Рамзон Қодиров коронавирусга чалинган бўлиши мумкинлиги маълум қилинди
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров коронавирусга чалинганликка гумон билан тиббий кузатувга олингани маълум қилинди.
Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги Москва тиббий доираларидаги манба ва Baza Telegram-каналига таяниб маълум қилган.
“Қодировда коронавирус бўлиши мумкин, у шифокорлар кузатувига олинган”, деб маълум қилган манба.
Бошқа бир манбанинг хабар беришича, 21 май куни Чеченистон пойтахти Грознийдан Москвага чартер рейс билан А-319 самолёти келган. Манба самолёт бортида ким борлигига аниқлик киритмаган.
Baza маълумотларига кўра, Қодиров бир неча кун аввал ўткир инфекцион респиратор касалликдан шикоят қилган. Ҳозирда унда коронавирусга гумон билан ўпка зарарланиши қайд қилинган. Бироқ “Интерфакс” ушбу маълумотнинг расмий тасдиғига эга эмас.
Бу орада Қодировнинг ёрдамчиси, “Грозний” телерадиокомпанияси директори Ахмед Дудаев Қодиров “вазиятни шахсан ўзи назорат қилаётгани, барча зарур чоралар кўраётгани ҳамда коронавирусга қарши кураш бўйича штаб иши шахсан унинг назоратида бораётганини” маълум қилган.
Аввалроқ коронавирус Россия ҳукумати аъзоларидан бош вазир Михаил Мишустинда, маданият вазири Ольга Любимовада, қурилиш вазири Владимир Якушев ва унинг ўринбосари Дмитрий Волковда ҳамда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковда аниқланганди.