May 31, 2022

Книга 38. «Жаннатга таклифнома». Адам Узкуса.

​​ТАҚРИЗ:

◼️Китоб нима ҳақида?

Ислом динига кирган 15дан ортиқ инсоннинг:

• олдинги ҳаёти;

• қандай қилиб исломга қиргани;

• яқинлари бунга қандай муносабат билдиргани;

• нега олдинги динлари ва ҳаётлари уларни қониқтирмагани;

• исломнинг қайси жиҳатини яхши куришлари;

каби саволларга берилган жавоблар, яъни муаллиф ва исломга кирган инсон билан диалог(интервью)асосида ёзилган.

◼️Китоб сизни тафаккур қилишга ундайди.

Олдинги ҳаётида кўплаб гуноҳлар қилган, Аллоҳни танимасдан улғайган инсонлар биздан(туғилганидан ислом динига мансуб жамиятда ўсган инсонлардан) кўра динга кўпроқ хизмат қилиб, Аллоҳнинг ҳар амрини ҳаётига татбиқ қилишга уруниб, ҳаётларини исломга бағишлаятганларини кўриб ўзингиздан уялиб кетасиз.

Уларнинг: “Исломга қизиққанимдан кейин Қуръонни бир ойда ўқиб тугаттим ва Бу Китоб Аллоҳ томонидан юборилган эканига ишондим. Ўқиганим сари саволларимга жавоб топдим”, деган гапларини ўқиб ажабланасиз.

Бизнинг ўлкада қанчадан-қанча одамлар ўзини мусулмон санаса ҳам, Қуръонни очиб ўқиб кўрмаган, ёки очган бўлса ҳам маъносини тушумасдан фақат чиройли қироат чиқариш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг каломини тадаббур қилмай қўйганлар.

◼️Айтканча, китобни «Қуръон ила ҳидоят топдим” деган программага ўхшаттим, 3-4 йил олдин йиғлаб, таъсирланиб кўргандим.

◼️ [ Шахсий фикрим ]

Агар тепада айтиб ўтган видео шаклидаги исломга кирган инсонлар билан интервьюларни ва китоб шаклида ёзилганини солиштирсам, менимча, видеодаги анча таъсирлироқ, қалбга тезроқ етиб борадиган бўлса керак.

◼️Нимадир етишмади…

Китоб ҳам яхши, кўп нарсаларни тафаккур қилиб кўришга ундади.

Аммо, нимадир етишмаятгандек туюлаверди менга, китоб диалог сифатида ёзилгани ва гапираётган инсон нима ҳис қилаётганини, юзида нима ифодаланаётганини билиб бўлмади, балки шунга унча таъсирланмадим.

ИҚТИБОСЛАР:

1. Қашшоқлик - Яратганни танимасликдадир.

– Инсонлар, одатда, Европага кетишни орзу қилишади, яшаш шароитлари яхши дея, аммо сен Шарққа келибсан, бунинг сабаби нимада?

– Тўғри, Европа моддий жиҳатдан бой. Аммо бойлик фақат пул билан ўлчанмайди. Ҳақиқий бойлик иймонда, қашшоқлик эса Яратганни танимасликдадир. Европа бу мавзуда жуда камбағал. Шарқхалқи киноларда кўрганидек, Европани ялтироқ тасаввур қилади. Бу – хато.

2. Мусулмонлар Қуръонни оз ўқишади.

- Исломга киргандан кейин ҳам мусулмонларнинг яшаш тарзи сизни умидсизликка туширдими?

- Ҳа, жуда кўп. Улар Қуръонни оз ўқишади. Христиан эканлигимда руҳонийларимиз бизга:

«Сизлар Инжилни тушунмайсизлар, фақат бир руҳоний ёрдамидагина англашингиз мумкин»,- дер эди.

Мен билган мусулмонлар ҳам Қуръонни: « Сен тушунмайсан, фақат бир дин олими ёрдамида англашинг мумкин », дея Қуръондан узоқ туришар эди. Бу тушунчани улар христианликдан олганлигини англадим.

3.Сени ўзгартирган бўлса ҳақ дин экан!

« Мен наркотик савдосидан кўп пул топардим, жуда бой эдим. Бирдан ҳамма нарсадан воз кечиб, мусулмон бўлишимни атрофимдаги яқинларим ғалати қаршиладилар. Аммо бунга энг кўп севинган инсон онам бўлди. Онам доим: «Агар бу дин сенингдек одамни ўзгартира олган бўлса, демак, ҳақ дин экан», дерди. Мени коп- қора жиноят дунёсидан олиб чикиб ҳидоятга қовуштирган Аллоҳимга ҳамд бўлсин!»

4. Ислом ҳаётни энг гўзал тартибга солиб қўйган.

- Европа маданиятида улғгайган бир аёл сифатида Исломнинг эркакларга берган тўрт хотин ҳаққини қандай баҳолайсиз?

- Ислом бир эркакни бир нечта аёлга уйланишига изн беради, фақат адолат қилишни шарт қилади. Бу эса ижро қилиниши энг қийин бўлган ишдир. Аллохдан қўрқадиган бир мўмин аёллари орасида адолатни қойим қила олмаслик ҳадигини тарк қила олмайди. Европада бир аёл айни замонда бир неча эркак билан баробар жинсий муносабат қилаверади, эркаклар ҳам шунақа. Аммо Ислом жинсий ҳаётни энг гўзал тартибга солиб қўйган.

5. Ислом ўлкаларидан келиб Европага жойлашган мусулмонлар Европада колиш учун Исломнинг баъзи амрларини бажармайди ёки мусулмон эканлигидан уялади.

Исломни қабул қилганлар билан гаплашганимда уларнинг:

“ Биз бугунги кун мусулмонларни таниганимиз сари умидсизликка тушдик”, дейишади. Сиз ҳам гувох бўлдингизми бундай ҳолатларга?

- Ҳа, инсонларнинг намоз ўкимасдан, ҳижоб ўрамасдан, ёлғон гапириб, ваъдасига вафо қилмаган ҳолда биз ҳам мусулмонмиз дейишлари мени хафа қилади. Ислом ўлкаларидан келиб Европага жойлашган мусулмонлар Европада колиш учун Исломнинг баъзи амрларини бажармайди ёки мусулмон эканлигидан уялади. Ваҳоланки, мусулмон бўлишнинг ўзи буюк бир қувватдир. Илм соҳиби бўлган ёлғиз Аллоҳдир, у инсонларни ҳақиқатга боғланиши учун ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг воситалари ила бу динни нозил қилди. Тўғри бўлган барча қонун- қоидалар Исломникидир. Бу сўзларни ҳар жойда ҳар доим айтишдан қўрқмаслигимиз керак.

6. Кейинчалик мусулмон бўлганлар эса Ислом ҳакида кўп нарса билмайди, аммо Исломда яшаш учун жонини беради.

Мусулмонлари икром соҳибидирлар. Европа маданияти инсонга факат худбинликни, ўзидан бошқа ҳеч ким ҳақида қайғурмасликни ўргатади.

- Бугунги мусулмонларга берадиган баҳоингиз?

- Мусулмон бир оилада туғилганлар Исломни яхши билади, аммо Исломда яшамайди. Кейинчалик мусулмон бўлганлар эса Ислом ҳакида кўп нарса билмайди, аммо Исломда яшаш учун жонини беради. Французларнинг кўпи мусулмонлардан қўрқади. Бунинг сабабчиси ОАВлардир. Тўхтовсиз Исломни ёмон кўрсатадиган ёйинлар эълон қилинади. Шунга қарамасдан Франциядан Ислом ёйилмокда.

7. Ислом менга сўнгсиз ишонч туйғусини берди.

- Ислом сизнинг ҳаётингизга нималар қўшди?

- Ислом менга сўнгсиз ишонч туйғусини берди. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдандир. Шунинг учун келажакда менга бир ёмонлик келса, ҳеч қўрқмайман. Бу дунёга охиратга эришиш учун бир восита деб қарайман. Ислом менинг ҳаётимга маъно берди. Инсонлар бу ҳаётда олдиларига катта- катта мақсадлар қўядилар. Бу орзуларим амалга ошган куни бахтли бўламан деб ўйлайди. Аммо бу бахт ўткинчи. Абадийси охиратдадир.

8. Улар ниҳоятда иродасиз бўлгани учун доим бир Яратувчига эҳтиёж сезади.

Бир пайтлар Германияда машҳур мусиқачи бўлган Жулиа Жувайрия ўзига совға қилинган китоб сабабли ғалати воқеаларни бошдан кечиради. Бу воқеалар унинг Исломга киришига сабаб бўлган эди.

Унгача Жулиа мусулмонлардан нафратланарди. Нафратини қуйидагича ифодалайди: « Ҳидоят топишимдан аввал мусулмонлар мен учун жохил, ҳаётдан завқ олмайдиган, ҳурлигини йукотган инсонлар эди. «Улар ниҳоятда иродасиз бўлгани учун доим бир Яратувчига эҳтиёж сезади »,- деб айблар эдим.