ПИЁДАЛАР ҲАҚИДА ФОЙДАЛИ МАЪЛУМОТЛАР
ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИДАН иқтибослар
Пиёда — транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва йўлда бирор-бир юмуш билан банд бўлмаган шахс.
Велосипед, мопед, мотоцикл, чана, аравача ва болалар ҳамда ногиронлар аравачасини етаклаган, ногиронларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган шахслар ҳам пиёда ҳисобланадилар.
Пиёдаларнинг ташкилий жамланмаси — Қоидаларнинг 16-банди талабларига мувофиқ, йўлда бир йўналишда биргаликда ҳаракатланаётган одамлар гуруҳи.
Пиёдалар ўтиш жойи — йўл қатнов қисмининг пиёдалар кесиб ўтиши учун мўлжалланган, 5.16.1, 5.16.2 йўл белгилари ва 1.14.1 — 1.14.3 йўл чизиқлари билан ажратилган бўлаги.
Йўл чизиқлари бўлмаса, пиёдалар ўтиш жойининг кенглиги 5.16.1 ва 5.16.2 йўл белгилари орасидаги масофа билан аниқланади.
Пиёдалар йўлкаси — йўлнинг пиёдалар ҳаракатланиши учун мўлжалланган ва транспорт воситалари ҳаракати тақиқланган қисми.
Йўл ҳаракати қатнашчиси — йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда тариқасида бевосита иштирок этаётган шахс.
IV. Пиёдаларнинг мажбуриятлари
15. Пиёдалар тротуардан ёки пиёдалар йўлкасидан, улар бўлмаганда эса йўл ёқасидан юришлари керак. Ҳажми катта юкларни олиб кетаётган пиёдалар, шунингдек ногиронларнинг двигателсиз кажавасида ҳаракатланаётган шахсларнинг тротуар ёки пиёдалар йўлкасидан ҳаракатланиши бошқа пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит бераётган бўлса, улар қатнов қисмининг четидан ҳаракатланишлари мумкин.
Тротуар, пиёдалар йўлкаси, йўл ёқаси бўлмаса ёки улардан юришнинг имконияти бўлмаган ҳолларда пиёдалар велосипед йўлкасидан ёки қатнов қисмининг четидан (ажратувчи бўлаги бор йўлларда қатнов қисмининг ташқи четидан) бир қатор бўлиб юришлари мумкин.
Қатнов қисмининг четида ҳаракатланаётган пиёдалар транспорт воситаларининг ҳаракатига қарама-қарши йўналишда юришлари керак. Ногиронларнинг двигателсиз кажавасида ҳаракатланаётган, мотоцикл, мопед, велосипед етаклаб кетаётган шахслар эса бундай ҳолларда транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши бўйлаб юришлари керак.
Пиёдалар йўлкасида, тротуарда, йўл ёқасида пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит берадиган қурилма ва тўсиқлар ўрнатиш тақиқланади.
16. Пиёдаларнинг ташкилий жамланмасига йўлнинг қатнов қисмида бир қаторда тўрт кишидан ортиқ бўлмасдан, фақат транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши бўйлаб ўнг томондан юришга рухсат этилади.
Жамланманинг олди ва орқасида чап томондан қизил байроқча, қоронғи вақтда ёки етарлича кўринмаслик шароитида эса олдинда оқ, орқада қизил рангли чироқ кўтарган кузатувчилар бўлиши керак.
Болалар гуруҳини тротуарлар ва пиёдалар йўлкаларидангина, улар бўлмаганда эса йўл ёқасидан фақат кундузи ва катта ёшдагилар кузатувида олиб юришга рухсат этилади.
17. Пиёдалар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан, улар бўлмаганда эса чорраҳаларда тротуар чизиқлари ёки йўл ёқаси бўйлаб кесиб ўтишлари керак.
Пиёдаларга кўринадиган оралиқда ўтиш жойи ёки чорраҳа бўлмаса, ажратувчи бўлаксиз ва тўсиқсиз йўллардан йўлнинг икки томони яхши кўринадиган жойидан, қатнов қисмининг четига нисбатан тўғри бурчак остида кесиб ўтишларига рухсат этилади.
18. Йўл ҳаракати тартибга солинган жойларда пиёдалар тартибга солувчининг ёки пиёдалар светофорларининг, улар бўлмаганда эса транспорт светофорларининг ишораларига амал қилишлари керак.
19. Ҳаракат тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, пиёдалар яқинлашиб келаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг йўлнинг қатнов қисмига чиқишларига рухсат этилади.
Шунингдек, улар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида кесиб ўтишда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бермасликлари, яқинлашиб келаётган транспорт воситаларининг йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, кўринишни чекловчи, тўхтаб турган транспорт воситаси ёки бошқа бирор тўсиқ панасидан чиқмасликлари керак.
Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-, видеомаҳсулотларни кўриш, радио-аудиомаҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш, ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.
Пиёдалар тўхтаб турган автобус ва троллейбуснинг орқа томонидан, трамвайнинг эса олди томонидан йўлни кесиб ўтишлари шарт.
20. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаса йўлнинг қатнов қисмига чиққан пиёдалар ушланиб қолмасликлари ва тўхтамасликлари керак. Ўтишга улгурмаган пиёдалар қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратувчи чизиқда тўхташлари лозим. Кейинги ҳаракатланиш хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ва светофор ёки тартибга солувчининг ишораларини ҳисобга олган ҳолда ўтишни давом эттиришлари мумкин.
21. Ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ-маёқчаси ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлари эса, бу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак.
22. Йўналишли транспорт воситаларини фақат қатнов қисмидан баланд жойлашган кутиш майдончаларида, улар бўлмаганда эса, тротуар ёки йўл ёқасида кутишлари керак. Қатнов қисмидан баланд жойлашган майдончалар билан жиҳозланмаган бекатларда йўналишли транспорт воситалари тўла тўхтагандан сўнг унга чиқиш учун қатнов қисмига чиқишга рухсат этилади. Ундан тушгандан кейин ушланиб қолмасдан қатнов қисмини бўшатишлари шарт.
Қатнов қисми бўйлаб бекатларга бораётган ёки ундан қайтаётган пиёдалар ушбу Қоидаларнинг 18 - 21-бандлари талабларига амал қилишлари керак.
38. Тартибга солувчининг ишоралари қуйидаги маънони билдиради:
қўллари ён томонга узатилганда ёки туширилганда:
- чап ва ўнг ён томонидан трамвайга тўғрига, рельссиз транспорт воситаларига тўғрига ва ўнгга ҳаракатланишга, пиёдаларга қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат берилади;
- олд ва орқа томонидан барча транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади;
ўнг қўли олдинга узатилганда:
- чап ёнидан трамвайга чапга, рельссиз транспорт воситаларига барча йўналишларда;
- олди томонидан барча транспорт воситаларига фақат ўнгга ҳаракатланишга рухсат берилади;
- орқа томонидан ва ўнг ёнидан барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади;
- пиёдаларга тартибга солувчининг орқа томонидан қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат этилади;
қўлини юқорига кўтарганда:
- ушбу Қоидаларнинг 42-бандида кўрсатилганидан бошқа ҳолларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг барча йўналишларда ҳаракатланиши тақиқланади;
- тартибга солувчи ҳайдовчи ва пиёдаларга тушунарли бўлган бошқа ишораларни ҳам бериши мумкин. Ишоралар яхши кўриниши учун тартибга солувчи жезл ёки ёруғлик қайтарадиган қизил рангли мосламаларни қўллаши мумкин.
42. Сариқ ишора ёнганда ёки тартибга солувчининг қўли юқорига кўтарилганида, ушбу Қоидаларнинг 41-бандида назарда тутилган жойларда, кескин тормоз бермасдан тўхташга улгура олмайдиган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига ҳаракатни давом эттиришга рухсат этилади.
Ушбу ишоралар берилганда, қатнов қисмида бўлган пиёдалар уни бўшатишлари, агар бунинг иложи бўлмаса, қарама-қарши йўналишлардаги транспорт оқимларини ажратувчи чизиқда тўхташлари керак.
43. Тартибга солувчининг ишораси ва кўрсатмалари светофор ишоралари, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига зид келган ҳолларда ҳайдовчи ва пиёдалар тартибга солувчининг ишораси ва кўрсатмаларига амал қилишлари керак.
96. Чапга ёки ўнгга бурилаётган ҳайдовчи кесишаётган йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёда(лар)га, шунингдек велосипед йўлкасидан йўлни кесиб ўтаётган велосипедчи(лар)га йўл бериши керак.
103. Светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнганда ҳайдовчи чорраҳа орқали ҳаракатланишни тугаллаётган транспорт воситалари ва қатнов қисмидан тегишли йўналишда ўтишни тугаллаётган пиёда(лар)га йўл бериши шарт.
109. Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёда(лар)ни ўтказиб юбориш учун тезлигини камайтириши ёки тўхташи шарт.
110. Агар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтаса, қўшни бўлакларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёда(лар) йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин.
111. Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёда(лар)га қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашига имкон беришлари керак.
112. Пиёдалар ўтиш жойларидан кейин пайдо бўлган тирбандлик туфайли ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида тўхташга мажбур бўладиган бўлса, пиёдалар ўтиш жойига кириш тақиқланади.
113. Барча ҳолларда, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида ҳам ҳайдовчи оқ ҳасса билан ишора бераётган кўзи ожиз пиёда(лар)ни ўтказиб юбориши керак.
114. Агар йўловчиларни тушириш ёки чиқариш қатнов қисмида ёки унда жойлашган майдончада амалга оширилаётган бўлса, ҳайдовчи бекатда тўхтаган йўналишли транспорт воситаси эшиклари томон бораётган ёки ундан келаётган пиёда(лар)га йўл бериши керак.
121. Автомагистралларда қуйидагилар тақиқланади:
- пиёдалар, уй ҳайвонлари, от-аравалар, велосипедлар, мопедлар, тракторлар ва ўзи юрар автомобиллар, техник тавсифномасига ёки ҳолатига кўра тезлиги соатига 40 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши.
123. Турар жой даҳалари (кириш ва чиқиш 5.38 ва 5.39 йўл белгилари билан белгиланган ҳудудлар)да пиёдаларга тротуарлар ҳамда қатнов қисмида ҳаракатланишга рухсат этилади. Бунда пиёдалар имтиёзга эга бўладилар, бироқ улар транспорт воситаларининг ҳаракатланишига асоссиз халақит бермасликлари керак.
Йўл белгилари ва ётиқ чизиқлар
1.20. «Пиёдалар ўтиш жойи». 5.16.1, 5.16.2 белгилари ва (ёки) 1.14.1 — 1.14.3 чизиқлари билан белгиланган пиёдалар ўтиш жойини билдиради.
3.10. «Пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланган».
4.6. «Пиёдалар йўлкаси». Фақат пиёдалар юришига рухсат этилади.
4.6.1. «Пиёдалар ва велосипедчиларнинг биргаликдаги ҳаракати ташкил этилган йўлак».
4.6.2. «Пиёдалар ва велосипедчиларнинг биргаликдаги ҳаракати ташкил этилган йўлакнинг охири».
4.6.3. «Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлак». 1.1, 1.25 ва 1.26 ётиқ йўл чизиғи ёрдамида, конструктив тарзда ёхуд бошқа усулда пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати ажратилган пиёдалар ва велосипедчилар йўлаги.
4.6.4. «Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлакнинг охири».
4.6.5. «Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлак». 1.1, 1.25 ва 1.26 ётиқ йўл чизиғи ёрдамида, конструктив тарзда ёхуд бошқа усулда пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати ажратилган пиёдалар ва велосипедчилар йўлаги.
4.6.6. «Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлакнинг охири».
5.16.1, 5.16.2. «Пиёдалар ўтиш жойи». Ўтиш жойи олдида 1.14.1-1.14.2 ётиқ чизиғи бўлмаганда 5.16.2 белгиси йўлдан ўнг томонга ўтиш жойининг олд чегарасига, 5.16.1 белгиси эса чап томонга ўтиш жойининг орқа чегарасига ўрнатилади.
5.17.1, 5.17.2. «Пиёдаларнинг ер остидан ўтиш жойи».
5.17.3, 5.17.4. «Пиёдаларнинг ер устидан ўтиш жойи».
7.15. «Кўзи ожиз пиёдалар». 1.20, 5.16.1, 5.16.2 белгилари ҳамда светофор билан бирга қўлланилади, пиёдалар ўтиш жойидан кўзи ожиз пиёдалар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.
Пиёдалар светофорлари
Қуйидаги пиёдалар светофорларидан фойдаланилади:
- ишоралар тик жойлашган;
- товуш ишорали;
- қўл билан бошқариладиган;
- пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи.
Ётиқ чизиқлар
1.14.1, 1.14.2 (зебра) - тартибга солинмаган ва солинган пиёдаларнинг ўтиш жойини белгилайди;
1.14.2 ётиқ чизиқнинг йўналтиргичлари пиёдаларнинг ҳаракатланиш йўналишини кўрсатади;
1.14.3 - светофор билан тартибга солинган пиёдаларнинг ўтиш жойини белгилайди;
1.25 - пиёдалар йўлкасини ёки пиёдалар ва велосипедчилар биргаликда ҳаракатланиши мўлжалланган йўлканинг пиёдалар учун мўлжалланган қисмини билдиради.
МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК
138-модда. Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши
Пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, уловли аравани бошқариб борувчи ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги —
энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш —
энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши авария ҳолатини вужудга келтирса, —
энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш, —
энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Фойдаланилган манбалар:
1-манба: ЙҲҚ (http://lex.uz/acts/2850459)
2-манба: МЖТК (http://lex.uz/docs/97664)
3-манба: YouTube/Avtotest Yo'l Harakati Qoidalari