Уч ҳудудда яна 28 киши коронавирусдан тузалди, Қорақалпоғистонда 6 бемор қолди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон, Наманган ва Тошкентда жами 28 бемор коронавирусдан тузалгани ҳақида хабар берди.
Қорақалпоғистон Республикасида 6 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди.
Тузалиб чиққанларнинг барчаси эркак бўлиб, Россиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Соғайганларнинг 3 нафари Бухоро вилоятидан, 2 нафари Хоразм вилоятидан, 1 нафари эса Навоий вилоятидан. Улар орасида энг ёши каттаси 48 ёшда бўлса, энг кичиги 21 ёш.
Қорақалпоғистон Республикасида шу вақтгача 124та касалланиш ҳолати қайд этилган, ҳозирда касалликдан тузалганлар сони 118 нафарга етди. Айни вақтда республикадаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида яна 6 бемор даволанишни давом эттирмоқда. Сўнгги уч кунда ушбу ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмади.
Наманган вилоятида 5 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалди ва реабилитацияга кузатилди.
Тузалиб чиққанларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 1 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Соғайганларнинг барчаси Наманган вилоятидан (4 нафари Наманган туманидан, 1 нафари эса Наманган шаҳридан). Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг кичиги 14 ёш.
Вилоятда шу пайтга қадар 250та касалланиш ҳолати қайд этилган, ҳозирда тузалиб чиққанлар сони сони 219 нафарга етди. Вилоятда 4 бемор касалликдан вафот этган, айни вақтда 27 бемор шифохонада даволанишни давом эттирмоқда. Ушбу ҳудудда сўнгги тўрт кунда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмади.
Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 14 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 3 нафар, жами 17 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганнинг 7 нафари эркак, 7 нафари аёллардир. Уларнинг 6 нафари чет элдан (4 нафари Тожикистондан, 1 нафари БААдан, 1 нафари эса Россиядан) келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 8 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, 6 нафари Тошкент вилоятидан, 2 нафардан Тошкент шаҳри, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан. Беморлар орасида энг ёши каттаси 44 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2019 йилда туғилган қизалоқдир.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 3 нафар тузалганларнинг барчаси эркак (38 ёш, 40 ёш ва 47 ёш). Улардан 2 нафари Фарғона вилоятидан бўлиб, Қозоғистондан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. 1 нафари эса Тожикистон фуқароси бўлиб, узоқ масофага қатновчи юк автомашина ҳайдовчиси ҳисобланади. Ҳозирда уларнинг барчаси касалликдан фориғ бўлди.
Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 796 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 813 нафарга етди.
Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2366 нафарни ташкил этмоқда, шифохоналарда 501 бемор даволанмоқда ва улардан 6 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.