Книга 35. «Савдогарлар Устози». Аҳадқули Холмуҳаммад Ўғли.
Тақриз
◼️ Ушбу рисолада Имоми Аъзам ҳазратларининг шогирди Абдуллоҳ ибн Муборакнинг тижорат билан боғлиқ фаолияти, ҳалоллиги, тақвоси ва ўгитлари ёритиб берилган.
• савдода қўйиладиган нархлар;
• тижорат ва ибодатни ўрни-ўрнига қўйиш;
• илм аҳлига, етим-есирларга, мусофирларга саҳоватли бўлиш;
• саҳий бойлардан бўлишга тарғиб қилиш;
• дунё иши учун ибодатларни унутмаслик каби мавзулар кўтарилган.
◼️Китобда Имом Аъзам ҳазратларининг нафақат савдо-сотиқ, балки ибодат масалаларига боғлиқ кўпгина ўгитлари, насиҳатлари ўрин олган.
◼️Абдуллоҳ Ибн Муборакнинг илм ва амални канда қилмаслиги, тақвоси, одоб-ахлоқи, катъиятлиги, тиришқоқолиги сизда, албатта, ҳавас уйғотади.
◼️Тўғриси, менимча, бу китоб чет элда ёзилган, тижорат ҳақидаги нотўғри тушунчалардан ташкил топган, кўпгина китоблардан анча афзал.
◼️Тижорат, бизнес, молия, мижозлар билан ишлаш, сотувчилик каби соҳаларда ишлайдиган ёки ўқийдиган одамларга ўқишни тавсия қиламан!
Иқтибос ва Хулосалар:
1) Абдуллоҳнинг дунёга келиши: Фарзандингиз олим бўлишини истасангиз, ўзингиздан бошланг.
Абдуллоҳнинг отаси Муборак, улуғ сиймоли, ниҳоятда тақволи бўлганлиги, шу сабабдан мавлоси ўз қизини унга берганлиги ва улардан тақвони мерос қилиб олган ўғли Абдуллоҳ туғилганлиги айтилади.
Манбаларда келишича Муборак ўз мавлосини яъни хўжасини боғида ишлаган ва у жойда узоқ муддат туриб қолган. Бир куни мавлоси келиб унга: «Ширин анор емоқликни ҳоҳлайман» – дейди. Муборак бир дарахтдан анор келтириб беради. Мавлоси уни ёриб кўрганда хом чиқади.
– «Ширин анор сўрасам менга пишмаган анорни келтирибсан, ширин анор келтир» – дейди. Муборак дарахтдан бошқа анор келтиради. Мавлоси уни ёриб кўрганда яна хом бўлиб чиқади. Мавлосини бундан ғазаби келади. Бу ҳолат уч бора такрорланади. Шундан сўнг Муборакка мавлоси: «Пишган анор билан пишмаганини ажрата билмайсанми?» – дейди. Муборак: «Йўқ» – деб жавоб беради. Мавлоси: «Қанақасига ажрата билмайсан, буни тушунтиргин» – дейди. Муборак: «Чунки мен мевалардан бирортасини ҳам тотиб кўрмаганман, тотиб кўрганимда билар эдим» – деб жавоб беради.
Мавлоси: «Нима учун тотиб кўрмагансан» – деганида, Муборак: «Чунки сиз менга бу учун ижозат бермагансиз» – деб жавоб беради.
Шу сўзлардан ҳақиқатни англаб етгач, кўз олдида улуғ бир инсон турганлигини тушуниб етади. Унинг балоғатга етган бир қизи бор эди. У Муборакка қараб: «Эй Муборак, мана бу қизимга сени уйлантириб қўйсам нима дейсан?» – деб ўз қизига уйланишни таклиф этади.
Муборак: «Жоҳилият даврида аҳли-аёлга насаби учун, яҳудийлар молу давлати учун, насоролар ҳусни-жамоли учун уйланишган. Бу уммат эса аёлга дини учун уйланадилар» – деб жавоб беради.
Муборакнинг бу жавоби мавлосини лол қолдиради. Қизининг онасига бу ҳақда сўзлайди ва қизи учун Муборакдан бошқа жуфтни лойиқ кўрмаслигини айтиб қизини Муборакка турмушга беради.
Улардан Абдуллоҳ дунёга келади.
Манбаларнинг аксарияти Абдуллоҳ ибн Муборакни онаси Хоразмлик бўлганлигини тасдиқлайди.
Шубҳасиз, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ҳудожўй ва фазилатли бўлиб улғайишига авваламбор оталарининг, қолаверса устозларининг таъсири катта бўлди.
2) Абдуллоҳнинг чин дўсти
Унинг исми Абдуссалом эди ва Абдуллоҳ билан ёшлигидан дўст эди, бирга ўқиб, бирга саёҳат қилишган, бирга Имом Аъзам ҳазратларидан дарс олишган, бирга тижорат ишини бошлаб то ўлим уларни ажратмагунча бир бирига содиқ бўлишган. Абдуссалом Абдуллоҳнинг ёзган китобларини кўчириш ва ёзиш билан боғлиқ ишлар билан шуғулланган.
3) Аллоҳга таваккалнинг олий чўққиси.
- Абдуссалом, сен канча пул олдинг?
-Биласанми, мен бир чақа ҳам олмадим. АЛЛОҲга таваккал килдим. Отам савдогарлик обрўйимни сақлаш, сахийлик қилиб илм аҳлига ёрдам беришим ва фақирларга кўмак беришим учунгина шуғулланишимни тайинлаб дуо қилди. Савдода отамдан ўрганганларимни бошқа мамлакатларда ҳам кўллайман.
-Ахир йўлда нима бўлишини билмайсан- ку, Абдуллох.
-Тўғри, билмайман, аммо Парвардигорим мен билан. Ота-онамнинг дуоси қийинчиликларни енгишимда мадад бўлади.
4) Илм йўлидаги дунё кезиш.
Шу йўсин Абдуллоҳ бозорда таржимонлик қила бошлади. У ҳам илмдан ортган вақтида. Кечки пайт эса ўрганганларимизни ёзамиз, аниқроғи у айтиб туради, мен ёзаман(Абдуссалом). Орадан бир йил ўтиб, устозлар Абдуллоҳга бошқа устозга боришни тайинлади.
Шу билан бир неча йил илм талабида шаҳарма-шаҳар, мамлакатма-мамлакат кезиб юрдик. Ирок, Яман, Жазоир, Миср ва Шомда илм таҳсил қилдик. Қаерга борсак, узоғи олти ой турардик. Шу орада 3 мингдан ортиқ шайх билан кўришдик. Бир куни бир устозимиз бизга Куфадаги Нумон ибн Собит(Имоми Аъзам) ҳазратларининг олдига боришни тайинлади. Вақтни кўлдан бой бермай йўл тадоригини кўра бошладик.
5) Отасини фарзанд тарбиясида тутган йўли.
Абдуллоҳнинг отаси кўзи тўқ, қалби бой, илмли ва тақводор инсон эди.
Отаси Абдуллоҳга қаттиқ тақиқ қўймаган, чунки ортиқча танбеҳ ва тақиқ болани бетарбия қилиб қўяди.
6) Отасини Қуръонни ўғлига ёдлатишдаги услуби .
Қиблагохининг унга Қурьони Карим ёдлашда кўллаган услубини кўп эслайди. От миниш, камондан ўқ узиш, қиличбозлик, жанг санъатига қаттиқ қизиққанини билгач, падарибузруквори агар
1) бир бет ёдласа, жанг санъатига
6) олти бет учун сувда сузиш мукофотини тайин қилди.
Абдуллоҳ жон дили билан ёдлашга берилди. Отасини қойил килиш учун баъзан ўн, ўн беш бетлаб ёд олди. Шу тарика қисқа муддатда АЛЛОҲнинг Каломини қалбига жойлади.
Отаси эса ҳеч замон мукофотни бермай қолмади.
У ҳали еттига тўлмасдан отаси савдо сирларини ўргата бошлаган. Узум, майиз сотиш, савдогарлардан улгуржи сотиб олиб, доналаб сотиш, уйга бозор қилиш каби илмларни у анча эрта олди.
Отасининг ишларини диққат билан кузатди. Илмий йиғин, савдо мажлисларида бўлганида араб тилини билиш жуда мухим эканини тушунган отаси унга араб тилини жуда тез ўзлаштириши эвазига от совга килишни ваъда килди.
Отаси ўта бой бўлмаса-да, ўғлининг илм олиши учун давлатини аямасди. Абдуллоҳ қисқа фурсатда араб тилида эркин сўзлаша бошлаганидан, дўстларидан эртароқ отли бўлади.
7) "Мени Аллоҳ ўйин кулгу учун яратмаган…"
Абдуллоҳ бошқалардек шўх, аммо уйинкароқлик қилмасди.
Бир куни ўртоклари ўйнаб келиб: "Кетдик ташқарига от ўйин ўйнаймиз", деди. Абдуллох уларга ҳатто ақлини таниган инсонлар лол коладиган гап айтди:
"АЛЛОХ мени ўйин кулгу учун яратмаган"...
8) "Катта ўйим бўлсин", деган Абдуллоҳнинг ҳақиқий нияти.
Биз шом вақтида Имоми Аъзам хазратларининг уйларига етиб келдик. Ҳовли баланд бўлиб, узоқдан ажралиб тураркан. У ерда бизга ўхшаган мусофирлар кўп экан.
Бир мусофир билан гаплашиб қолдик. У ҳазрат Имоми Аъзам уйни атай катта қилиб қурганини, одамлар ёрдам сўраб мурожаат қилиши осон бўлишини, уй қидирса, мулжал аниқ бўлишини ният қилган экан.
Бу одам бой, ёрдам бера олади, деган ишонч бўлиши учун шундай йўл тутганини айтди. Хуфтондан сўнг Абдуллоҳ менга қараб шундай деди.
-Абдуссалом, мен бундан ҳам қурдираман. Ҳовлим ҳам ундан икки баравар катта уй бўлади. Токи юзлаб одамлар сиғадиган бўлсин. Мусофирлар ҳеч ҳовлимга кириб иккиланмай келсин... Мен унинг нияти амалга ошишини сўраб дуо килиб куйдим. У айтганини қиладиган одам.
9) Имом Аъзамнинг кундалик режалари.
Имоми Аъзам ҳазратлари ўрта бўйдан узунрок, буғдойранг, кенг елкали, кўзлари катта. Кийимлари нафис ва тоза, ундан энг сара мушк иси келади. Юзидан нур ёғилади.
Устоз кунларини жуда аниқ режа асосида ўтказаркан.
Кечаси умуман ухламасди. (Бир шогирди 20 йилдан бери у зотнинг елкаси тўшак кўрмади деганида ишонмаган эдик). Кечани Қуръон Карим тиловати билан ўтказади. Бомдоддан кейин АЛЛОҲни зикр қилади. Савдо ишларига қарайди. Пешиндан сўнг асргача дарс беради. Асрдан шомгача масала сўраб келганларнинг, ҳожатмандларнинг ҳожатларини чиқаради. Шомдан хуфтонгача тафаккурга чўмади. Хуфтоннинг таҳорати билан бомдод ўқийди. Илми денгиз қадар. Зеҳни ўткир. Ўзига ҳам, шогирдларига ҳам ўта талабчан. Савдода ҳалол ва эҳтиёткор.
10) Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг савдо ҳақидаги ҳадислари.
“Эй мусулмон тижоратчи, олишда ва сотишда, қарз беришда ва олишда доимо осонлик ва қулайликни асос қилиб ол, шунда тижоратингни хотиржам бир тарзда амалга оширган ҳолда АЛЛОҲнинг раҳматига эришасан", дея марҳамат қилганлар.
11) Имом Аъзамнинг илм талабидаги шогирдларига саҳоват қилганлари
Бир куни бир аёл келди. Устозда иши бор экан. У ҳурмат билан гап бошлади.
-Ассалому алайкум ҳазрат. Ўғлимни олиб кетмокчиман.
-Оилада боқувчим йўқ, у эса ишлаш ўрнига бомдоддан шомгача илм билан машғул.
-Бир ойда рўзғор учун қанча сарфлайсиз?
-Илтимос, ўғлингизни олиб кетманг. Унинг зеҳни ўткир, китоб ёзиш, илм тарқатиш қобиляти бор. Сизга ойига 100 дирҳам бериб тураман. Яна бирор ҳизмат бўлса, тортинманг.
-Сиздан АЛЛОҲ рози бўлсин. Умрим охиригача дуо килиб ўтаман.
12) Таомланиш ёдидан чиқиб қоларди.
Абдуллоҳ шу даражада закий ва иштиёқли эдики, баъзан таомланиш ёдидан чиқиб қоларди.
13) Имом Аъзамнинг Абдуллоҳ ва Абдуссаломга тавсиялари.
• Эртанги кунингни режалаб ол. Режалаштиришга кетган вақтинг кунингни тежаб беради.
• Хуфтонни ўқигач, ўрганган билимларингни бир такрорла.
• Беш вақт намозини ўринлатиб куймаган одамнинг бошқа ишларни қойил қилишига ишонмайман. Намозга эхтиёт бул.
Энди кунингни режалашингга келсак, ҳозир баъзи қилишинг керак бўлган ишларни айтаман.
• Аввало бомдодни ўкиганингдан сўнг кунлик зикрларингни қил, Куръони Карим ўки ва Ҳадиси шариф ёдла.
• Пешин намозини ўқиганингдан кейин дарсларимни тингла.
• Асрдан сўнг яна тижоратинга қара, улуғларни зиёрат қил.
• Шом ўқигач, масжиддан чикиб уйингга бор ва тафаккур қил.
• Хуфтондан олдин бугунги кунингни ҳисоб-китоб қил. Савобинг кўпроқми, гуноҳингми аниқла. Дангасалик килган ўринларингни белгилаб қўй.
14) "Чала килинган иш бошланмаган ишдир"
Абдуллоҳ бир вақтнинг ўзида факат бир ишни қиларди. Ўша ишни битирмагунча бошқа ишга ўтмасди.
"Чала килинган иш бошланмаган ишдир", деган гапни кўп такрорларди.
15) Имом Абу Ҳанифа дунёга муҳаббатларини синаганлари.
-Устоз шомдан йўлга чиққан карвонингизни қароқчилар талабди. Афсусдаман.
Устознинг ҳолати умуман ўзгармади.
Бир мартагина" Алҳамдулиллах", деб қўйди.
Кейин яна дарс ўта бошлади. Орадан икки пора Қуръони Карим ўқийдиган вақт ўтгач, ўша киши тағин ҳаллослаб келиб колди.
-Минг бор узр, устоз, сизни ташвишга қўйдим. Қароқчилар урган карвон сизники эмас экан. Сизники соғ-омон келаётган экан, деди.
Бу гапни эшитган устознинг ҳолати яна ўзгармади. Тағин бир мартагина "Алҳамдулиллах", деб қўйди. Жавобдан ажабланган хабарчи савол сўради.
-Устоз карвонингизни қароқчи урди, деганимда ҳам "Алҳамдулиллах" дегандингиз, Карвон соғ саломат экан деганимда ҳам "Алҳамдулиллах" дедингиз. Бунинг ҳикмати нима?
Устоз табассум килиб жавоб килди.
-Сен менга карвоним талон- тарож қилинибди деганингда қалбимга қулок солдим. Агар у дунëга боғланиб қолганида ғам чекиши керак эди, аммо ўзгаришни сезмадим.
Шунинг учун "Алҳамдулиллах" деб қўйдим.
Сал туриб карвоним саломат эканини хабар қилганингда яна калбимга қулок солдим. Дунëга боғланган қалб тезда хурсанд бўлиб кетади, бироқ қалбимда ўзгариш сезмадим ва бу сафар хам "Алҳамдулиллаҳ" дедим.
16) Мижозга ҳурмат.
Мижоз биринчи ўринда туради. Ҳаридор, халқ биринчи ўринда. Агар улар бўлмаса, биз қаерда сотамиз? Уларнинг ҳурматини сақлашимиз керак. Дўконимиз улар билан обод. Агар халқ бўлмаса дўкон кимга керак?
17) Ҳақиқий Омад калити.
Омад омадсизлар килишни истамаган ишни қилишингда.
18) Ҳисобчининг пул тақсими.
Отам ўргатган тақсимларимни сизга ҳозир тушунтираман. Ойлик топган даромадимнинг 1/10 ота-онам учун, 1/10 эҳсон қиламан, 1/10 ўзимнинг келажакдаги эҳтиёжларимга, қолган қисмини заруратга қараб сарфлайман.
-Ҳаммасини тушундим, аммо ўзинга икки марта пул ажратганингни менга тушунтир.
- Биринчи ажратган бир қисм бу келажагим учун. Эртага қандай кунлар бўлишини билмайман. Шунинг учун доимо ўзимга маош ажратиб бораман. Ўтган йилги ўз пулимга ўнта китоб сотиб олдим. Жуда ноëб китоблар, лекин қиммат экан. Бу йилги пулимга қуй сотиб олмоқчиман. Тақсимотдан ортган пулларимни ўз эҳтиёжимга ишлатаман. Агар ортиб қолса синглимга юбораман.
19) Хурсандчилик келтириш.
Мен ушбу ҳадисни эшитгач, савобидан умидворман. Ибн Аббосдан (р.а.) қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар:
"Кимки бир мусулмон биродарига тўсатдан бир хурсандчилик
келтирса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечириб юборади”.
20) Халқни рози қилиш
Ёдларингдан чиқмасин ҳаридор ҳар доим ҳақ. Иш вақтида диққат эътиборларинг халқни рози қилиш ва қандай қилиб уларга сифатли ҳизмат қилишда бўлсин.
21) Бировнинг ноиложлигидан фойдаланманг.
- Бир ўгитим бор сизларга, Қалбингизга муҳрлаб олинг.
"Ҳеч қачон бировнинг ë халқнинг ноиложлигидан фойдаланиб дунë орттирманг!"
22) Мақсад.
Кимнинг мақсади бўлмаса, мақсади борларга ҳизмат қилади.
23) Мусулмонлар бой бўлишдан қўрқишмасин.
Бир ҳафта олдин шаҳарга боргандим. Жума маърузасини тингладим. Имом кўпчилик олдида қаттиқ ҳато қилди. У бойликни аёвсиз танқид қилди, бойларни жаннатга кирмайди, кирса ҳам энг охирида киради, деди.
Бойларнинг ҳисоб- китоблари жуда қаттиқ бўлишини айтиб одамларни қўрқитди. Фақат ибодат қилиш ҳақида гапирди.
У билмайдики, ҳалол тирикчилик қилган, тўғри тижорат юритаётганлар ҳам ибодатда аслида. Фақат охират учун ҳаракат қилиш керак, дейилди у ерда. Абдуссалом, агар шунака имомлар кўпайиб кетса:
• Ислом олами камбағаллашиб колади. • Оқибатда рибохўрлар ўз ишни катталаштириб юборади.
• Бошқа диндагилар кучайиб, мусулмонни эзади.
Аслида имомлар асл ҳадисни яширмасдан айтишлари керак. Ҳадисларда ҳам охират, ҳам дунё учун ҳаракат қилган одам ҳайрли экани айтилган.
Бизнинг имомлар ҳам берган қўл олган қўлдан афзал эканини,
закот берадиган бойлар кўпайиши кераклигини жумаларда
эслатса.
Бойлар кўпайса, тадбиркорлар бойиса, халқ бой бўлади.
Йўллар, шаҳарлар обод бўлади. Муҳтожлар қийналмайди.
Ишсизлар иш билан таъминланади.
Одамларни қўрқитмасдан
бой бўлишга, молиявий мустақилликка, пулдор бўлиб, жаннатга
олиб борадиган садақаларни қилишга тарғиб қилиш керак.
Шунда қиёматгача мусулмонларнинг қўли баланд бўлади.
24) Абдуллоҳ доимий талаба.
Абдуллох доимо изланишда эди. Доим ўқир, дарс берарди. У ҳар доим ўқиган нарсаларини бировга ўргатган киши тезроқ олим бўлиши ҳақида эслатиб турарди. Унинг шижоати шу олтмишда ҳам ўн саккиз ёшлиларникидан зиёд эди. Одамлар ундан:
-Сиз қачонгача илм талаб қиласиз?, деб сўраганларида.
-Мен ўлгунимча толиби илм бўлмоқчиман. Талабага барча нарса истиғфор айтади, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам, дейилган. Шундай экан уни ташлаб бўладими?- деб жавоб берарди.
25) Тижорат учун сармоя.
- Тижорат учун камида қанча сармоя керак?
- Тижорат учун аввало кучли хоҳиш керак. Аниқ мақсад ва пуҳта режа керак. Агар шу айтилганлар бўлса, сармоя сени узоқ куттирмайди, шундай олдингдан чиқади.
26) Шерикчиликдаги улуш.
Абдуллоҳ шерикчиликдан кўп улуш олмасди. Энг кўпи 4/10 қисми бўларди. Қолганлари 2/10, 3/10 қисмига шерикчилик эди. Шу тариқа у одамларни иш билан таъминлар, турли маҳсулотларнинг нархларини ҳам халқ учун кулай қилиб қўярди.
27) Дангасаликдан қутилиш.
-Мен дангасаликдан қутулолмаяпман. Ишлайман деганда турли сабаблар билан иш қолиб кетади. Эшитишимча сиз кам ухлар экансиз. Кам уйқулик омад калитими?
- Йўқ, арслоним. Кам уйқулик агар гуноҳга, танани қийнашга ва бошқаларни безовта қилишга сабаб бўлса омадсизликдир.
Сенинг ёшингда кечанинг аввалида тўлиқ ухлаш, охирида туриб намоз ўқиш ва илм олиш. Сўнг тирикчилик билан жиддий машғул бўлиш керак.
Дангасаликдан кутулиш учун иш билан машғул бўлишинг керак. Қирк кунда сенда янги одат шаклланиб, ўз-ўзидан содир бўлади. Одатларингни ўзгартирсанг ҳаётинг ўзгаради.
28) Саҳийлик фақат пул билан эмас.
Саҳийлик фақат олтин- кумушлар билан эмас, кимдир илмидан, кимдир тажрибасидан, биров кучидан, биров мехридан саҳийлик қилади.
29) Оила кўрганлар учун Абдуллоҳ ибн Муборакдан тавсия.
Буюк эрлар ортида буюк аёллар туради. Устозим Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайхнинг ортида фазилатли аёли бор эди.
Кийимлари тоза, таоми покиза, ётоқ жойи озода эди. Аёли устозимни қаттиқ ҳурмат қилар ва ҳаммадан кўра кўпроқ ишонарди.
Кучига, иқтидорига, илмига ишонарди ва доимо яхши ишларга тарғиб қиларди.
Шундай вақтлар бўлганки, устоз унутсалар ҳам аёли биз каби талабаларни унутмас, ўғиллари орқали динор, дирҳам, кийим-кечак бердириб юборарди.
Аёлингни тушун ва тушунтир, сенга ишонсин ва мадад бўлсин. Эр- хотин қўш ҳўкиз дегани иккиси баравар ишласин дегани эмас, эр топармон, аëл тутармон бўлиб рўзғорни обод қилиши демакдир. Эр кўчадан ризқ топади, аëл уни исроф қилмайди. Эр пул топади, аёл бола тарбиялайди.
Қолганини ўзинг тафаккур қил ва оқил оила бошлиғи бўл. Роса қирқ кун жанжал қилмасдан, намозларни ўкиб бўлиб, топганингни режали сарфлаш, аёлингга чиройли муомалани ва фарзандларингга эътиборни узлуксиз қилсанг, Аллоҳ хоҳласа муродинга етасан.
30) Абдуллоҳ Ибн Муборакнинг васияти.
• Ҳеч қачон АЛЛОҲДан ўзгасига муҳтож бўлманг.
• Намозларга эътиборли бўлинг, баъзи ишларни баҳона қилиб намозни ортга ортга сурсангиз, ишингиз ҳам орқага кетаверади.
• Қаттиқ ишланг, изланинг, илм олинг, бой бўлинг.
• Султонларга ҳам шу гап. Агар халқ ва султон бирлашса, давлат бой бўлса, бошка мамлакатга бўйин эгмайди.
•Мусулмонлар бир тану бир жон бўлса, ҳеч качон ислом дини таҳқирланмайди.
• Илмдан, янгилик яратишдан, бировга ёрдам киладиган даражада бой бўлишдан, жанг санъатини пухта эгаллашдан эринманг.
• Сизнинг бирлигингиз, бойлигингиз, кучингиз мусулмонларни эзилишлардан қиёматгача асрайди.
Агар акси бўлса, ислом дини оёқ ости, мусулмонлар бутун оламга ëмонотлик бўлади. Васиятимга амал килишингизни илтимос киламан.