May 20, 2020

Илмий ёзмалари тошқинда яроқсиз ҳолга келган сирдарёлик тадқиқотчига президент топшириғи билан докторлик даражаси берилди

Ўзбекистонда биринчи марта диссертант ўз илмий ишини онлайн тарзда ҳимоя қилди.

Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курс таянч докторанти, Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи Камола Аброрхонованинг илмий тадқиқот натижалари Сардоба тошқини вақтида яроқсиз ҳолга келган.

28 ёшли олима 15 май куни мирзаободликлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёевга бу ҳақда сўзлаб бергач, давлат раҳбари унга истисно тариқасида докторлик даражасини бериш бўйича топшириқ берган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар тарқатди.

«Шу қишлоқда туғилиб ўсганман. Тошқиндан хабар топган кунимиз қўрқувдан хаёлимга икки ташвиш келди. Биринчиси, ёш боламни хавфсиз жойга кўчириш бўлса, иккинчиси – неча йиллар давомида олиб борган тадқиқотларим натижалари, тажриба-синовларимнинг кўпчилиги қўлёзма вариантда уйда қолаётган эди.

Тошқин қайтгандан кейин уйга келганимизда не кўз билан кўрай... ҳаммаси сувда қолган, лой билан қоришиб ётган, хуллас яроқсиз эди.

Ёш тадқиқотчи сифатида ўша пайтда хаёлимдан нималар ўтганини сиз олим сифатида яхши биласиз. Илм қилишни игна билан қудуқ қазишга тенглаштиргансиз. Меҳнатимга ичим ачиди... Лекин энг муҳими – фарзандим, оилам, яқинларимнинг жони соғлиги», деган Камола Аброрхонова.

Шундан сўнг президент олимага истисно тарзида докторлик даражасини бериш бўйича топшириқ беради.

«Менга одамнинг докторлик ҳужжати керак эмас, менга шижоати, ватанга муҳаббати, интилиши керак.

Қишлоқда мана шундай маънавият билан яшаганининг ўзи ўн карра доктордан афзалроқ. Ватанга муҳаббат, тарбиянинг мисолини амалга кўрсатган доктор – ўзи энг буюк академик», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Хабар қилинишича, топшириқдан сўнг бир неча кун ичида Камола Аброрхонова Ўзбекистонда биринчи бўлиб онлайн тарзда ўз диссертациясини ҳимоя қилган.

«Бошланғич синф ўқувчиларини инновацион ёндашув асосида миллий руҳда тарбиялашнинг педагогик асосларини такомиллаштириш» мавзусидаги илмий ишни олима Гулистон давлат университетидан туриб масофавий тарзда ёқлаган.

Аброрхонова илмий даража дипломини ГулДУда ташкил этилган тантанали тадбирда Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмедбек Юсуповдан қабул қилиб олган.

28 ёшли фалсафа доктори (PhD) – Жиззах давлат педагогика институти Бошланғич таълим факультетида давлат гранти асосида таҳсил олган, 2014 йилда Навоий номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлган. Сўнгра Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети магистратурасини «Бошланғич таълим» йўналишида имтиёзли тамомлаган.

Фарғоналикмисиз? Киринг