Книга 39. «Намозда Хушуъ». Зиёвуддин Раҳим.
ТАҚРИЗ:
◼️Китоб тақризига ўтишдан олдин «хушуъ нима?» саволига жавоб топамиз.
“Хушуъ” сўзи луғатда “бўйсуниш”, “сокинлик”, “хотиржамлик”, “хокисорлик” маъноларини англатади.
◼️Намоз ўқийдиганлар кўп, бироқ уни тўкис адо этиш ҳаракатидагилар оздек туюлади.
Намоз ўқиймиз-у, лекин хаёлимиз кўпинча дунё ишлари билан банд бўлиб қолади, ибодат чоғида фикрни бир ерга жамлаш қийин кечади.
• Намозни Аллоҳ ва Расули буюрганидек ўқиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?
• Қандай иллатлар хушуъга халал беради?
• Нима қилсак, намозимиз қабул этилади?
Қўлимдаги китобда шулар хусусида сўз юритилади.
◼️Китобда намоз ҳақида кўплаб ҳадисларни топсангиз бўлади, шу ҳадислардан биттасини ўқисангиз ҳам, намозга кўпроқ аҳамият беришга, хушуъ топишга ҳаракат қиласиз.
◾️Асарни тез ўқий олмайсиз, маълумот жуда кўп, уни ҳазм қилиб, намозда унга амал қилиб, секин-секин китобдаги маслаҳатларни ҳаётга татбиқ қилишингиз учун кўп вақт кетади.
◼️Ўзим ҳам, Ин Шаа Аллоҳ, шу китобга яна кўп қайтаман, бундай китобларни бир марта ўқиш етмайди. Энг маъқул йўл ҳар куни 10-15 бетдан ўқиб, китобдаги маълумотларга амал қилиб, секинроқ ўқимоқ.
◼️Ишларингиз, ўқишингиз билан машғул бўлиб намозингига беэътибор бўлсангиз.
Аммо намозингизда хушуъ-ҳузур топмоқчи бўлсангиз, намозда дунё ишлари ҳақида ўйламай, бутун диққат-эътиборингизни Аллоҳга ибодат қилишга қаратишни истасангиз бу китоб айнан сиз учун.
ХУЛОСАЛАРИМ:
1) У зот "Кўзимнинг қувончи намоздадир” дея марҳамат қилганлар.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш бобида ҳам биз учун ибратдирлар. У зот намозни жуда чиройли адо этардилар, айниқса, мушкул вазиятда қолганда намоз ўқиб Парвардигордан мадад сўрар, ибодатдан чексиз ҳузур-ҳаловат олардилар. Шу сабаб: “Кўзимнинг қувончи намоздадир” дея марҳамат қилганлар. Шунингдек, муаззин Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, азон айтиб бизни роҳатлантир!” дея мурожаат этардилар.
2) Ўрта намозни сақланглар.
Аллоҳ таоло айтади:
“Барча намозларни, (хусусан) ўрта намозни сақланглар – вақтида адо этинглар, Аллоҳ
учун бўйсунган ҳолда туринглар!” (Бақара сураси, 238-оят).
Жумҳур уламоларга кўра, ўрта намоздан мурод аср намозидир.
3) Қиѐмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
“Қиѐмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. Агар фарз намозларидан бирон кам- кўсти бўлса, Парвардигор азза ва жалла: “Қаранглар, бандамнинг нафллари борми?” дейди. Шунда фарз намозларига етишмагани улар билан тўлдирилади. Кейин қолган амаллари шунга қараб бўлади”, деганларини эшитганман”
(“Сунан” соҳиблари, Доримий, Аҳмад ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Бошқа фарз амаллар – рўза, закот, ҳаж ҳам худди шундай ҳисоб қилинади. Яъни, мазкур ибодатлар нуқсони нафл рўза, нафл садақа, нафл ҳаж билан тўғриланади.
4) Аллоҳ Беш вақт билан гуноҳларни кетказади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Биронтангиз эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, унинг танасида кир қоладими?” деб сўрадилар. Шунда: “Йўқ, ҳеч қандай кири қолмайди”, дейилди. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади”, дедилар.
(Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилган).
5) Гуноҳ-маъсият кири тоат-ибодат билан тозаланади.
Агар одам намоз ўқимасдан юрса, гуноҳлари ювилмай тўпланиб қолади. Ҳафталаб, ойлаб, йиллаб намоз ўқимаган одамнинг ҳолати қандай бўлишини кўз олдингизга келтиринг. Зеро, бадандаги кирлар покиза сув билан кетказилади. Қалбга ёпишган гуноҳ-маъсият гарди эса тоат-ибодат билан тозаланади.
6) Намоз тарк этиб бўлмас ибодатдир.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Менда бавосир касаллиги бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ҳақида сўрагандим, у зот: “Тик туриб намоз ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб (ўқи). Борди-ю (унга ҳам) қодир бўлмасанг, ёнбошлаб (ўқи)”, дедилар”
(Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган).
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу бавосир касаллигига чалинган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бемор намозни қандай ўқиши ҳақида сўраганида Ҳабибимиз батафсил жавоб қайтардилар. Унга кўра, киши бетоблиги туфайли тик туриб намоз ўқий олмаса, ўтириб ўқиши мумкин. Агар ҳолати оғирлигидан ўтиришга ҳам имкон топилмаса, ѐнбошлаб ўқийди.
Намоз тарк этиб бўлмас ибодатдир. Ҳатто касаллик, заифлик ҳам намозни қолдиришга узр бўлмайди. Бемор ҳақида шундай дейилаётган экан, тан-жони соғ, тўрт мучаси омон, тинч-хотиржам одам намоз ўқимаслиги ҳақида бирон сўз айтиш ўринсиз.
7) Намозни маҳкам ушланглар!
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин касал бўлганларида:
“Намозни (маҳкам ушланглар), қўл остингиздагилар (риоясини қилинглар)”, дедилар, тиллари ҳаракатланмай қолгунича шу сўзларни қайтаравердилар
(Ибн Можа, Аҳмад, Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
8) Беш (маҳал) намоз, гуноҳларга каффорат бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“Беш (маҳал) намоз, жума келаси жумагача орадаги (гуноҳлар)га каффорат бўлади, фақат кабиралардан сақланилса”
(Муслим, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Байҳақий ривоят қилган).
9) Ҳар сафар сажда гуноҳлар қилганида тўкилади.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, мусулмон киши намоз ўқиѐтганида гуноҳлари бошига кўтарилади, ҳар сафар сажда қилганида тўкилади. Намоздан чиққанида гуноҳлари (бутунлай) тўкилган бўлади.
10) Намозни хушуъ билан ўқиш банданинг қиѐмат куни Аллоҳ олдида туришини осонлаштиради.
Ибн Қаййим айтади: “Банда икки ҳолатда Аллоҳ олдида туради: намозда ҳамда Аллоҳ билан учрашиладиган (қиѐмат) кунида. Агар кимда-ким биринчи туришни тўла-тўкис уддаласа, иккинчиси осон бўлади. Агар ким (намозда) туришни енгил санаса, ҳақини тўлиқ адо этмаса, охиратда Аллоҳ олдида туриши қийин кечади"
11) Намоз савоби хушуънинг даражасига боғлиқ.
Агар банда ибодат чоғида фикрини бир ерга жамласа, турли ўй-хаѐлларни бир четга суриб, Аллоҳга ихлос-ла юзланса, савобни тўлиқ олади. Акс ҳолда ибодат ажри нуқсонли бўлиб қолади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта бир киши (намоздан) чиқади ва унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири, ярми ѐзилади” деганларини эшитганман” (Абу Довуд ҳасан санад билан ривоят қилган).
12) Сиз менга масжидга келганларни эмас, намозга келганларни ифторликка таклиф қил, деган эдингиз
Ривоят қилинишича, бир куни (ўшанда рамазон ойи эди) Аббосийлар давлати бошлиғи Ҳорун ар-Рашид шайх Баҳлулга қараб:
– Эй Баҳлул! Шом намозида масжидга боринг, намозга келганларни ифторликка таклиф қилинг, – деди.
Шайх Баҳлул шом намозига масжидга борди. Азон айтилиб, намоз адо этилди. Намоздан сўнг шайх Баҳлул ўн киши билан бирга саройга келди. Ҳорун ар-Рашид жамоат жуда озлигини кўргач, ҳайратланиб сўради:
– Булар ким, эй Баҳлул?
– Султоним, булар сиз ифторликка таклиф этган кишилар.
– Мен: “Намозга келган барчани саройга чақиринг”, демаганмидим?
- Худди шундай, ҳазратим, сиз менга масжидга келганларни эмас, намозга келганларни ифторликка таклиф қил, деган эдингиз. Мана, намозга келганлар келишди...
– Қанақасига?..
– Намоздан сўнг камина масжид эшиги олдида туриб, чиқаѐтганлардан: “Имом намозда қайси сураларни ўқиди?” деб сўрадим. Бу саволга фақат мана шу инсонларгина жавоб беришди. Масжидга келганлар кўпчилик эди, аммо намозга келганлар фақат шу кишилар экан, – деб жавоб берди Баҳлул доно.
13) Дуоларни, зикрларни, қироатни, бажарилаѐтган амаллар маъносини тушуниш керак.
Намозда хаѐлни бир ерга жамлаш, васвасани кетказиш учун ўқилаѐтган дуоларни, зикрларни, қироатни, бажарилаѐтган амаллар маъносини тушуниш керак. Шунда қалб уйғонади, банда Аллоҳ билан юзма-юз туриб У Зотга муножот қилаѐтганини, Уни кўриб турганини сезади. Агар инсон намоз лаззатини тотиб кўрса, ибодатдан ором олса, бошқа нарсаларга чалғимайди.
14) Энг ѐмон ўғри намозидан ўғрилайдиганидир.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Одамлар ичида энг ѐмон ўғри намозидан ўғрилайдиганидир”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, намозидан қандай ўғрилайди?” деб сўрашди. У зот: “Рукуъ ва саждасини мукаммал қилмайди ѐки рукуъда, саждада белини тўғри тутмайди”, деб жавоб бердилар”
(Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий, Табароний ривоят қилган. Бу – саҳиҳ ҳадис)
15) Унинг бир (маҳал) намози ҳам қабул қилинмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
"Бир киши олтмиш йил намоз ўқийди. Унинг бир (маҳал) намози ҳам қабул қилинмайди. Эҳтимол у рукуъни мукаммал, саждани чала қиларди ѐки саждани мукаммал, рукуъни чала қиларди” (Абулқосим Исфаҳоний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан)
16) Ҳар бир сажда (яъни, ибодат) чоғида зийнатланинг.
Мусулмон киши намоз ўқишдан олдин тоза, чиройли либослар кияди. Зеро, Парвардигоримиз азза ва жалла шундай амр қилган:
“Эй одам болалари, ҳар бир сажда (яъни, ибодат) чоғида зийнатланинг!..” (Аъроф сураси,
31-оят).
17) Намозни интиқиб кутиш.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Намозни (кутиб) ўтирувчи (намозда) турувчи кабидир. У уйидан чиққанидан то қайтгунича намозхонлардан деб ѐзилади”
(Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма, Байҳақий ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
НАМОЗДА ХУШУЪНИ ЖАЛБ ҚИЛУВЧИ САБАБЛАР
1-САБАБ. АЛЛОҲ ТАОЛОНИ ТАНИШ, У ЗОТ НАҚАДАР УЛУҒЛИГИНИ
АНГЛАБ ЕТИШ
Киши имони қанча кучли бўлса, ибодатни шунча мукаммал адо этади. Қайси банда Аллоҳни яхшироқ таниса, Раббига кўпроқ хушуъ қилади. Аллоҳнинг қудрати, мўъжизалари ҳақида фикр юритилса, У Зот яхшиликлари, лутфу карами, адолати, улуғлиги ҳақида мулозаҳа қилинса, қалбдаги имон мустаҳкамланади. Агар инсон Аллоҳни яхши кўрса, намозда У билан муножот қилишини, ѐлғиз қолишини билса, Рабби билан учрашадиган онлар яқинлашган сари унинг ҳолати ўзгаради, бутун вужудини ҳис-ҳаяжон эгаллайди.
Мўмин киши намозни Аллоҳ розилиги учун ўқийди. Шунингдек, бу билан зиммасидаги бандалик вазифасини ўташни, охиратга захира бўлишини мақсад қилади. Иши юришиши, соғлиғи яхши бўлиши каби моддий манфаатларни кўзлаб бажарилган амал нохолис ҳисобланади.
3-САБАБ. ҚАЛБ ҚАТТИҚЛИГИНИ ДАВОЛАШ
Қалб қаттиқлигини даволашдан аввал унинг сабаблари, белгилари аниқланади.
ҚАЛБ ҚАТТИҚЛИГИ САБАБЛАРИ, БЕЛГИЛАРИ ВА ДАВОСИ
Қалб қаттиқлиги сабаблари:
– Аллоҳ кўриб турганини унутиш.
– қалбнинг Аллоҳдан бошқасига боғланиши.
– ғафлатга ботиш.
– Аллоҳни ѐд этмаслик.
– орзу-ҳавасларга берилиш.
– ҳаром-ҳариш нарсалар истеъмол қилиш.
– кибр отига миниш, бировларни менсимаслик.
– одамларга қўпол муомала қилиш.
– зулм-ситам ўтказиш.
– ўткинчи дунѐга берилиш, бойлиги билан мақтаниш, ўлимни, қабрдаги ҳолатни, охиратни
унутиш.
– номаҳрамларга ҳирс билан қараш.
– ўзини тергамаслик, орзулар кетидан қувиш.
– динга ҳам, дунѐга ҳам фойдасиз сўзларни кўп гапириш.
– Аллоҳ ҳаром қилган ишларга журъат этиш, “Аллоҳ кечирворади!” деб гуноҳдан тап
тортмаслик.
– шубҳали нарсалар атрофида ўралашиб қолиш, неъматларни исроф қилиш.
– ҳазиллашишда меъѐрни билмаслик;
– кўп кулиш, кўп ейиш, кўп ухлаш.
– ҳеч қандай сабабсиз ғазабланиш, нафси учун ўч олиш.
– ѐлғон гапириш, ғийбат қилиш.
– ѐмон суҳбатдош билан ўтириш.
– ҳасад, ичиқоралик, кўролмаслик, адоват, нафрат.
– вақтни бекор кетказиш, фойдали ишлар билан шуғулланмаслик.
– шаръий илмларга қизиқмаслик.
– ножоиз нарсаларни эшитиш, шариат қайтарган томошаларни кўриш.
– дуога эътиборсизлик.
Қалб қаттиқлиги белгилари, оқибатлари:
– Қалби қотиб қолган кимса тоат-ибодатларга дангасалик қилади, яхши ишларга кўп ҳам
эътибор бермайди. Унинг намози фақат ѐтиб-туришдангина иборат бўлади. Бундай киши ибодатни зўрға адо этади, намозга эринади, роҳат-фароғатни хуш кўради.
– бағритош кимса Қуръон эшитганда таъсирланмайди, қулоғига панд-насиҳат кирмайди, жаннат васф қилинганда шавқи ошмайди, жаҳаннам зикр этилганда сергак тортма
– қалби тошдек қаттиқ шахс теварак атрофдаги воқеа-ҳодисалардан таъсирланмайди, ҳеч нарсага эътибор бермайди. Чунки унда қўрқув йўқ. Қабристонда ҳам ўзини худди бозорда юргандек ҳис қилади, маййитлар ҳолидан ибрат олмайди, охиратни эсламайди.
– дили қотиб қолган одам дунѐни охиратдан устун қўяди. Унинг бор эътибори беш кунлик дунѐга қаратилган, ғам-ташвиши ҳам дунѐдан иборат. Унинг назарида моддий ашѐлар биринчи ўринда туради. Бундай кимсада ғайрат-шижоат бўлмайди. Шунинг учун ҳаром ишлар содир этилсаям пинагини бузмайди, гуноҳларни менсимайди, яхшилик қадрига етмайди, ѐмонликдан ҳазар қилмайди.
– бағритош кимса меҳр-мурувватни четлаб ўтади, камбағалларга раҳми келмайди, етимлар ҳолига ачинмайди, қариндошлари билан борди-келди қилмайди.
Қалб қаттиқлиги давоси:
– Аллоҳ буюрган амалларни бажариш, қайтарганларидан қайтиш;
– одамлар орасида ҳам, ѐлғиз қолганда ҳам Аллоҳ кўриб турганини қалбдан ҳис этиш;
– фойдали илм олиш;
– Қуръонни ихлос билан, тафаккур билан ўқиш;
– гуноҳларни тарк этиш, Аллоҳга чин дилдан тавба қилиш, истиғфор айтиш (Чунки, гуноҳлар
кетма-кет содир этилаверса, қалбни қотириб юборади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Савобли ишлар юзни чароғон этади, қалбга нур бағишлайди, ризқни кенгайтиради, танани бақувват қилади, (Аллоҳ тарафидан яратилган) мавжудотлар қалбида муҳаббат уйғотади. Гуноҳлар эса юзни қаро қилади, қалбга зулмат олиб киради, танани заифлаштиради, ризқни камайтиради, мавжудотлар қалбида нафрат уйғотади95”.
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳаѐтларини ўрганиш;
– одамларга кўз-кўз қилмасдан садақа бериш;
– камбағалларга, бева-бечораларга яхшилик қилиш, етимнинг бошини силаш (Зеро, етимларга,
камбағалларга ғамхўрлик қилмайдиган, фақат ўзини ўйлайдиган кимса қалби қотиб кетади. Ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, қалби қаттиқлигидан шикоят қилганида у зот ҳалиги кишини мискинларга таом беришга, етимлар бошини силашга чақирганлар96);
– кишиларни яхшиликка буюриш, ѐмонликдан қайтариш;
– ота-она хизматида бўлиш, дуоларини олиш;
– қариндош-уруғлари билан силаи раҳм қилиш;
– беморлар ҳолидан хабар олиш, уларга ширин сўз айтиш, совғалар бериб кўнгилларини
кўтариш.
– қабристонни зиѐрат қилиш, маййитлардан ибрат олиш (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабристонга боришдан қайтаргандим. Энди у ерга бораверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ѐшлантиради, охиратни эслатади. Лекин ботил (беҳуда) сўзларни гапирманглар”, деганлар97);
– ўлимни, қабрда ѐлғиз қолишни, савол-жавобни эслаш (Ўлимни эслаш лаззатларни парчалайди, кўзнинг ширасини кетказади, одамни сергакликка ундайди, ғафлат уйқусидан уйғотади);
– қалби ва тили билан Аллоҳни кўп зикр қилиш (Бу нарса қалбнинг маънавий иллатлардан саломатлигини таъминлайди. Чунки беҳуда сўзларни кўп гапириш қалбни қотиради. Доим Аллоҳни зикр қиладиган банда дили юмшайди. Ибн Қаййим айтишича, қалб ғафлат ва гуноҳ сабабидан занглайди, истиғфор ҳамда зикр билан жилоланади. Қуйидагилар зикр сирасига киради: Қуръон ўқиш, Аллоҳнинг гўзал исмларини, сифатларини эслаш, У Зотга мақтов айтиш, яккаю ягоналигини, ҳар қандай нуқсонлардан поклигини эътироф этиш, Аллоҳга дуо қилиш, Парвардигори буйруқларини, қайтариқларини эслаш, Аллоҳнинг фазлу марҳаматларини тилга олиш ва ҳоказо);
– кўпроқ нафл намоз ўқиш;
– гўзал хулқли бўлиш;
– кўп кулмаслик (Чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради);
— таниган-танимаган одамга салом бериш;
– ўлимдан олдин нафсини тергаш, ўзини ҳисоб-китоб қилиш;
– солиҳлар суҳбатидан баҳраманд бўлиш;
– қалбни даволашда улуғлар айтган сўзлар аҳамияти катта. Чунки ҳикматли сўзлар кишини
сергак торттиради, қалбида ғайрат-шижоат пайдо қилади. Иброҳим Хаввос раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Бешта нарса қалб давосидир: Қуръонни тадаббур билан қироат қилиш, қориннинг бўшлиги (рўза тутиш, камроқ овқат ейиш), тунги намозда қоим бўлиш, саҳар чоғида Аллоҳга тазарруъ қилиш, солиҳлар мажлисида қатнашиш”);
– вақтни ғанимат билиб, эзгу амалларга бел боғлаш, охират тадоригини кўриш; – дунѐнинг ортиқча матоҳларидан четлашиш;
– қиѐмат куни Аллоҳга ҳисоб беришни ўйлаш;
– одамлар хатосини кечириш;
– ҳалол касб-кор билан шуғулланиш.
– барча мўмин-мусулмонлар ҳақига дуо қилиш;
– жониворларга шафқат қилиш;
– нафл рўза тутиш;
– кишилар орасини ислоҳ қилиш;
– жаннат неъматларини, жаҳаннам азобларини эслаш;
– Аллоҳ берган ҳисобсиз неъматлар ҳақида фикр юритиш; – Аллоҳга доим дуо-илтижо қилиш, ўзини хокисор тутиш.
6-САБАБ. ҲАЛОЛ ИШЛАШ, ПОКИЗА НАРСАЛАР ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ
Мўминун сурасининг 51-оятида айтилади:
“(Юборган барча пайғамбарларимизга:) “Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар, яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаѐтган ишларингизни Билувчиман” (дедик)”.
8-САБАБ. ГУНОҲ-МАЪСИЯТЛАРДАН САҚЛАНИШ
Бандани хушуъдан тўсадиган асосий нарса гуноҳдир.
9-САБАБ. КЎЗНИ НОЖОИЗ НАРСАЛАРДАН ТИЙИШ
10-САБАБ. ТАҲОРАТНИ МУКАММАЛ ҚИЛИШ
11-САБАБ. НАМОЗ ЎҚИШДАН ОЛДИН МИСВОК ҚИЛИШ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни ҳар бир намозни мисвок (ишлатиб ўқиш)га буюрган бўлардим”
(Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган).
14-САБАБ. ЖАМОАТ НАМОЗИГА БОРИШДАН ОЛДИН САРИМСОҚ, ПИЁЗ КАБИ БАДБЎЙ НАРСАЛАР ЕМАСЛИК
Абдулазиз ибн Суҳайбдан ривоят қилинади:
"Анасдан саримсоқ ҳақида сўралди. Шунда у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мана бу дарахтдан еса, бизга яқинлашмасин, биз билан намоз ўқимасин!” деганлар”, деб айтди”
(Бухорий, Муслим ривоят қилган).
20-САБАБ. ЗАРУРАТСИЗ ЁН АТРОФГА ҚАРАМАСЛИК
28-САБАБ. НАМОЗНИ ТАОМ ҲОЗИР БЎЛГАНДА ЎҚИМАСЛИК
Овқат пишганда намоз бироз ортга сурилади. Чунки қорин оч пайтда дастурхонда ширин таом тайѐр турган бўлса, фикр ўша ѐққа кетиб қолади. Жуда оч қоринган қилинган ибодатда хушуъ, ҳаловат бўлмайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангизнинг кечки овқати (олдига) қўйилганда намозга иқомат айтилса, аввал овқатдан бошласин, ундан фориғ бўлгунича шошилмасин” (Бухорий, Термизий, Ибн Можа ривоят қилган)
29-САБАБ. НАМОЗНИ ҲОЖАТ ҚИСТАБ ТУРГАНДА ЎҚИМАСЛИК
35-САБАБ. НАМОЗДА ЭСНОҚНИ ҚАЙТАРИШ
Эснаш ҳафсаласизлик, дангасалик белгисидир. Эснаш чарчоқни кучайтиради.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Агар биронтангиз эснаса, қўли билан оғзини ѐпсин. Чунки, шайтон (унинг ичига) киради” (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ривоят қилган).
38-САБАБ. НАМОЗНИ ВАҚТИДА ЎҚИШ
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аллоҳ учун қайси амал энг севимли?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси (амал)?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Кейин қайси (амал)?” деб савол бердим. Шунда у зот: “Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга уларни айтдилар. Агар сўрашда давом этганимда жавоб бераверардилар” (Бухорий, Муслим, Насоий ривоят қилган).
39-САБАБ. БАНДА АЛЛОҲГА ХИТОБ ҚИЛАЁТГАНИНИ, АЛЛОҲ УНГА ИЖОБАТ ЭТИШИНИ АНГЛАШ
Мўмин киши Қуръон ўқиѐтганида Аллоҳ уни тинглайди. У Зот нафақат бандани кўриб-эшитиб туради, балки Фотиҳа сурасининг ҳар бир оятига жавоб қайтаради. Келинг, шу ўринда Фотиҳа сураси фазилати ҳақида айтилган ажойиб бир ҳадиси шарифни кўриб чиқамиз
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: “Намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига тақсимладим. Бандам учун сўраган нарсаси (берилади). Агар банда: “Алҳамдулиллааҳи роббил ъааламийн”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди. Агар (банда): “Ар-роҳмаанир роҳийм”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени мақтади”, дейди. Агар (банда): “Маалики явмид дийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени улуғлади”, дейди. (Ровий айтади:) “Бир марта, бандам Менга (ишини) топширди, дейди”, деб айтган эдилар. Агар (банда): “Иййаака наъбуду ва иййаака наста-ъийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу Мен билан бандам ўртасидаги нарса. Бандамга сўрагани (ато қилинади)”, дейди. Агар (банда): “Иҳдинассиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим, ғойрил мағзувби ъалайҳим ва лаз-зооллийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу бандам учун. Бандамга сўрагани (берилади)”, деб айтади”, деганларини эшитганман” (Муслим, “Сунан” соҳиблари, Молик, Аҳмад ривоят қилган).
40-САБАБ. ҚУРЪОН МАЪНОСИНИ ТУШУНИШ.
Қуръон маъноларини англаш киши қалбида хушуъ пайдо қилади. Қуръон ўқиш, эшитиш, ѐд олиш қалб касалликларининг энг зўр давосидир.
Қуръонни тадаббур қилишга жуда кўп тарғиб этилган. Жумладан, Нисо сурасининг 82-оятида шундай дейилган:
“Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқаси томонидан (нозил қилинган) бўлганида, унда кўп қарама-қаршиликларни топардилар”
41-САБАБ. ҚУРЪОННИ БЕХАТО ВА ЧИРОЙЛИ ЎҚИШ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг зийнати бор. Қуръоннинг зийнати – чиройли овоз” (Зиѐ Мақдисий ривоят қилган, “Иснодининг охири саҳиҳ”, деган).
43-САБАБ. НАМОЗ СУННАТЛАРИНИ ТАРК ЭТМАСЛИК
Қуйидагилар намознинг суннатларидир:
1. Такбири таҳримада қўл бармоқларини ўз ҳолида очиқ тутиб қулоққа текказиш (Аѐллар такбири таҳрима айтишда қўлларини елка бараварида кўтарадилар).
2. Иқтидо қилувчи такбири имом такбири билан олдинма-кетин бўлиши.
3. Эркакларнинг ўнг кафтларини чап кафтлари устига қўйиб, иккисини киндик остида тутиб туришлари (Аѐллар ўнг кафтларини чап кафтлари устига қўйиб, кўкраклари устида ушлаб турадилар).
4. “Аллоҳу акбар” деб такбир айтгандан кейин санони махфий (ичида) ўқиш.
5. Санодан кейин “Аувзу”, ҳар ракатда Фотиҳадан олдин “Бисмиллааҳ” айтиш (Тааввуз ҳам, басмала ҳам махфий – овоз чиқармай, пичирлаб айтилади).
6. Фақат биринчи ракатда Фотиҳадан олдин “аувзу”ни айтиш.
7. Фотиҳа сурасини ўқиб бўлгач, ичида “Омин” дейиш (Буни имом ҳам, муқтадий ҳам, ѐлғиз намоз ўқувчи ҳам айтади).
8. Имомнинг рукуъдан кейин “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, иқтидо қилганларнинг эса “Роббанаа лакал ҳамд”, дейиши (Намозни бир ўзи ўқиган киши иккаласини ҳам айтади).
9. Бир рукндан бошқа рукнга ўтаѐтганда “Аллоҳу акбар”, деб такбир айтиш.
10. Имом такбирларни овоз чиқариб айтиши. Иқтидо қилувчилар эшитиши учун такбирларни жаҳрий айтилади.
11. Қиѐмда икки оѐқ орасини тўрт бармоқ кенглигида очиб туриш.
12. Рукуъда қўл бармоқларини очиб, икки тизза кўзини маҳкам ушлаш, бошни орқа билан бир текис қилиш, белини тўғри тутиш, камида уч марта “Субҳаана роббиял азийм”, дейиш.
13. Рукуъдан бош кўтаргач, аъзолар ҳаловат топгунча бироз туриш.
14. Қиѐмдан саждага боришда аввал тиззани, кейин кафтни, кейин бурунни, охирида пешонани қўйиш. Саждадан қиѐмга туришда бунинг тескариси қилинади: аввал пешона, кейин бурун, кейин кафтлар, охирида тизза ердан кўтарилади.
15. Саждада пешонани қўллар орасига олиш, бармоқларни жипслаб, бош бармоқни қулоғи тўғрисида ушлаш, камида уч марта “Субҳаана роббиял аълаа” дейиш.
16. Саждада эркаклар оѐқлари, тиззалари, қўллари, пешонаси, бурни ерга тегиб туриши, билакларини ерга ҳам, қорнига ҳам текказмай тутиши (Аѐллар саждада қоринларини сонларига, қўлларини ерга текказиб туришади).
17. Икки сажда орасида ўтириш. Бунда икки кафт худди ташаҳҳуддагидек тиззалар устига қўйилади.
18. Эркакларнинг чап оѐқ устига ўтириши, ўнг оѐғини тик қилиб, бармоқ учларини қиблага қаратиши (Аѐллар эса икки оѐғини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтиради).
19. Ташаҳҳуддан сўнг салавот айтиш, кейин Қуръонда, ҳадисларда келган дуоларни ўқиш.
20. Намоздан чиқаѐтганда аввал ўнг, кейин чап томонга салом бериш.
21. Имомнинг ҳар икки томонга салом бераѐтганида жамоатни, ҳимоя қилувчи фаришталарни,
солиҳ жинларни ният қилиши.
22. Иқтидо қилган кишининг, имом ўнг томонда бўлса, ўнгга берган, чапда бўлса, чапга берган,
олдида бўлса, ҳар икки томонга берган саломида имомни, жамоатдаги биродарларини, ҳимоя қилувчи фаришталарни, солиҳ жинларни ният қилиши.
23. Ёлғиз намоз ўқиган киши салом бераѐтганда фақат фаришталарни ният қилиши.
24. Жамоат саломини имом саломига эргаштириши.
25. Тўрт ѐки уч ракатли фарз намозларининг учинчи, тўртинчи ракатларида Фотиҳа сурасини
қироат қилиш. Лекин нафл (жумладан, таъкидланган суннат) намозларининг учинчи, тўртинчи ракатларида Фотиҳа сураси билан зам сура ўқиш вожибдир.
26. Фарз намозларини жамоат бўлиб ўқиш.
Мазкур суннат амалларни тарк этиш билан намоз бузилмайди, лекин гўзал суратда адо этилмаган бўлади. Демак, намозни хушуъ билан ўқишда, улуғ ажр-савоблар олишда намоздаги суннат амаллар ўрни катта.
51-САБАБ. НАМОЗДАГИ ҚАВЛЛАР МАЪНОСИНИ ТУШУНИБ ЕТИШ
БОМДОД НАМОЗИГА УХЛАБ ҚОЛМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Савол: Мен бомдод намозига туришга қийналаман, кўпинча ибодатни ўтказиб юбораман. Бунинг олдини олиш учун қандай маслаҳат берасиз?
Жавоб: Бомдод намозига вақтида туриш учун:
1. Вақтилироқ ухлаш, телевизор, компютер, телефон каби нарсаларга кўп чалғимаслик.
2. Ухлашдан олдин таҳорат қилиб, дуоларни ўқишга одатланиш.
3. Эрталаб намозга туришга қатъий ният қилиш.
Аниқланишича, агар одам ўз миясига “Фалон вақтда туришим керак”, деб буйруқ берса, ўша
вақтда биров уйғотмаса ҳам уйқудан турар экан. Шу билан бирга соат, телефон каби воситалардан фойдаланса ҳам бўлади.
4. Банда намозга турмасдан ухлаб ѐтаверса, шайтон унинг устидан кулишини унутмаслик.
5. Шунинг учун бомдодга турганда Аллоҳ зикр қилинади. Бу билан шайтон тугган туганлардан бири ечилади. Агар “Бироз мизғиб олай, ҳали вақт бор-ку”, деб ѐтаверса, шайтон бандани ўзига бўйсундиради.
6. Бомдод намозини ўқимасдан қуѐш чиққунча ухлаш дангасаликка, лоқайдликка сабаб эканини, ризқни торайтиришини ѐдда тутиш.
7. Тунги намозга турадиганлар ибодатни чўзиб юбормаганлари маъқул. Чунки кечаси таҳажжуд намозида толиқиб, бомдодга яқин ухлаб қолиши эҳтимоли бор. Ваҳоланки, бомдод намози фарз, таҳажжуд эса суннатдир. Суннатни ўқийман, деб фарзни тарк этиш тўғри эмас.
8. Кечаси камроқ овқат ейиш. Чунки кўп овқат еган одамнинг тана аъзолари оғирлашади, чарчайди. Натижада уйқучи бўлиб қолади, уйқудан вақтида тура олмайди. Тиббиѐтда ҳам ѐтишдан олдин кўп таом ейишдан қайтарилади, енгилроқ тамадди қилиш тавсия этилади.
9. Суннатга мувофиқ ухлаш. Яъни, аввал таҳорат қилинади. Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуолар ўқилади, Оятул курсий, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини қироат қилиб, ўзига дам солинади. Сўнг ўнг томони билан ѐтилади. Шунда эрталаб туриш қийин бўлмайди.
10. Энг асосийси, намоз нақадар муҳимлигини билиш, бир маҳал намозни узрсиз тарк этиш қанчалик оғир гуноҳлигини тушуниб етиш лозим. Мунофиқлар учун хуфтон билан бомдод намози энг оғир юмуш экани маълум.