E-IJRO AUKSION: бир кунда 5,6 млрд сўмлик ер участкалари сотилди
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг сотилиши йўлга қўйилгани ер участкаларини очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида сотиб олиш имкониятини яратди.
2020 йилнинг 15 июнь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» томонидан ташкил этилган онлайн-аукционларда жами бошланғич нархи 678 млн сўм бўлган 169 та тадбиркорлик учун ер участкаларига ўртача 8 баравар қимматроқ нарх таклиф қилиниб, савдолар натижасида 5,6 млрд сўмга сотилди.
Қиммат сотилган ер участкалари билан танишинг:
1. Қашқадарё вилояти, Китоб туманидан бошланғич нархи 8,2 млн сўм бўлган ер участкаси 326,7 млн сўмга сотилди. Ушбу ер участкаси 40 баравар қимматроққа реализация қилинди.
2. Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳридан бошланғич нархи 3,2 млн сўм бўлган ер участкаси 143,6 млн сўмга сотилди. Ушбу ер участкаси 45 баравар қимматроққа реализация қилинди.
3. Хоразм вилояти, Хива туманидан бошланғич нархи 2,4 млн сўм бўлган ер участкаси 607,1 млн сўмга сотилди. Ушбу ер участкаси 253 баравар қимматроққа реализация қилинди.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 1023-сонли қарорига асосан ўрнатилган янги тартибга кўра эндиликда, харидор ер участкасини аукционда олганидан сўнг қурилиш талаблари, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш учун сарсон бўлмайди, барча техник шартлар аукционга қадар тасдиқланади.
Шу билан бирга, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукцион орқали сотишдан келиб тушган пул маблағлари «Давергеодезкадастр» қўмитасининг махсус ҳисобрақамига кўчирилади ва Қўмита томонидан маблағнинг асосий қисми туман (шаҳар) ҳокимликларининг ҳисобрақамларига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадларида фойдаланиш учун ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб берилиши кўзда тутилган.
Сизда ҳам электрон онлайн аукционда ер участкасини харид қилиш учун қулай фурсатдан фойдаланган ҳолда, уйингиздан туриб онлайн савдоларда қатнашинг.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК