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш ёки тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслиги, шу жумладан лавозимидан кетганидан кейин ҳам ошкор этмаслиги;
- тегишли касаба уюшмаси органига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг бузилишларини аниқлаганда, шунингдек мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда ахборотни тақдим этиши шарт.
Касаба уюшмаларининг инспекторлари томонидан тақдим этиладиган ахборот тегишли касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари томонидан умумлаштирилади ва уларнинг расмий веб-сайтларида, шунингдек, зарур бўлган ҳолларда, бошқа манбаларда ҳар йили, келгуси йилнинг 1 майидан кечиктирмай эълон қилиниши лозим.
Касаба уюшмаларининг инспекторлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Жамоатчилик назоратининг натижалари
Жамоатчилик назоратининг натижалари бўйича баённома, хулоса, маълумотнома, кўрсатма, тақдимнома шаклидаги ёҳуд қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклдаги якуний ҳужжат тайёрланади.
Якуний ҳужжатда баён этилган ахборот, тавсиялар ва таклифлар давлат органлари ҳамда иш берувчилар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилинади.
Давлат органлари ва иш берувчилар кўриб чиқиш натижалари ҳақида тегишли касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини хабардор қилади.
Иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари (иттифоқлари, уюшмалари), ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан жамоа шартномасининг, келишувининг шартлари бузилган тақдирда, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари уларга бу қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома юборишга ҳақли бўлиб, тақдимнома бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади.
Бу қоидабузарликларни бартараф этиш рад қилинган ёки белгиланган муддатда келишувга эришилмаган тақдирда, келишмовчиликлар қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилади.
Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиши фактлари аниқланган тақдирда, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари материалларни Давлат меҳнат инспекциясига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилишга ҳақли.