August 26, 2022

​​Книга 43. «Хатми Қуръонга Марҳабо». Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

ТАҚРИЗ

Китоб кичкина, кафтим билан тенг бўлса ҳам, “Хатми Қуръон” мавзусини ипидан-игнасигача ёритиб берган.

Ўзимда мавзуга доир анчагина савол бор эди, шуларни барчасига жавоб топдим.

Китобдаги салафи солиҳларнинг Қуръонга бўлган садоқатини, муҳаббатини кўриб, Аллоҳнинг Қуръон аҳлига берадиган ажрлари эшитиб, Қуръонни ўқимаслик ва ёдланган оятларни унутиш қанчалар катта гуноҳ эканлигини ўқиб жуда таъсирландим.

Асарда,

▪️ Хатми Қуръоннинг фойдалари ва ундан кўзланган мақсадлар;

▪️ Хатми Қуръон одоблари;

▪️ Хатми сағир;

▪️ Ўтганларга хатми Қуръон бағишлаш каби мавзулар келтирилган.

Бундан ташқари, қўйдаги саволларга китобдан жавоб олишингиз мумкин.

• Хатмда унутиб қолдирилган оятларни қандай тўлдирилади?

• Қуръонни қанча муддатда хатм қилиш керак?

• Замонавий электрон жиҳозлардаги мусҳафлар ҳам вароқли мусҳафлар ҳукмини оладими?

Бир ишни қилар экансиз, уни йўл-йуриғини, қоидаларини, фазилатларини ўрганиб чиқиш шу ишни давомли, мақсадли ва бехато қилишингизга ёрдам беради.

Шунинг учун Қуръон ўқишни биладиган, тажвиддан хабари бор ёки араб тилини ўрганаётган инсонлар ўқишлиги керак бўлган китоб.

Конспект:

«Хатми Қуръон»нинг маъноси нима ва у қандай амал?

«Хатм» тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради.

«Хатми Қуръон» деганда Қуръони каримни бошдан оёқ тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди.

Шунингдек, Қуръонни ўзи нозил бўлган тилда- араб тилида ўқиб чиқилгандагина, хатми Қуръон қилган ҳисобланади, таржима ё тафсирини ўқиб чиқиш, гарчи буюк ажру савобларга эга амал бўлса- да, хатми Қуръон саналмайди.

Хатми Қуръон қилиш суннат амалдир.

Имом Байҳақий «Шуъабул иймон» да ривоят килади: «Усмон ибн Аффон розияллоху анху шундай деган: «Агар қалбларимиз тоза бўлганида, Роббимизнинг каломига тўймас эди. Мен мусҳафга карамаган куним бўлишини истамайман».

Қуръони Каримни доимо ўқиб юриш учун нима қилиш керак?

Қуръони Каримни ҳамиша ўқиб юриш учун ундан ҳаловат топа билиш даркор. Бунинг учун эса Қуръонни яхши ўқий олиш ва турмушини ҳам Қуръонга монанд қилиш талаб этилади.

Инсоннинг қалби гуноҳ кири билан қопланиб қолган бўлса, ҳаёт тарзи ғофилликда ўтса, Қуръон ўқишга бўлган иштиёқи ҳам сустлашиб қолади.

Шу боис салафи солиҳлар кечаси тахажжудга тура олмаётганидан шикоят қилган кишига гунохлардан четланишни тавсия этар ва: «Кундузи гунох лойига ботган киши тунда Аллоҳ билан сухбатлаша олмайди », дер эдилар.

ҚУРЪОННИ ҚАНЧА МУДДАТДА ХАТМ ҚИЛИШ КЕРАК?

Қуръони Каримни энг тези уч кун, кўпи билан бир ойда бир хатм қилиш тавсия этилган.

Айрим уламолар хатм муддати бир ойдан ошиб кетиши макруҳ дейишса, айримлари қирқ кундан ошиб кетишини макруҳ санайдилар.

Уч кундан кам муддатда хатм қилиш ҳам кўпчиликнинг наздида макруҳдир.

Қуръони Каримни ҳажр қилиш

Қуръони Каримни умуман ўқимаслик, уни беэътибор ташлаб қўйиш энг катта гуноҳлардан бўлиб, у « Қуръонни ҳажр » қилиш дейилади.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири бўлмиш “Фатовои ҳиндия” номли асарда: « Ким Қуръонни йилда бир марта хатм қилиб турса, Қуръонни ҳажр қилган бўлмайди », дейилган.

САЛАФИ СОЛИҲЛАР ҲАЁТИДАН НАМУНАЛАР

* Хатиб Бағдодий ёзади: « Шуъбанинг вафоти яқинлашганда синглиси йиғлади. Шунда буюк имом: « Нега йиғлайсан? Анави бурчакка қара, мен у ерда ўн саккиз минг маротаба хатм қилганман», деди.

* Муҳаммад ибн Мисъар айтади: «Отам Қуръоннинг ярмини ўқимагунча ухламас эди. Вазифасидан фориғ бўлгач, ридосини юмалок қилиб ўраб, ўшанга бош қўйганча бироз мизғиб оларди. Кейин худди бирор нарсасини йўқотиб қўйиб, ахтараётган одамдек, сакраб турарди- да, тишини лаб, таҳорат қилиб, мехробга юзланар, шу ҳолда тонггача бедор бўларди. У бу ишини иложи борича махфий тутишга ҳаракат қиларди ».

* Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Юнусдан ривоят қилинади:

« Маъруф ибн Восил Таймий « Бану Амр ибн Саъд » масжидида имом эди. У сафарда ҳам, муқимликда ҳам ҳар уч кунда Қуръонни хатм қиларди. Қавмига олтмиш йил имомлик қилиб, бирор марта ҳам намозда саҳв қилмади, чунки намоз унинг учун ўта аҳамиятли эди»

* Салом ибн Абу Мутиъдан ривоят қилинадики, буюк тобеъин Қатода раҳматуллоҳи алайҳ ҳар етти кунда хатм қилар экан. Рамазон келса, уч кунда ва унинг охирги ўн кунлигида эса ҳар куни бир хатм қилар эди.

* Ато ибн Жабала айтади: « Мансур ибн Муътамирнинг онасидан Мансурнинг амаллари ҳақида сўрашган эди, у шундай деди: « У кечанинг учдан бирида Қуръон ўқир, кейинги учдан бирида йиғлаб, қолган қисмида дуо билан машғул бўларди

* Буюк тобеинлардан Робиъ ибн Хайсам мусҳафга қараб қироат қиларди. Олдига бирор инсон кириб қолса, уни ёпиб қўярди ва: « Бу мени ҳар доим кироат қилади деб ўйлаб юрмасин », дер эди.

Мусҳафга қараб ўқиш

Имом Суютий « Ал- Жомеъус- сағир » да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Беш амал ибодатдандир: кам ейиш, масжидларда ўтириш, Каъбага қараш, мусҳафга қараш ва олимнинг юзига қараш».

Имом Табароний ва Байҳақий сахих санад билан қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мусҳафга ҳар доим қараб туринглар », деган экан.

Яъни саҳобалар ва тобеинлар одатда мусҳафга қараб қироат қилишар эди, демоқчи.

Абу Довуд Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Қуръон ўқинглар, манави осиб қўйилган мусҳафлар сизларни алдаб қўймасин, чунки Аллоҳ Қуръонни ўзида саклаган қалбни азобламайди ».

Қуръонни унутиш

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

« Набий соллаллоху алайхи васаллам: « Қуръонга ҳушёр бўлинг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у қочқоқликда тушовдаги туядан ҳам тездир», дедилар ».

Имом Бухорий ривоят қилган.

«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят килинади:

« Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: « Менга умматимнинг ажрлари намойиш этилди, ҳатто кишининг масжиддан олиб чикиб ташлаган гарди (нинг ажри) ҳам. Яна менга умматимнинг гуноҳлари ҳам намойиш этилди. Кишига Қуръондан бир сура ёки оят берилиб, кейин уни унутишдан кўра улканроқ гуноҳни кўрмадим ». Термизий ривоят қилган.

Фаришталар Қуръон хатм қилган инсонга салават айтадилар

Абададан ривоят қилинади: « Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтадилар. Агар у ундан ( Қуръондан) тунда фориғ бўлса, фаришталар тонг отгунча унинг ҳаққига салавот айтадилар ».

Доримий ривоят қилган

« Бугунги замонавий электрон жиҳозлардаги мусҳафлар ҳам вароқли мусҳафлар ҳукмини оладими?»

Ракамли жиҳозлар ичида ҳақиқатан мусҳаф бўлмаса-да, экранда мусҳаф намоён бўлган пайтда экран мусҳаф, жиҳоз ундан ажралмайдиган ғилоф ҳукмида бўлади. Бинобарин, унга қараб ўқиш фазл жиҳатидан мусҳафга қараб ўқиш ҳисобланади ва айни пайтда жиҳозни таҳорат билан ушлаш лозим бўлади.

Хатм қиладиган куни рўза тутиш

Буюк тобеъинлардан Талҳа ибн Мусарриф, Ҳабиб ибн Собитлар шундай қилишар эди. Бу ҳам хатм ва дуонинг қабул бўлиши умидида қилинадиган амаллардандир.

Хатмдан кейинги дуо

«Анас ибн Молик Қуръонни хатм қиладиган бўлса, аҳли- оиласи ва фарзандларини тўплаб, уларнинг ҳаққига дуо қилар эди ». Доримий ва Табароний ривоят қилишган.

Зухо сурасидан кейинги ҳар сурадан кейин такбир айтиш

Икрима ибн Сулаймон айтади: « Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Кустантинга Қуръонни ўқиб бердим.

«Ваз зуҳо » га келганимда менга: «Такбир айт, то тугатгунингча ҳар суранинг сўнгида такбир айт », деди. Абдуллоҳ ибн Касир унга хабар қилибдики, у Мужоҳидга Қуръонни ўқиб берганида у шунга буюрган экан. Мужоҳид хабар қилибдики, Ибн Аббос уни шунга буюрган экан. Ибн Аббос хабар қилибдики, Убай ибн Каъб уни шунга буюрган экан. Убай хабар қилибдики, Набий соллаллоху алайҳи ва саллам уни шунга буюрган эканлар ».

Хатмдан кейин мустажоб дуо бор

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: соллаллоху алайҳи « Расулуллох васаллам дедилар: « Ким Қуръонни ўқиб чиқса [ ёки « жамласа », дедилар], унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида мустажоб бўладиган дуо бордир. У Зот хоҳласа, уни бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради ». Табароний ривоят қилган.

Қуръон учун бир уйда тўпланган жамоа

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

« Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида тўпланиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилар ва уни ўзаро ўрганар эканлар, устиларига сакина тушади, уларни раҳмат қуршаб олади, фаришталар ўраб олади ва Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагилар олдида зикр этади ».

Муслим ривояти.

Вафот этганларга Қуръон хатми етиб борадими?

« Сунан » да Анас розияллоҳу анҳудан марфуъ шаклда ривоят қилади: «Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, ўша куни улардан азоб енгиллатилади ».

Хатм тугатиб, янги хатм бошлаш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

« Бир одам: « Эй Аллоҳнинг Расули, кайси амал Аллоҳга энг маҳбуб? » деди. « Тушиши билан яна жўнайдиган », дедилар. « Тушиши билан яна жўнайдиган нима дегани? » деди. « Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган », дедилар ». Термизий, Ҳоким ва Доримий ривоятқилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларини тинглашни яхши кўрар эдилар

Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни ўз ҳузурларига чорлаб:
«Эй Абдуллоҳ, менга қироат қилиб бер», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга нозил бўлган нарсани сизга қироат қиламанми?» деди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
«Мен уни ўзимдан бошқадан эшитишни яхши кўраман», дедилар у зот. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Нисо» скрасида тилоқат қилишни бошладилар. У киши «Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?! Ўша кунда куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар»га етганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб юбордилар. У зотнинг кўзларидан ёш тинмай оқа бошлади ва қўллари билан ишора қилиб:
«Етади, етади. Эй Ибн Масъуд», дедилар.

« ХАТМИ САҒИР »

« Хатми сағир » аслида « Кичик хатм⟫ дегани бўлиб, у « Хатми кабир », яъни Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқишнинг муқобили ўлароқ ишлатилади. Ушбу амалнинг бундай номланиши Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келиши ҳақидаги ҳадисдан келиб чикиб, ушбу сурани уч марта ўқиш кичик хатм бўлади, деган умидга асосланган. Хатми сағирда уч марта Ихлос сураси, кейин Фалақ ва ан- Нас суралари, сўнгра Фотиҳа сураси ва Бақаранинг аввалги беш ояти ўқилади. Ихлос сурасини уч марта такрорлашни ҳисобга олмаганда, хатм чоғидаги ушбу амал ҳадисларда келган.