April 2, 2022

Книга 28. «Мўминнинг қалқони. Муфассал рўза китоби». Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Тақриз

Навбаттаги китоб: «Мўминнинг қалқони» номли муфассал рўза китоби. Нега қалқон? Чунки, рўза бандаларни гуноҳ ва хатолардан, дўзах ўтидан тўсувчи қалқондир.

Маълумки, Рамазон ойи рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб ета олмайди.

Шунингдек, ушбу китобда рўзанинг беҳисоб фазилатлари, унинг суннатлари, рўзадорнинг ният қилиши, рўзани бузадиган ва бузмайдиган амаллар, ифторлик ва саҳарлик қилиш, ифторлик пайтида ўқиладиган дуолар, Рамазон ойи ва рўза ибодатига оид аёлларга хос масалалар ҳақида ҳам кўпгина маълумотлар берилади.

Рамазон ойида бўладиган таровеҳ намози, фидя, фитр садақаси, эътикоф ўтириш, ийд намозини адо этиш каби ибодатлар ҳақида ҳам атрофлича тўхталади.

Шу билан бирга, сиз ушбу китобдан рўза тутмасликларига ёки қазо қилиб тутишларига рухсат берилган кишилар, рўза тутиш ман қилинган кунлар, нафл рўзалар ҳақида, минг ойдан яхшироқ бўлган Қадр кечаси ва яна кўпгина бошка нарсалар ҳақида қимматли маълумотларни топасиз.

Мана Рамазонга ҳам бошланди, шу китобни албатта ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиши керак. Чунки, рўзани аҳамиятини, фазилатини фақатгина бу савобли амал ҳақида етарлича маълумоти бор одам англаб етади.

Аммо китоб ўқишга вақтингиз тиғ бўлса, шу конспектни ўқисангиз ҳам анча фойдали маълумотларни билиб оласиз.

РЎЗА ҚАНДАЙ ИБОДАТ?

Рўза дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин орадан бир ярим йил ўтгач- яъни ҳижратнинг ўн саккизинчи ойи, шаъбон ойининг ўнинчи кунида фарз қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар.

Араб тилидаги «совм» (рўза) луғатда «ўзни тийиш» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса Рамазон ойида тонг отганидан то куёш ботгунча ният билан овкат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик « рўза » дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукнидан биридир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бу ойда исёнкор шайтонлар жиловланади, дўзах эшиклари ёпилади, жаннат эшиклари очилади, гуноҳлар мағфират қилинади.

Рўза Аллоҳ таолога муҳаббат ва ихлос белгиси сифатида бажарилади, ҳаргиз соғликни тиклаш, фазн йўқотиш ва шунга ўхшаш бошқа ниятларда эмас.

Рўзадор кишига яна ушбулар суннатдир: 1) нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш

2) фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш

3) биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш

4) мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш

5) Қуръон ўқиш

6) қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир култум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш

7) Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш

8) таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш

9) Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишининг витр намозини ҳам жамоат билан ўқиши.

“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.”

(Бақара - 183)

Бану сулаймлик бир кишидан ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «... Рўза сабрнинг ярмидир », дедилар ». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Сабр эса нафснинг энг олий мақомларидан, тақвонинг асосий омилларидан биридир. Рўза тутган кишининг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутсаю, калбида такво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.

Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу унинг Аллоҳ таолонинг Ўзига изофа килинишидир. Аллоҳ таоло ҳадиси кудсийда буни шундай баён қилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло деди: « Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман ”, деди. Рўза сақловчидир. Қай бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, « Мен рўзадорман » десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга касамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор: ифтор қилганида хурсанд бўлади ва Роббига рўбарў бўлганида рўзаси сабабли хурсанд бўлади ». Бухорий ва ва Муслим ривоят қилишган.

РЎЗА ҲАҚИДА ҲАДИСЛАР

Башир ибн Ҳасосийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:«Аллоҳ айтди: « Рўза дўзахдан қалқондир. Рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман. Зеро, рўзадор Мени деб ейишдан, ичишдан ва нафсоний истакларидан воз кечади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ учун мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир». Бағавий ва Табароний ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам: « Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади», деганлар ». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой (Рамазон) рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер », дейилади». Аҳмад ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Рамазон келса жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади », деганлар ». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ( Рамазондаги) охирги ўн кунликда бошка пайтлардагидан кўра кўпрок ибодат қилардилар ». Муслим ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Рамазон даги охирги) ўн кунлик кирса, тунни қоим қилар ва аҳлларини уйғотардилар, белларини маҳкам боғлардилар»Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам: « Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзаси очликдан бошка нарса эмас. Қанчадан-қанча намозхонлар борки, уларнинг намоздан топадиганлари уйқусизликдан қийналиш, холос”. Ибн Можа ва Ахмад ривоят қилишган.
Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг таоми ва ичимлигини тарк этишига мухтож эмас », деганлар ». Бухорий ривоят қилган.
Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шунда дедилар: «Жаннатнинг бир эшиги бор. У Райён деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради, бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда? » дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошка ҳеч ким кирмайди. Улар киргач эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошка ҳеч ким кирмайди». Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам: « Ким Аллоҳнинг йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кунлик (йиллик масофага) узоқ қилади », дедилар ». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: « Айтинг-чи, фарз намозларни ўкисам, Рамазон рўзасини тутсам, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам ва бунга ҳеч нарсани зиёда қилмасам, жаннатга кираманми? » деди. У зот: «Ҳа», дедилар. «Аллоҳга касамки, бунга ҳеч нарсани зиёда қилмайман », деди ». Муслим ривоят қилган.
Зайд ибн Холид Жуханий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорга ифтор килиб берса, унга унинг ажрича ажр бўлади. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса кам бўлмайди », дедилар ». Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

РЎЗАНИНГ ДАРАЖАЛАРИ

Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.

1) Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржнинг истак- хоҳишларидан тийилишдир.

2) Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни ҳам гуноҳлардан тийишдир.

3) Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ қалбни беҳуда қизиқишлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳ таолодан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир. Шу ўринда хосларнинг рўзаси ҳақида бироз сўз юритамиз.

«Ҳар нарсанинг закоти бор, баданнинг закоти рўза тутишдир », деганлар Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.

РЎЗАНИНГ ШАРТЛАРИ

Рўза дуруст бўлиши учун уч хил шарт топилиши лозим.

Биринчи шарт – зиммага лозим бўлиш шартлари.

Бу шартлар учтадир:

1. Ислом. Мусулмон бўлмаган одамга рўза фарз бўлмайди. Ундай одам рўза тутса ҳам, рўзаси ибодат ўрнига ўтмайди. Кофир одам Рамазонда Исломга кирса, ўша кундан бошлаб рўза тутади.

2. Ақл. Ақли йўқ одамга рўза фарз бўлмайди, чунки мукаллаф эмас.

3. Балоғат. Балоғатга етмаган ёш болаларга рўза фарз бўлмайди. Рамазон ойида балоғатга етганлар ўша кундан бошлаб рўза тутишни бошлайдилар.

Иккинчи шарт — рўзани адо этиш учун лозим шартлар.

Бу шартлар иккитадир:

1) Соғлом бўлиш. Бемор кишига рўза тутиш вожиб эмас.

2) Муқим бўлиш. Мусофирга рўза тутиш фарз эмас. У сафардан кайтганда казосини тутиб беради.

Учинчи шарт – рўзанинг тўғри бўлиши шартлари.

Бу шартлар учтадир:

1) Ният. Ниятсиз рўза дуруст бўлмайди.

2) Нифос ва ҳайздан холи булиш. Нифос ва ҳайзли бўлатуриб тутилган рўза дуруст бўлмайди.

3) Рамазон рўзасини вақтида тутиш фарз. Агар ким уни вақтида адо қилмаган бўлса, қазосини тутиши фарз.

Рамазон рўзасининг адоси ва қазоси шаръий кундузнинг ярмидан аввал ният қилиш билан тўғри бўлади. Биз яхши биламизки, қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилиш «адо» дейилади. Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилиш «қазо» дейилади.

РЎЗАНИНГ ТУРЛАРИ

Рўзанинг турлари тўрттадир:

1. Лозим рўза.

2. Ҳаром рўза.

3. Макруҳ рўза.

4. Ихтиёрий рўза.

Лозим рўза иккига: фарз ва вожибга бўлинади.

1. Фарз рўза. У ҳам иккига: тайин қилинган ва тайин қилинмаган фарз рўзага бўлинади.

Тайин қилинган фарз рўза- Рамазон рўзасини адо этишдир. Бу Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъи билан собит бўлган.

Тайин қилинмаган фарз рўза- Рамазоннинг қазоси ва каффоратининг рўзасидир. Шунингдек, ҳайз ва нифосли аёллар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам имкон топганларида Рамазоннинг казо рўзасини тутадилар.

2. Вожиб рўза.

Вожиб рўза ҳам иккига: тайин килинган ва тайин қилинмаган вожиб рўзага бўлинади.

Тайин қилинган вожиб рўза- муайян назр (тайинли кун) рўза ва Рамазон ойининг ҳилолини кўриб, шаҳодати қабул қилинмаган кишининг рўзасидир. Мусулмон киши рўза тутишни назр қилиши билан уни ўзига вожиб килиб олган бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайхи васаллам: « Уни(ҳилолни) кўриб, рўза тутинглар. Уни кўриб, рўзани очинглар», дедилар ( Термизий ривоят қилган).

Айтайлик, бир киши янги ойни кўрди, лекин  қандайдир сабабларга кўра унинг гувоҳлиги ўтмади. Юқоридаги ҳадисга биноан рўза тутиш унинг ўзига вожиб бўлади.

Тайин қилинмаган вожиб рўза:

а) Назр рўза (мутлақ рўза ҳам дейилади). Бу кунини тайин қилмасдан, бир кун рўза тутишни назр қилган кишининг рўзасидир. Масалан, «Фалон ишим амалга ошса тайин қилмасдан, бир кун рўза тутишни назр қилдим» дейилгани каби.

б) Муайян кунда рўза тутишни назр килиб, тута олмаган кишининг қазо рўзаси.

в) Рўза тутишга қасам ичиб, зиммасига рўзани вожиб килиб олган кишининг рўзаси.

г) Нафл рўзани тутишни бошлаб, охирига етказмай, очиб юборган кишининг ўша кун учун тутадиган қазо рўзаси.

д) Каффорат рўзалари: зиҳор, қатл, Рамазоннинг рўзасини касддан очиб юбориш ва қасамни бузганининг каффорати учун тутиладиган рўзалар.

е) Таматтуъ ва қирон учун эҳромга кириб, курбонлик қила олмаган кишининг ўн кунлик рўзаси.

ж) Эҳромдалик чоғида, вақти кирмасидан олдин соч олдирган кишининг каффорат учун тутадиган уч кунлик рўзаси.

з) Ҳарамда ов қилишнинг жазоси учун тутиладиган рўза.

и) Эътикофини бузиб қўйган кишининг қазо рўзаси.

РЎЗА ТУТИШ ҲАРОМ БЎЛГАН КУНЛАР

Рўза тутиш ҳаром бўлган кунлар қуйидагилардир:

1. Ийдул фитр куни, Ийдул азҳо куни ва ундан кейинги уч кун. Бу кунларда рўза тутиш ҳаромдир, чунки бу кунлар хурсандчилик кунларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг- Азҳо ва Фитр кунининг рўзасидан қайтардилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Нубайша Ҳузамий розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ташриқ кунлари еб- ичиш ва Аллоҳнинг зикри кунларидир», дедилар ». Аҳмад ва Муслим ривоят қилишган.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: « Набий соллаллоху алайҳи васаллам: « Арафа куни, курбонлик куни ва ташриқ кунлари бизнинг- аҳли Исломнинг байрамимиздир. Бу кунлар еб- ичиш кунларидир », дедилар ». « Сунан » эгалари ривоят қилишган.

2. Шак куни, яъни Рамазон киришидан олдинги кунда рўза тутиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Ҳеч бирингиз Рамазондан бир- икки кун олдин рўза тутмасин. Лекин бир кишининг одатдаги рўзаси бўлса, ўшани тутсин », дедилар ».Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилишган.

3. Рўза тутса ҳалок бўлишини билатуриб рўза тутган одамнинг рўзаси. Чунки Аллоҳ таоло:

“… (Ўзингизни) ўз қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг…”, деган ( Бақара сураси, 195- оят).

4. Аёлларнинг ҳайз ва нифос кўрган кунлари. Бу кунларда рўза тутиш мумкин эмас.

РЎЗА ТУТИШ МАКРУҲ БЎЛГАН КУНЛАР

Қуйидаги кунларда рўза тутиш макруҳдир:

1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши(агар эр яқинликка ожизлик қиладиган даражада бемор бўлса, ёки рўзадор бўлса, ёхуд ҳаж ё умрага эҳром боғлаган бўлса, макруҳ эмас).

2. Ашуро кунининг ёлғиз ўзида рўза тутиш.

3. Жума кунини хослаб рўза тутиш.

4. Шанба кунини улуғлаб рўза тутиш.

5. Якшанба кунини улуғлаб рўза тутиш.

6. Навруз куни рўза тутиш.

7. Меҳржон куни рўза тутиш.

8. Узлуксиз ҳар куни рўза тутиш.

9. Гапирмасдан рўза тутиш.

10. Улаб (саҳарлик қилмай) рўза тутиш.

11. Мусофирнинг қийналиб рўза тутиши.

ИХТИЁРИЙ РЎЗА

Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга: суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.

Суннат рўза- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий тутиб юрган ихтиёрий рўзалардир.

Мандуб ёки мустаҳаб рўзалар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг доимий тутмаган ихтиёрий рузалар бўлиб, улар куйидагилардир:

1. Бир кун тутиб, бир кун очиб юриш.

2. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш.

3. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш.

4. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш.

5. Арафа куни рўза тутиш.

6. Арафадан олдинги саккиз кунда рўза тутиш.

7. Шаъбон ойида рўза тутиш.

Нафл рўзалар- мазкурлардан бошқа рўзалар бўлиб, уларни тутиш ҳам динимизда тарғиб қилинган.

РЎЗАНИНГ НИЯТИ

« Ният » сўзи луғатда «қасд қилиш » маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса ният деб қалбнинг бир ишни қилишга азму қарор ила, иккиланишсиз эътикод қилишига айтилади. Демак, киши қалбида эртага Рамазоннинг кунларидан бири эканини билса ва рўза тутишни кўнглидан ўтказса, ният қилган бўлади. Мисол учун, ухлаб қолиб, саҳарликка тура олмаган киши уйғонгандан кейин ният килиб олаверади, аммо шаръий кундузнинг ярмидан олдин ният қилиш шарт.

Ният қилишнинг энг афзал вақти ифтор килиш пайтида эртанги куннинг рўзасини ният қилишдир. Рамазон ойида рўза кунлари эканини билсада, рўза тутишни ҳам, тутмасликни ҳам ният қилмай тонг оттирса, рўзадор бўлиб қолмайди. Зеро, рўза кунлари эканини билишнинг ўзи билан рўзадор бўлиб қолинмайди. « Иншааллоҳ, эртага рўза тутаман » дейиш билан ҳам ният дуруст бўлаверади, чунки рўзада бу калималар Аллоҳ таолодан тавфик, мадад умидини ифода килади.

Учала имомларимиз ( Абу Ҳанифа, Муҳаммад, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳим) наздида ҳар кунги рўза учун хоҳ кечаси бўлсин, хоҳ кун яримлашидан аввал бўлсин, янги ният қилиш зарурдир.

Бир киши кечаси саҳарликка тура олмаслигини ўйлаб рўзани ният килсаю, сўнг саҳарликка туриб қолса саҳарлик қилаверади ва ниятини янгилаб олади. Рўзадор рўзасини бузишни ният килса- ю, бирор нарса ичмаса, рўзаси бузилмайди.

Шунинг учун Рамазон рўзасини тутаётган киши кун ярим бўлишидан аввал (шаръий кундузнинг ярмигача) ният қилиб олса ва бу орада еб-ичиб қўймаган бўлса, рўзаси дуруст бўлаверади.

РАМАЗОННИНГ ҲИЛОЛИ

Маълумки, Рамазон ойида ҳилолни ( янги чиккан ойни) кўриш билан рўза тутиш бошланади ва шавволнинг ҳилолини кўриш билан тугатилади. Рамазон арафасида, шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни куёш ботган пайтда осмонга қараб турилади. Агар ой янгиланган бўлса, бир кўриниб ўтади ва эртанги кун Рамазоннинг биринчи куни бўлади. Агар янги ой кўринмаса, шаъбонни ўттиз кунлик қилиб, индинига рўза тутиш бошланади.

Қамарий йилда янги йил ўн икки кун олдинга сурилиб боради. Шунинг учун ҳам ҳар Рамазон аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йилда йилнинг ҳамма вақтида Рамазон тутилади. Бу эса турли шароитларида рўза тутишни таъминлайди. Бир минтакада рўза тутиш доим кулай иклим шароитида, бошкасида доимо нокулай шароитда бўлиб қолмайди.

САҲАРЛИК

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар. Табароний ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Мусулмон киши қорни тўқ бўлса ҳам, таомга эҳтиёжи бўлмаса ҳам саҳарликда бирорта хурмо ëки бир-икки қултум сув ичиб олса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига эргашган бўлади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Сахар таомидан кундузги рўзага, қайлула уйкусидан тундаги киёмга кувват олинглар», дедилар ». Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривоят қилишган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу у зотнинг «Саҳарлик килинглар, сахарликда барака бор », деганларини айтган.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик килдик. Сўнгра у зот намозга турдилар», деди. «Азон билан саҳарликнинг орасида қанча бўлар эди? » дедим. «nd », деди ». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

ИФТОРЛИК

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: « Қачон бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир », дедилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллох соллаллоху алайҳи васалламнинг шун дай деганларини эшитдим: «Ифтор пайтида рўзадорнинг мустажоб дуоси бор.» Абу Довуд ривоят қилган.

Савол: Аввал оғиз очиладими ёки шом ўқиладими?

Жавоб: Оғиз очиб, шом намози ўқилади, сўнг таом ейишга ўтирилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг оғиз очишни шошилтириш ва шомни кечиктирмаслик ҳақидаги ҳадисларига амал килинган бўлади.

Савол: Саҳарлик вақти тугай деб қолган пайтда жунуб ҳолатда уйғонган киши аввал саҳарлик қиладими ёки ғусл киладими?

Жавоб: Саҳарлик вакти оз колган бўлса, оғиз-бурунни яхшилаб чайиб, саҳарлик қилади. Субҳи содик кирганидан кейин ғусл килаверади. Жунуб ҳолатда рўзани бошлаш рўзага футур етказмайди.

РЎЗАНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ 

Қуйидаги амаллар рўзанинг мустаҳабларидир:

1. Бирор нарса билан, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик килиш, саҳарликни кечанинг оҳиригача суриш.

2. Куёш ботиши билан шом намозини ўқишдан олдин дарҳол оғизни очиш. Ширин ва ҳўл нарса билан оғиз очиш афзал.

3. Оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар билан дуо қилиш.

4. Рўзадорларга ифтор килиб бериш.

5. Жунублик, ҳайз ва нифосдан килинадиган ғуслни кечга қўймай, тонг отишидан олдин килиб олиш.

6. Тил ҳамда аьзоларни ортикча гап- сўз ва амаллардан тийиш.

7. Рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш нарсаларни тарк килиш

8. Оила аъзолари ва кариндошларга кенгчилик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш.

9. Куръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва салавот ларни кўпайтириш.

РЎЗАНИ БУЗАДИГАН НАРСАЛАР

Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси қазо ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар. Иккинчиси- факат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар

Қазо ва каффорат вожиб бўладиган ҳолатлар каффорат Рамазоннинг ҳурматини оёкости қилингани учун вожиб бўлади. Рамазоннинг фарз рўзасини адо килишни ният қилиб рўза тутган одам уни ўз иҳтиёри билан, мажбурлашсиз ва шаръий узрсиз қасддан очиб юборса, ҳам қазосини тутади, ҳам каффоратни адо этади.

Лекин Рамазоннинг қазосини ёки бошка рўзаларни касддан бузса каффорат вожиб бўлмайди.

Каффорат куйидаги ҳолатларда вожиб бўлади:

1. Ғизо ёки шу каби нарсани шаръий узрсиз ейиш. Одатда озука сифатида тановул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, сигара, афюн, наша шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғизо тоифасига киради.

Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам казосини тутади ҳам қул озод қилиш ёки олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоратни адо килади

2. Бировни ғийбат қилгани, қон олдиргани, шахват билан ушлагани ёки ўпгани, кучоқлашиб ётгани, муйлабини мойлагани сабабли « рўзам очилиб кетди » деб ўйлаб, қасддан еб- ичиб юборган одам ҳам қазо тутади, ҳам каффоратни адо килади
3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг тупугини лаззат учун ичига ютса, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо килади.

4. Фарж шаҳватини тўла равишда кондириш. Бунда маний тўкилмаса ҳам қазо ва каффорат вожиб бўлади. Жумҳур уламолар: « Жимоъда катнашгани учун аёл киши ҳам каффорат беради », дейишган.

Қазо тутиш лозим, каффорат лозим бўлмайдиган ҳолатлар:

1. Ғизо саналмаган ва ғизо тоифасига кирмайдиган нарсани тановул қилиш. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон таъби ейишга мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун, рузадорнинг хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни ейиши.
2. Пишмаган мевани ейиш.
3. Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани ютиб юбориш.
4. Данак, пахта, когоз, тери ейиш.
5. Тош, темир парчаси, тупрок, тангага ўхшаш нарсаларни ютиб юбориш.
6. Қасддан ичига исириқнинг тутуни каби тутун киритиш.
7. Эркак кишининг орқасидан, бурнидан, томонидан ва аёл кишининг олдидан сув ёки дори киритилиши.
8. Кулоққа мой томизилса ҳам рўза очилади. Сув томизилса очилмайди.
9. Қасддан оғзи тўлиб қайт қилса ҳам қазо тутилади. Агар беихтиёр, оғзи тўлмай қайт қилса ёки таом эмас, балғам қайт қилса, рўза очилмайди.
10. Ғизо ва доринини беморлик, сафар, мажбурлаш, адашиш, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар билан тановул қилса, рўза очилиб, қазоси тутилади.
11. Оғиз чайилаётганда беихтиёр ичига сув кетиб қолса, рўза очилади ва қазо тутилади.
12. Бошдаги ёки қориндаги жароҳатга қўйилган дори ичига ёки димогига кетиб колиши.
13. Ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборилса, рўзаси очилади.

14. Аёл киши хизматга ярамай коламан деб таом еса ҳам рўзаси очилиб, казосини тутади.
15. Рўзадорлигини унутган ҳолда таом еса ёки жимоъ қилса, рўзаси очилмайди. Аммо бунинг ҳукмини билмай, « бўлар иш бўлди » деб, яна таом еса ёки жимоъ қилса, қазо рўза тутиб бериш лозим бўлади.
16. Рўза тутишга кечаси эмас, кундузи ният килиб, кейин «бу ниятим тўғри бўлмаса керак » деган шубҳа билан таом ейилса, рўза очилади ва казо тутиш вожиб бўлади.

17. “Ҳали тонг отмаган бўлса керак” деб, еб-ичган ёки жимоъ қилган одам тонг отиб бўлганини билиб қолса, рўзасининг қазосини тутади.

18. « Куёш ботган бўлса керак » деб, еб-ичган ёки жимоъ килган одам куёш ботмаганини билиб қолса, рўзасининг қазосини тутади.

19. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам факат қазо тутади.

20. Қучоклаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли маний тўкилса, рўзанинг қазоси тутилади.

21. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик килинса, ўша аёл ҳам казо тутади.

22. Рўзадор киши орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам рўзаси очилиб, қазосини тутади.

23. Рамазон рўзасидан бошқа рўзасини очиб юборган кишига фақат қазо тутиш вожиб бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.

Савол: Рўзанинг каффорати қандай адо этилади?

Жавоб:

1) бир қул озод қилиш ;

2) кулга имконияти бўлмаса, кетма- кет икки ой руза тутиш ( алоҳида бир кун қазоси ҳам тутилади) ;

3) бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмиш кишини эрталаб ва кечкурун таомлантириш ;

Савол: Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиққача ният қилишга улгурмaса нима қилади?

Жавоб: Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содик кирмасидан аввал рўза тутишни ният қилиши шарт. Агар субҳи содикдан кейин ният килса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка тура олмай колишидан қўрққан киши куёш ботганидан кейин « Эртанги куннинг казо ва каффоратини тутишни ният килдим », деса кифоя. « Эртага рўза тутаман, иншааллоҳ», деса нияти дуруст бўлади.

Савол: Икки ой каффорат рўзасини тутаётган киши ўртада бемор бўлиб қолса нима қилади?

Жавоб: Беморлиги туфайли каффорат рўзани охиригача тута олмай қолган киши соғайиб кетгач, бошидан бошлаб икки ой рўза тутади. Каффорат рўзасини тутаётган эркак ёки аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб юборса, яна қайтадан бошлайди. Лекин аёлнинг ҳайз кўриши бундан мустаснодир. Нифос эса мустасно эмас.

РЎЗАНИ БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР

1. Рўзадорлигини унутган ҳолда емоқ, ичмоқ ва жимоъ қилмоқ. Рамазон рўзаси бўладими, бошқа рўза бўладими фарқи–йўқ.

2. Назар солиш ёки фикр қилиш сабабли маний чиқиши.

3. Кўзга дори томизиш ёки сурма қўйиш.

4. Қон олдириш.

5. Мисвок қилиш, гарчи мисвок сув билан ҳўлланган бўлса ҳам (суви ҳалқумдан ўтиб кетмаслик шарти билан).

6. Оғиз ва бурунни чаймоқ (муболаға қилмаслик шарти билан).

7. Ғусл қилмоқ.

8. Ғийбат қилмоқ, ёлғон сўзламоқ, чақимчилик қилмоқ, таомланишни ният қилмоқ.

9. Тутун, чанг ва чивин кабилар рўзадорнинг ихтиёрисиз оғзига кириши рўзани очмайди. Агар рўзадорнинг ўзи хушбўй тутатқични ёки тутунни ўз ихтиёри билан, рўзадорлигини ёдда тутган ҳолда оғиз ёки бурун орқали ичига тортса, рўзаси очилади.

10. Қон ёки дорини ютмаган ҳолда тишини суғурса. Агар қон ёки дорини ютса, рўзаси очилади.

11. Сийдик йўлига сув ёки ёғ томизиш. Анҳорга шўнғишлик сабабли қулоққа сув кирмоғи. Қулоққа чўп тиқмоқ. Қулоқ кирини чиқариш. Лекин бу ишларни барчасини тарк қилиш афзалдир.

12. Балғамни ютиш, буруннинг сувини ичига тортиб, димоғдан тушганлиги учун уни ютиш. Лекин балғам ва бурун суви чиқинди бўлгани учун, у иккисини ташлаш афзалдир.

13. Ўз кучи билан, қистаб келган қусуқ. Ўз кучи билан қайтган қусуқ, оғиз тўла бўлса ҳам. Саҳиҳ қавлга кўра: оғиз тўладиган миқдордан оз қусуқни ўзини мажбурлаб қусиш рўзани очмайди. Агар қусган қусуғини қайтарса, гарчи нўхат миқдорича бўлса ҳам рўзани бузади. Аслида қусуқ масаласида оғиз тўлиши эътиборга олинган. Оғизни тўлдирса, рўзани очади. Каффорат йўқдир. Агар қусуқ ўз кучи билан қайтса, оз бўлса ҳам кўп бўлса ҳам рўзани бўзмайди.

14. Тиш орасидаги нўхатдан кичикроқ нарсани емоқ. Чунки усўлак ҳукмида бўлади.

15. Жунуб бўлиш.

16. Эҳтилом бўлиш. Агарчи кундуз куни уйқунинг орасида бўлса ҳам рўзани бузмайди.

17. Беҳушлик ва тутқаноқ: агар рўзадор бирор сабаб билан беҳуш бўлса ёки бемор бўлиб, бирор дақиқа тутқаноқ бўлса, рўзадорлигича қолади. Гарчи беҳушлиги қуёш ботишидан кейингача чўзилса ҳам.

18. Аёлларга хос тиббий кўрикдан ўтиш рўзани бузмайди. Гарчи у кўрикда аёл бачадонига текширув ускунаси ишлатилса ҳам. Аммо бачадон ичига ёки фаржнинг ичига ҳуқна орқали дори (жўнатиш) рўзани бузади.

19. Тиббий игна (шприц) мушак ёки тери остига урилса. Агар дори моддаси муолажа учун бўлса, қувватлантириш ёки озуқа учун бўлмаса рўзани бўзмайди. Оғиз очгандан кейин олиш афзал.

Рўзанинг макруҳлари нималар

1. Зарурат бўлмаган таомни тотиб кўриш.

2. Тош парчаси ёки пул парчасига ўхшаган оғизда ўрнашмайдиган нарсани чайнаш.

3. Сўлакни тўплаб, уни инсонларни олдида ютиш.

4. Рўзадорни заифлаштирадиган бирор ишни қилиш (оғир ишларни қилиш ва машаққатли ишларни бажариш).

5. Рўзани очиш хавфи бўлса, ўпиш ва қучоқлаш.

Рўзадорга нималар макруҳ эмас

1. Сузиш, ювиниш ва сув билан салқинланиш.

2. Оғизни чайиш, бурунни чайиш гарчи таҳоратдан бошқа пайт бўлса ҳам, лекин муболағасиз чайиш лозим. Оғизни чайқагандан қолган сувнинг намлигини ютишлик зарар қилмайди. Оғизни чайқагандан кейин намликнинг асарини кетказиш учун туфлаш шарт эмас.

3. Кун давомида қўл ёки тиш чотка билан мисвок қилиш.

4. Хушбўйланиш ёки сурма қўйиш.

5. Онанинг ёш боласи учун таомни чайнаб бериши, шунингдек, сутни эҳтиёткорлик билан татиб кўриши.

6. Ўзини тута оладиган киши учун ўпиш ва енгил қучоқлашнинг зарари йўқ.

Рўзанинг суннат ва одоблари

1. Саҳарлик қилиш.

2. Қуёш ботгандан кейин тезда ифторлик қилиш, ифторни шом намозидан кейингача кечиктириб юбормаслик.

3. Ифтор вақтида дуо қилиш.

4. Таровеҳ намозини ўқиш.

5. Рўзадорларга ифтор қилиб бериш, гарчи хурмо ва сув билан бўлса ҳам. Яқин қариндош ва мискинлардан бошлаш.

6. Яқин қариндош ва мискинларга кўп садақа қилиш.

7. Тоат ибодатда ғайрат қилиш. (Хусусан, охирги 10 кунликда)

8. Рўза тутувчи ўз нафсини назорат қилиши ва ибодатда ва Аллоҳ таолога яқин ҳолатдалигини ҳис қилиши. Ёмонликлардан ўзини тийиб, гўзал хулқлар билан зийнатланиши.

9. Сабр килиш, рўзадан қийналганини билдирмаслик ва ёқимсиз сузлардан сакланиш (рўза қийин деган сўзларга ўхшаш гапларни сўзламайди).

АЁЛЛАРГА ХОС МАСАЛАЛАР

Савол: Аёл киши ҳайз кунларида рўза тутса бўладими?

Жавоб: Ҳайз ва нифос чоғида рўза тутиш жоиз эмас. Поклангандан кейин қазоси тутиб берилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик».

Ушбу ҳадисга кўра, ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутадилар, лекин намознинг қазосини ўқимайдилар.

Савол: Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз қони келиб колса нима қилади?

Жавоб: Ўз-ўзидан рўзаси очилиб кетади ва зиммасига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

Савол: Рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, ҳайз қонини кечиктирса бўладими?

Жавоб: Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши жоиз бўлади. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръий қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.

Савол: Рўзаси туфайли эмизикли аёлнинг сути камайса ёки тўхтаб қолса рўзани тутмаса бўладими?

Жавоб: Агар бола сут ўрнини босадиган нарсаларни истеъмол қилаверса ёки бошқа аёлнинг сутини эмаверса, онага рўзани тўхтатиш жоиз эмас. Бундай шароит топилмаса, рўза тутишни кейинроққа қолдирса бўлади. Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар рўза туфайли ўз жонларига ёки болаларига хавф сезсалар, рўза тутмайдилар. Уларга каффорат вожиб бўлмайди.

Савол: Аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиб бериши шартми?

Жавоб: Узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз бўлиб, уни имкон қадар тезроқ тутиб бериш лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас. Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Лекин бу нарса шарт қилинмаган.

Савол: Аёл кишининг қазо рўзалари жуда кўпайиб кетса, тавба қилиб, истиғфор айтса кифоя қиладими?

Жавоб: Бепарволик, дангасалик туфайли қолдирилган рўзалар зиммада вожиб бўлиб тураверади. Уларни адо қилиш фарздир. Тавба, истиғфор билан кечиктирганликнинг гуноҳи кечирилади. Лекин зиммадаги барча қазо рўзаларни тутиб бериш зарур. Қолдирилган рўзаларга одамнинг умри етмаса, қодир бўлганича қазо рўзаларини тутиб, қолганига фидя тўлашни васият қилиш лозимдир. Қодир бўлганича қолдирган рўзаларининг қазоларини тутиш фарз. Бунда фидя тўланмайди, қазонинг кетма-кет бўлиши ҳам шарт эмас. Узрли аёллар (касаллик, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби) узрлари кетгандан кейин вафот этишса, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлса, ўшанча кунлик рўзанинг фидясини васият қилиш зиммаларига лозим бўлади.

Савол: Каффорат рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима қилади?

Жавоб: Қасддан рўзасини очиб кўйгани боис икки ой каффоратини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошлаши шарт эмас. Узри тугагач, келган жойидан давом эттириб кетаверадилар. Лекин каффорат рўзасини тутаётган аёл бошқа узр туфайли икки ой ичида бирор кунлик рўзани очиб юборса, қайтадан бошлайди. Бундан ҳайз кўриш мустасно, нифос мустасно эмас.

Савол: Рўзадор аёл лабига бўёқ суртса бўладими?

Жавоб: Рўза ҳолатида лаб ташқи аъзо ҳисобланади. Унга бўёқ суртиш билан рўза очилмайди.

Савол: Рамазон кунларида ҳайз ёки нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши вожибми?

Жавоб: Рамазон кунларида ҳайзи ёки нифоси субҳи содикдан кейин тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳабдир.

Савол: Субхи содиқдан кейин ҳайз кони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб, рўзани ният қилса бўладими?

Жавоб: Йўк. Аёл кишининг рўзаси дуруст бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан покланган бўлиши лозим

Савол: Субҳи содиқдан аввал ҳайз кони тўхтаган аёл ғусл қилмасдан ҳам рўза тутса бўладими?

Жавоб: Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгу радиган вақт қолганда тўхтаса, ғусл қилмаса ҳам рўза тутиш лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган вақтда тўхтаса, рўза тутиш лозим бўлмайди. Бу ҳайз кўриш одати ўн кундан оз бўлган аёллар учундир. Агар ҳайз ўн кун давом этса, улар рўзани бошлаб, сўнг ғусл қиладилар.

Савол: Рўзадор аёл касаллиги туфайли фаржига бирор нарса киритса, рўзаси очиладими?

Жавоб: Ичкарига нарса киргани боис рўзаси очилади. Лекин фаржига ёки ортига даволаниш мақсадида субҳи содиқдан аввал ёки ифторликдан кейин бирор нарса қўйса ва шу ҳолатда рўза тутса, рўзаси очилмайди.

КИМ РЎЗА ТУТМАСА БЎЛАДИ

1. Рўза тутувчига зарар берадиган ёки рўза сабабли кучаядиган ёки у сабабли тузалиши кечикадиган касаллик.

2. Сафар: фарз намозларини қаср қилиб ўқиш масофасига сафар қилиш. Агар унинг сафари енгил шароитда ва улови тез ва қулай бўлса ҳам мусофирга рўза тутмасликка рухсат берилади. Мусофирга сафарнинг барча кунларида рўза тутмаслиги мумкин. Бир шаҳарда ўн беш кундан кам туришни ният қилган киши мусофир ҳисобланади. Агар ўн беш кун ёки ундан кўп туришни ният қилса, умуқимга айланади ва унга рўза фарз бўлади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди», деган (Бақара сураси, 186-оят).

3. Ҳомиладор ва эмизикли аёлнинг ўзи ёки боласининг соғлигига хавф туғилса, у учун рўза тутмасликка рухсат бўлади. Хавф туғилиши тажрибадан ёки мусулмон табибнинг маслаҳати билан билинади.

5. Мажбурланган шахс. Кимдир уни рўзасини очишга таҳдид қилган ёки қаттик қўрқитган бўлса.

6. Қўшин таркибидаги шахс. Жанг майдонида бўлиб, душманга тўқнаш келиши ва рўза уни кучсизлантириб қўйишига аниқ ишонса.

7. Ҳайз ва нифос. Бу иккиси рўзанинг дуруст бўлишини ман қилувчидир. Гарчи кун тугашига озгина вақт қолган бўлса ҳам ўша кунги рўзаси ўтмайди.

Савол: Сурункали касал ва заиф қариянинг ҳукми нима? Уларга рўза фарзми ёки йўқми?

Жавоб: Сурункали касаллик билан оғриган бемор касаллик ундан ажрамайдиган кишидир. (Саратон, сил, юрак касали ва бошкалар шулар жумласидан).

Заиф қария – ёши кекса киши бўлиб, рўза тутиши унга очиқ-ойдин зарар қиладиган киши. Қолаверса, рўза тутишга қудрати ҳам етмайди.

Бу иккиси рўза тутмайди ҳамда ожизлиги сабабли қазосини ҳам тутмайди. Уларнинг зиммасига фидя бериш вожиб бўлади.

Агар сурункали касал Рамазон ойининг ичида шифо топса ёки заиф инсон рўзага қодир бўлиб қолса, улар узри кетганлиги сабабли Рамазоннинг қолган кунларини тутади.

ЭЪТИКОФ ҲАҚИДА

Эътикоф луғатда "туриб қолиш ва лозим тутиш" маъносини ифода қилади.

Шариатда эса рўзадорнинг эътикоф нияти билан масжидда туришидир. Эътикофнинг рукни масжидда туришдир. Рўза тутиш эътикоф дуруст бўлишининг шартидир. Ният эса бошқа ибодатлардаги каби шарт бўлади.

Аллоҳ таоло: «Масжидларда эътикофда ҳолатингизда уларга яқинлик қилманг», деган (Бақара сураси, 187-оят).

Эътикоф гоҳида вожиб, гоҳида суннати муаккада ва гоҳида мустаҳаб бўлади.

Агар назр қилинган эътикоф бўлса, вожиб бўлади.

Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф суннати муаккада бўлади.

Бошқа эътикофлар мустаҳабдир.

ФИТР САДАҚАСИ

Фитр садақаси ( садақаи фитр) Рамазондан фитрга (оғиз очиқлигига) чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садакаи фитр иккинчи хижрий санада жорий қилинган. Бошка садақалар молдан қилинса, бу садақа киши бошидан килинади. « Фитр садакаси » ва « фитр закоти » сўзлари бир- бирининг ўрнига ишлатилаверади. Ҳанафий мазҳабида садақаи фитр вожиб ҳисобланади. Фитр садакасининг шариатга киритилишига қуйидаги ҳадислар далилдир:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап- сўз ва ҳаракатлардан покланиш ҳамда мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо килса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо килса, садақалардан бири бўлур ». Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

Ушбу ривоятдаги « намоз » дан мурод ийд намозидир. Садақаи фитрни ийд намозидан олдин бериш лозим эканини шу ҳадисдан билиб оламиз. Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати ушбу ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Садақаи фитр рўзадор учун бехуда гап- сўз а ҳаракатлардан покланиш, мискинлар учун эса таомланиш бўлиши учун жорий қилинган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан кулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёл га хам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр килдилар ».Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Бир соъ канча бўлади? Аслида соъ идиш бўлиб, ғалла ва шунга ўхшаган нарсалар шу идиш билан ўлчан ган. Кейин оғирлик ўлчовлари чиққанда унга солишти рилган. Имом Шофеъий ва Ҳижоз фақиҳлари наздида бир соъ 2751 грамм, Абу Ҳанифа ва Ироқ фақиҳлари эътиборида эса 3800 граммга тенг.

Ҳанафий мазҳаби уламолари фитр садакасини бериш ийд куни тонг отиш билан вожиб бўлади, дейишади. Аммо Рамазоннинг аввалидан бераверса ҳам бўлади, намоздан кейинга қолдирмаслик керак. Мабодо ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради- ю, савоби кўп бўлмайди, аммо бериши шарт.

Садакаи фитр мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар, ийд кунлари қувончларига қувонч кўшилади. Шунинг учун ҳам ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин, дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади.

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ

Араб тилидаги « таровеҳ » сўзи луғатда « дам олиш ; роҳатланиш » маъноларини билдиради. Рамазон ойида адо этиладиган йигирма ракъатли намознинг ҳар тўрт ракъатини ўқигач, бироз дам олингани учун шундай ном берилган. Унинг вақти Рамазон ойида хуфтон намозидан кейин кириб, бомдод вақти киргунича давом этади. Таровеҳ намози таъкидланган суннатлардандир.

Таровеҳ намози витрдан ташқари йигирма ракъатдир. Унинг вақти ҳуфтон намозидан кейин кириб, бомдод вақти киргунча давом этади. Таровеҳ намозини витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади. Лекин афзали таровеҳни витрдан олдин ўқишдир.

Таровех икки ракъатдан ўқилади, ҳар тўрт ракъат ўқилгач истироҳат учун бироз ўтирилади. Намозхон шу ўтиришда зикру тасбеҳга машғул бўлади ёки сукут сақлайди. Бизнинг диёрларда ушбу ўринда куйидаги каби тас беҳлар ўкиш одат бўлган:

«Субхаана зил мулки вал малакуут, субхаана зил ъизза ти вал ъазомати вал кудроти вал кибрийааи вал жабаруут. Субхаанал маликил ҳаййиллазий лаа ямуут. Суббууҳун куддуусур Роббунаа ва Роббул малааикати вар- рууҳ, Лаа илааха иллалоху настагфируллох, нас- алукал жанната ва наъуузу бика минан наар».
Маъноси: « Мулк ва малакут Эгасини поклаб ёд этаман! Иззат, буюклик, кудрат, улуғворлик ва ҳукмронлик Эгасини поклаб ёд этаман! Ҳаргиз ўлмайдиган Ҳаййни, Маликни поклаб ёд этаман! У Зот Суббуҳдир, Қуддусдир, бизнинг Роббимиздир, фаришталарнинг ва Руҳнинг Роббидир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннат сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймийз».

Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни бир бора хатм килиш ҳам Рамазон ойининг суннат амалларидандир. Имом жамоатнинг ҳолига риоя қилиб қироатини бироз тезлатади, лекин шарт шуки, тезлик намозни бузадиган ёки намозхонлар англай олмай қоладиган даражада бўлмасин.

Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, казоси ўқилмайди, чунки казо фарз ва вожиб амалларгагина хосланган.

Таровеҳ намози рўзанинг суннати эмас, балки Рамазон ойидаги суннат амаллардан ҳисобланади. Шу сабабли таровеҳ намозини ўқиш мусофир учун, рўза тутмаган узрли касал учун ҳам суннат бўлади. Маълумки, бу кишиларга рўза тутиш шарт эмас эди. Шу билан бирга ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ҳам агар куннинг охирида пок бўлишса, таровеҳни ўкишлари суннат ҳисобланади.

МИНГ ОЙДАН ЯХШИРОҚ КЕЧА

« Кадр кечаси » ( « Лайлатул Қадр ») Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир.

Қуръони Карим шу кечада нозил бўла бошлаган. Бу кечада айниқса ибодатга ғайрат қилинади, Аллоҳга кўплаб ҳамд- зикрлар айтилади, гуноҳлар учун мағфират сўралади. Кўпчилик мусулмонлар ҳадислардаги баъзи ишораларга мувофиқ Қадр кечасини Рамазон ойининг йигирма олтинчидан йигирма еттинчига ўтар кечасида деб билишади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайхи васаллам: « Ким Лайлатул Қадрни иймон билан, савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади », дедилар ». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: « Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва: « Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар », дер эдилар ». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан афзал ва мўътабардир, бу кечада килинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир.

Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидратул- мунтаҳодан ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо килишади ва дуо қилганларга кўшилиб « омин » деб туришади. Кўпчилик муфассирларнинг фикрича, фаришталар бу кечада Аллоҳ таолонинг кейинги йилги бўлажак казои қадари билан ҳам тушишади.

Қадр кечаси тонг отгунга қадар турли офат- балолардан омонлик, хотиржамлик кечаси, баракот кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди.

Бу ҳол қуёш ботганидан тонг отгунга кадар давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ- гуруҳ бўлиб, раҳмат билан ерга тушиб туришади.

Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят килади: « Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссик, на совуқ бўлади. У кечанинг тонгида қуёш нурлари кўзни қамаштирадиган даражада чиқади ».

Нафл рўзалар учун энг фазилатли кунлар қуйидагилардир:

  1. Душанба ва пайшанба кунлари.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун, мен пайғамбар қилиб юборилган ва менга Қуръон нозил қилинган кун», дедилар (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан яна шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини яхши кўраман» (Термизий ривояти).

2. Ҳижрий ойларининг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб, айтадилар: «Ҳалилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уч нарсани васият қилдилар: «Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш, Зуҳонинг икки ракъатини адо қилиш ва ухлашдан олдин витр (намози)ни ўқиш» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Насоий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким ҳар ойда уч кун рўза тутса бутун аср рўза тутгандек бўлади. «Айямул бийз» (Ёруғ кунлар) эса ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлардир».

"Айямул бийз" нинг луғавий маъноси "оппоқ, оқ кунлар" бўлиб, ойнинг энг чароғон ва тўлишган тунлари, яъни қамарий ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунларига тўғри келади.

3. Шаввол ойидаги олти кун.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, гўё йил давомида рўза тутгандек бўлади» (Муслим ривояти).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ ҳар бир яхшилик учун ўн баробар миқдорида яхшилик тайинлади. Шундай қилиб, бир ой рўза тутиш 10 ой рўза тутиш(гатенгбўлган) дек, олти кун рўза тутиш (билан) эса (60 кун рўза тутишга баробар), бир йилни ташкил этади»(Насоий, Ибн Можа ривоятлари).

Шунда жами бу рўзалар сони 360 кунга (1йилга) тенг.

Бироқ, шу ерда муҳим эслатма сифатида бир нарсани таъкидлаш лозимки, қачонки инсон Рамазон рўзасини бирор узрли сабаб билан қазо қилган бўлса, у аввало уларни ўтаб қўйиши, шундан кейингина Шавволнинг олти кунлик рўзасини тутиши керак. Агар бунга риоя қилинмаса, «Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, ...» дейилган ҳадисда зикр қилинган рўза тутувчилар сирасидан ҳисобланмайдилар.

4. Зулҳижжа ойининг ўн куни, хусусан (чин) Арафа куни.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким Арафа куни рўза тутса, кетма-кет икки йиллик гуноҳлари мағфират қилинади»(Табароний, Абу Яъло, Ибн Абу Шайба ривоятлари). Қатода ибн Нўъмондан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Арафа куни рўза тутса, келаси ва ўтган йилги гуноҳлари мағфират қилинади», деганларини эшитганман» (Ибн Можа ривояти).

Маълумот учун: Ушбу ҳадисларда фақат кичик гуноҳлар кечирилиши назарда тутилган.

5. Муҳаррам ойининг 9-, 10- чи ёки 10-, 11- чи кунлари.

Абу Қатодадан ривоят қилинишича: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ашуро куни рўзасининг фазилати ҳақида сўраганида, У зот: «Мен Аллоҳдан умид қиламанки, у бир йиллик (гуноҳлар)га каффорат бўлади», дедилар» (Аҳмад ривояти).

6. Шаъбон ойининг исталган кунлари.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай савол бердим: «Ё Расулаллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман», – дедилар. (Насоий ривояти).