July 24, 2020

Ҳақиқий дўстликни қандай билиш мумкин?

Синфдош, курсдош ва ҳамкасблар сони кўп бўлиши мумкин, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам яқин ва ҳақиқий дўст бўлавермайди. Дўстингиз ҳақиқийми ёки йўқ қандай билиш мумкин? Қуйида ушбу саволларга жавоб берамиз.

Фото: Getty Images

Қизиқиш

Ҳақиқий дўст сизнинг ҳаётингизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмайди, яхши-ёмон кунингизда ёнингизда бўлади, бошингизга иш ёки дард тушганида сизни ёлғиз қолдирмайди. Ишларингиз қандай кетяпти, кайфиятингиз қандайлигига қизиқади ва сиз ўзингизни ёмон ҳис қилаётганингизда сизни юпатиб, ечим топиш учун ҳеч бўлмаганда маслаҳат беради. Агар дўстингиз сизга эътибор қилмаса ва бефарқ бўлса, демак, ўртангиздаги муносабатлар самимий эмас.

Ишонч

Ишонч ҳар қандай муносабатларда муҳим рол ўйнайди. Ўртада ишонч йўқолдими, ҳеч нарса аввалгидек бўлмайди. Сиз сирингизни ишониб айтган инсон уни жиддий қабул қилмасдан бошқаларга етказдими, унда бундай дўстнинг боридан йўғи яхши.

Манфаат кутмаслик

Яқин дўст деб баҳо беришга ошиқманг. Унутманг, ёнингиздаги инсонлар шунчаки вазият тақозоси билан вақтинчалик бўлиши, улар билан биргаликда вақт ўтказиш ёқимли бўлиши мумкин. Танишларингиз кўп бўлиши мумкин, лекин йиллар синовида сараланиб, манфаат кутмасдан ҳамиша сиз билан елкама-елка бўлган инсонлар ҳақиқий дўст бўлади.

Дўст ачитиб гапиради

Турли вазиятларда юзага келган тушунмовчиликларда оқни оқ, қорани қора ,деб сизга йўл кўрсатувчи инсонларни қадрланг. Улар сизга яхши кўриниш учунгина қилган иш ва қарорларингизни маъқуллаб турмайди. Сиз эшитишни хоҳлайсизми, йўқми, ҳақиқатни юзингизга айтади. Кўзингизга яхши кўриниш учун иккиюзламачилик ва тилёғламалик қилган инсонлардан узоқроқ юринг.

Ҳурмат

Бир инсоннинг иккинчисига бўлган ҳурмати сиз учун муҳим кун ва саналарда намоён бўлиши мумкин. Сиз муаммоларингиз билан бўлишганда совуққонлик билан тинглаган ва эътибор бермаган инсон сизни ҳурмат қилмайди.

Қўллаб-қувватлаш

Дўсти учун жонини фидо қиладиганлар йўқ бўлиши мумкин, лекин сизга яхши бўлиши учун борини аямайдиган инсон бўлса, уни қадрлашингиз керак. Сизни мансабингиз ёки сиздан тегадиган фойда эмас, инсон сифатида ҳурмат қиладиган, ҳеч нарса кутмайдиган инсон билан бир умрлик муносабат бўлиши аниқ. Унутманг, вақтинчалик, кайф-сафога шерик бўладиган қўштирноқ ичидаги ошналар жуда кўп, ҳақиқий ва ишончлиларини эса топиш қийин.