May 21, 2022

Книга 36. «Мусулмон Ахлоқи».

​​Тақриз:

◼️Охирги пайтда ўқиган китобларим, асосан, бир тайинли мавзуси бор китоблар эди, яъни динимизни бир қисми ҳақида эди, аммо бу асарда муаллиф турли мавзулар ҳақида ёзган, фундаментал маълумотларни жамлаган, ҳар бир мусулмон билиши керак бўлган одоб-ахлоқ ва муомалат ҳақида гўзал тарзда баён қилган.

◼️Китобнинг энг ёққан томонлари:

1) Асарда замонамиз учун долзарб муаммога айланаятган ота-она, қариндош-ўруғ, қўшниларга қилинадиган муомала ва одоб мавзулари кутарилгани.

2) Кўплаб ҳадис ва оятларни далил сифатида келтирилгани. Асарнинг деярли ҳар бетида мавзуга доир, камида, бир ҳадис келтирилган.

◼️ Китобни тугатишимга кўп вақт кетди(415 бет), чунки асар бадийи услубда ёзилмаган, роман ёки қисса эмас(яъни одатда адабий китобларни ўқиш осонроқ).

Китобдан ўрганганларга амал қилиш, секин-секин ҳаётга татбиқ этиб, эслаб қолиш учун узоқ муддат керак бўлди.

◼️Китоб 9 қисмдан иборат:

1) Мусулмон инсоннинг Парвардигори билан бўлган муомаласи

2) Мусулмон инсоннинг ўзи билан бўлган муомаласи

3) Мусулмон инсоннинг ота-онаси билан бўлган муомаласи

4) Мусулмон инсоннинг аёли билан бўлган муомаласи

5) Мусулмон инсоннинг фарзандлари билан бўлган муомаласи

6) Мусулмон инсоннинг  қариндошлари билан бўлган муомаласи

7) Мусулмон инсоннинг кўшнилари билан бўлган муомаласи

8) Мусулмон инсоннинг дўстлари билан бўлган муомаласи

9) Мусулмон инсоннинг жамият билан бўлган муомаласи

◼️Менимча, «Асарни ҳар бир мусулмон одам ўқиши шарт»!

Нега?

Ҳадислардан ҳусни-хулқ, одоб-аҳлоқ динимизда қанчалик муҳимлигини англаган инсон учун одоб-ахлоққа оид китобларни ўқимай туриб, «мен динимни яхши биламан», дейиш нотўғри, менимча.

Хулосаларим:

1) Мўмин Аллоҳнинг амрига итоат қилади.

Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар! (Нисо - 65)

Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳам ўз ҳадисларидан бирида:

«Менинг жоним қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, бирорта одам мўмин бўла олмайди», деганлар.

2) Оилага бошлиқ бўлиш.

“Ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бир бошлиқ ўз халқидан масъулдир”

( Бухорий ва Муслим ривояти).

3) Намоз аввалги қилиб ўтган гуноҳларига каффорат бўлади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим:

"Мусулмон кишига фарз намоз вақти кирса, сўнгра у таҳоратни, хушуъни, рукуъларни чиройли килса, модомики катта гуноҳлар қилмаган бўлса, бу иши унинг аввалги қилиб ўтган гуноҳларини каффорат қилади. Бу ҳолат бутун замон давом этади"

(Муслим ривояти).


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

"Беш вақт намоз, икки жума орасидаги кичик гуноҳларга каффорат бўлади" (Муслим ривояти).

4) Банда доимо Аллоҳнинг Қазойи Қадарига рози бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

“Мўминнинг иши ажойиб, барча нарса унга яхшиликдир: Хурсандчилик етса шукр қилади ва бу унга яхшиликдир. Мусибат келса- сабр қилади, бу ҳам унга яхшиликдир" ( Бухорий ривояти).

5) Банда барча амалларида Аллоҳнинг ризосини исташи керак.

Босаëтган ҳар бир кадами, қилаётган ҳар бир амалида бутун ғами Парвардигорини рози қилиш бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким одамларни норози қилиш билан Аллоҳнинг ризосини истаса, Аллох таоло унинг одамлар олдидаги масъулиятига кифоя қилади. Ким Аллоҳни норози қилиб, одамларнинг ризосини истаса, Аллоҳ таоло уни одамларга ташлаб қўяди ” (Термизий ривояти).

6) Энг афзал амал.

Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим:

"Энг афзал амал қайси?"

У зот:" Вақтида ўқилган намоз”, – деб жавоб бердилар"

(Бухорий ва Муслим ривояти).

7) Яхшиликлар ёмонликларни кетказади.

“Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир.”

(Ҳуд - 114)

8) Хуфтон ва Бомдод намозларини савобни билганларида, унга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, туннинг ярмида намоз билан турган (савобини олади). Ким бомдодни жамоат билан ўқиса тун бўйи намоз ўқигандек бўлади" (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам де дилар:

“ Мунофиқларга хуфтон ва бомдод намозидан ҳам кўра оғирроқ намоз йўқ. Агар улар у икки намоздаги савобни билганларида, унга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар ” ( Бухорий ва Муслим ривояти).

9) Масжидга босиб келинган қадам.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади:

"Ансорлардан бир киши бўлиб, унинг уйи каби бирортасининг уйи масжиддан узоқлигини билмас эдим ва у бирор жамоатдан кеч кирмас эди.

Унга: "Агар бир эшак сотиб олсанг, тунда ҳам, қаттиқ иссиқда ҳам ўшани миниб намозга бораверар эдинг", дейишди.

Шунда у:" Уйим масжидга яқин бўлиши мени хурсанд қилмайди. Мени масжидга пиёда келишим ва у ердан оиламга пиёда қайтишим саҳифамга ёзилишини истайман",- деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Аллоҳ таоло буларнинг ҳаммасини сенга жамлаб берди ”,- дедилар ” (Муслим ривояти).

10) Нафл ибодатларни бажарган кишини Аллоҳ севади.

Аллоҳ таоло айтади:

“Бандам нафл ибодатлари билан Менга қурбат (яқинлик) ҳосил қилаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Сўраса, бераман. Агар паноҳ тиласа, паноҳимга оламан. Дуо қилса, дуосини ижобат этаман!” (Бухорий ривояти).

11) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда кўп намоз ўқиганларидан оёклари шишиб кетарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда кўп намоз ўқиганларидан оёклари шишиб кетар, бу ҳолни кўрган уммул мўминийн Оиша розияллоҳу анҳо у зотга ичи ачишиб:

"Нега шундай қиласиз, ё Расулуллоҳ, ахир Сизнинг аввалу охир гунохларингиз кечирилган-ку?" деб сўрар, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Шукр қилгувчи банда бўлмайин-ми?”, деб жавоб берар эдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти)

12) Қуръонда намоз ва закот бирга келган.

Закот фарз бўлган молиявий ибодатдир. Зеро, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Қасамки, мен намоз билан закот орасини ажратган билан жанг қиламан”, деб айтган.

13) Рамазондаги умра.

Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам:

"Рамазонда килинган умра мен билан ҳаж қилиш савобини беради”, – дедилар.

14) Қуръонни ҳақида баъзи ҳадислар.

“Қуръонни моҳир ўқувчи инсон юзлари ёруғ, мукаррам, итоатли мирзолар (фаришталар) билан бирга бўлади. Қуръонни қийналиб ўқиган инсон учун эса икки ажр бордир”

(Бухорий ва Муслим ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

"Қуръон ўқийдиган мўмин утружжа(лимонга ўхшаган хушбўй мева) кабидир-ҳиди ҳам ширин, таъми ҳам.

Қуръон ўқимайдиган мўмин хурмо кабидир таъми ширин, лекин ҳиди йўқ.

Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон кабидир – ҳиди ширин, таъми аччик.

Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса Заққум кабидир - унинг ҳиди йўқ, таъми эса аччик”

(Бухорий ва Муслим ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

"Қуръон ўқинглар, чунки у эгасига Қиёмат кунида шафоатчи бўлади"(Муслим ривояти).

15) Мусулмон одам камида ҳафтада бир марта чумилиши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Жумъа куни ғусл қилинглар. Гарчи жунуб бўлмасанглар ҳам бошларингизни ювинглар. Хушбўй суртинглар” (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Ҳар бир мусулмон учун ҳафтада бир кун ғусл қилиб, боши, танасини ювмоқлиги вожибдир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳу айтади:

" Молининг учдан бирини хушбўй нарсаларга ишлатган одам исрофгар эмасдир".

16) Жасадингни, кўзларингни, аёлингни, нафсингни сенда ҳаққи бордир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осни ибодатгўйлигини билиб, ундан:

“Менга етган хабарларга кўра, сен ҳар куни рўза тутиб, бутун кечаси намоз ўқир экансан, шундайми? ” – деб сўрадилар.

Абдуллоҳ:

“Ҳа, ё Расулуллоҳ ”,- деди.

Шунда у зот:

“Ундай қилмагин, рўза ҳам тутгин, оғиз очиқ ҳам юргин. Ухлагин, намоз ҳам ўқи. Чунки жасадингни, кўзларингни, аёлингни, нафсингни сенда ҳаққи бордир ”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

17) Мусулмон одам спорт билан шуғулланади.

Ижтимоий шароитига мос келадиган ва жисмига қувват, ғайрат берувчи, уни касаллик, иллатлардан сақловчи спорт турлари билан шуғулланади.

18) Овқатланиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

"Одам боласи қорни каби ҳеч бир ëмон идишни тўлдирмас. Ҳеч иложи бўлмаганда, қорнининг учдан бирини таомга, яна бирини шаробга, учинчисини эса нафас олиш учун қолдириши лозим ”

(Аҳмад, Термизий ривояти).

Умар розияллоҳу анҳу айтади:

“ Таом ва шаробга очкуз бўлишдан сақланинглар. Чунки у жасадни бузади, касаллик келтиради, намоздан дангаса қилади. Ўртача овқатланинглар, шунда у жасадни ўнглайди, исрофдан узоқроқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло ўта семизликни ёмон кўради. Киши токи шаҳватини динидан ортиқ кўрар экан, у ҳалок бўлади".

19) Либосларингни чиройли қилинглар ва одамлар ичида энг дидли бўлинглар.

Ибн Ҳанзалийя ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарларининг олдига сафарга кетаётган саҳобаларига дедилар:

“ Сизлар биродарларингизнинг олдига борар экансизлар, уловинглар устидаги эгарингларни, либосингларни чиройли қилинглар ва одамлар ичида энг дидли бўлинглар. Чунки Аллох таоло ахлоқсиз ва адабсизни суймас ”

(Абу Довуд, Ҳоким ривояти).

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам хунук сурат, жирканч ҳолат, ташқи кўринишига эътибор бермаслик, кийим- кечак ва бошка жиҳозлардаги пала-пар тишликни ахлоқсизлик, адабсизлик деб санадилар.

20) Тозалик ҳақида ҳадис.

"Беш нарса фитратдандир- хатна килдириш, кераксиз тукларни олиш, қўлтиқ тукини юлиш, тирнок олиш, мўйлабни қисқартириш ” (Бухорий ва Муслим ривояти).

21)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар :

"Албатта, Аллоҳ таоло бандасида унга берган неъматининг асарини кўришни хоҳлайди" (Термизий, Ҳоким ривояти).

22) Ёқимсиз Ҳид.

Баъзи инсонларни оғизларидан, киймларидан, таналаридан, оёқларидан ёқимсиз ҳид келади. Улар масжидларда зикр, дарс, музокара мажлисларига борадилар, аммо уларнинг ёқимсиз ҳидлари ўша ерда ҳозир бўлган одамларга озор беради, улуғ маконни ўраб олган фаришталарни қочиради.

23)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, айтди:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечасими, кундузими ухлаб турсалар, таҳорат олишдан аввал мисвок ишлатар эдилар” (Аҳмад, Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғиз ни тоза тутишликка ортик даражада эътибор беришлари буларни айтишларига сабаб бўлди:

“Агар умматимга қийин бўлмаганда уларни ҳар намоздан аввал мисвок тутишга буюрган бўлар эдим” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида энг аввал нимадан бошлар эдилар, деб сўралди. Шунда у мисвокдан, деб жавоб берди.

24) Ибодат чоғида зийнатланинг.

Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида зийнатланинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас.

Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига(мўминларга) хосдир», деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз.

(Аъроф, 31- 32)

25) Кийим кийгандаги ҳамд.

Ибнул Муборак, Табароний, Ҳоким, Байҳақий ва бошқалар Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, айтади:

“ Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни янги кийим сўраб, уни кийганларини, тўнни эгнига кийгач:

У билан авратимни тўсадиган ва ҳаётда у билан чиройли бўладиган кийимни кийдиргани учун Аллоҳга ҳамд бўлсин ”, деганларини эшитдим".

26) Ота-онага яхшилик қилиш, Аллоҳга иймон келтиришдан кейинги ўринда туради.

Кўп оятлар кетма-кет ота-онани рози қилишни Аллоҳни рози қилишдан кейинги ўринга қўяди, уларга яхшилик қилишни иймон фазилатидан кейинги инсоний фазилат деб ҳисоблайди:

"Аллоҳга бандалик қилинглар ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота- онангизга... яхшилик қилингиз!" ( Нисо сураси, 36- оят).

27) Ота-онага қилган яхшилик жиҳоддир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади: "Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдан сўрадим:

"Қайси амал Аллох таоло учун суюклироқ?" У зот: "Вақтида ўқилган намоз",- дедилар.

Мен: “ Кейин қайси?"- дедим. У зот: " Ота- онага яхшилик қилиш", дедилар.

Мен яна:" Кейин қайси?“, деб сурадим. У зот:" Аллоҳнинг йўлида қилинган жиҳод”, деб жавоб бердилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бир киши Аллох таолодан ажр истаб ҳижрат ва жиҳодга байъат қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотнинг қабулларига кирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан:

"Ота- онангдан бирортаси тирикми?"- деб сўрадилар. Ҳалиги киши:" Ҳа, икковлари ҳам ҳаёт ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолодан ажр истайсанми?" У: " Ҳа",- деди. Шунда у зот: "Ота- онангнинг олдига бориб, улар билан яхши ҳамсуҳбат бўлгин",- дедилар.

(Бухорий ва Муслим ривояти).

28) Гарчи кофир бўлса ҳам ота-онага яхши муомалада бўлиш.

"Агар улар ( яъни, ота-онанг) сени Ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир булсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!"

( Луқмон сураси, 15-oят).

29) Ота-она учун Қуръоний дуо.

Сенинг нимжонлигингдан бошлаб тарбия қилганлари ва чексиз яхшиликлар беришгани учун Аллоҳга тинмай дуолар қилгин ва:

"Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб- ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин ”, деб (ҳақларига дуо қил)! ”

30) Энг катта гуноҳ.

Абу Бакра Нуфайъ ибнул Ҳорисдан ривоят қилинади, айтади:" Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам дедилар:

"Сизларга энг катта гуноҳни хабарини берайми ( уч бора қайтардилар)?"

Бизлар: “ Ҳа, ё Расулуллоҳ",- дедик.

У зот:" Аллоҳга ширк келтирмоқ ва ота- онага оқ бўлмоқ”, дедилар" ( Бухорий ва Муслим ривояти).

31) Ота-онага қилинадиган яхшилик.

Мусулмон инсон:

• ота- онасини чиройли ҳолда ҳурмат қилади

• ота-онаси унинг олдига келса ўрнидан туради

• уларнинг қўлларини ўпади

• уларнинг олдида уларни ҳурмат қилиб овозини чиқармайди

• улар олдида қанотини паст тутади

• уларга ширин сўзларини айтади

• уларга жароҳат етказувчи сўзларни ишлатмайди

• ота- онасини бахтиёр килади

• қўлидан келганича уларнинг калбларига сурур олиб киради

• Аллоҳ таолонинг итоати чегарасидан чиқмаган ҳолда ҳар кандай ҳолатда уларга яхшилик қилади

ширин таом, нафис либос, яхши уй- жой ва яна бошқа уларга муносиб келадаган қулайликларнинг барча турини яратиб беради

• буларнинг ҳаммасининг устида хушсўз, очик юз, ширин табассум, мухаббат, мехр, вафога тўлиб тошишлик

• ота- онага миннатдорчилик билдириш

•яна у ота- онаси ўтганидан кейин улар номидан садақалар қилади

• уларни кўп дуолар қилади

32) Уларга қул хожасига қилган муомалани киласан.

Бир киши Саид ибнул Мусаййабдан сўради:" Ота- онага яхшилик қилиш ҳақидаги оятнинг барчасини тушундим, лекин мана бу" Уларга ( доимо) яхши сўзайт!" оятига тушунмадим. Уларга кандай яхши сўз айтилади? ».- Саид:" Уларга қул хожасига қилган муомалани киласан",- деб жавоб берди.

33) Ота-онага гапириш оханги.

Ибн Сирин розияллоҳу анҳу онасига уни ҳурмат килган ва улуғлаганлигидан касал одамни товушидек, заиф овозда гапирарди.

34) Эр-хотинлик- нафс ороми, қалб роҳати.

Исломда эр-хотинлик- нафс ороми, қалб роҳати, дил барқарорлигидир.

Мурувват, самимийлик, ҳамкорлик, ҳамоҳанглик, раҳмат ва дўстлик устига қурилган бўлади.

" Унинг оятларидан (яна бири) у Зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва мехр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир" ( Рум сураси, 21- оят).

35) Солиҳа аёл Аллоҳнинг эркак кишига берган Буюк неъматидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “ Дунё- матодир, унинг энг яхши матоси- солиҳа аёлдир" ( Муслим ривояти).

36) Қандай аёл яхши?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васалламдан сўради:" Қандай аёл яхши?"- У зот:" Қараганда хурсанд қиладиган, буюрганда итоат этадиган ҳамда у аёлнинг ўзи ва эрининг молида эри ёмон кўрадиган нарсага хилоф чиқмайдиган аëл яхши", дедилар.

(Аҳмад ривояти).

37) Сизларнинг энг яхшиларингиз-аёлига яхшиларингиздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аëлига яхши муносабатда бўлган инсонни “умматнинг яхшиси" деб айтганлар.

“ Энг иймони мукаммал мўмин-хулқи чиройлиги. Сизларнинг энг яхшиларингиз-аёлига яхшиларингиздир"

(Термизий ривояти).

38) Салом беринг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳуга бундай деганлар: “ Эй ўғлим, уйингга кирганингда салом бергин-сенга ҳам, аҳли оилангга ҳам барака бўлади

( Термизий ривояти).

39) Эр изнисиз.

"Аёл киши эри уйида бўла туриб унинг изнисиз рўза тутиши ва эрининг уйига эрининг изнисиз бировни киришига изн бериши ҳалол эмасдир ” (Бухорий ривояти).

40) Аёллар фитнаси.

Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам айтганлар: “Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан ҳам кўра зарарлирок фитнани қолдирмаяпман"

(Бухорий ва Муслим ривояти).

41) Фарзандни намозга буюриш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:" Фарзандларингизни етти ёшларида намозга буюринглар, ўн ёшларида намоз ўқимасалар уринглар ”, деганлар ( Аҳмад, Абу Довуд ривояти).

42 ) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оиласига меҳрибон бўлган.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “ Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам кўра оиласига меҳрибонроқ инсонни кўрмадим.«

Бир куни бир аъробий у зотнинг олдига келиб “ Сизлар гўдакларингизни ўпасизларми, биз ўпмаймиз",- деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам:" Аллоҳ қалбингдан раҳматни олиб ташлаган бўлса, мен нима ҳам қила олардим", дедилар ( Бухорий ривояти).

43) Ўз аҳлига қилинган эҳсон.

“Киши савоб умидида ўз аҳлига эҳсон килса, бу унинг учун садақадир ” ( Бухорий ва Муслим ривояти).

Муслимнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятидир, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам дедилар:" Аллоҳнинг йўлида берилган дийнор, қулни озод қилиш учун берилган дийнор, сен мискинга садақа қилган дийнор, ўз аҳлингга берган дийнор- уларнинг ичида уз аҳлингга қилган эҳсонингни ажри буюкроқдир".

44) Қариндош билан алоқа узган кимса жаннатга кирмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган: “ Қариндош билан алоқа узган кимса жаннатга кирмайди" ( Бухорий ва Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“ Кимни ризқи кенг бўлиши, умрининг узайиши севинтирса қариндош билан алока боғласин" ( Бухорий ва Муслим ривояти).

45) Кўшниларга муомала.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Жаброил алайҳиссалом менга қўшнини тавсия қилаверганидан, мен қўшни меросхўр бўлса керак, деб ўйлаб қолдим"

(Бухорий ва Муслим ривояти).

У зот айтадилар: “ Ким Аллоҳ таолога, Охират кунига иймон келтирса, қўшнисига яхшилик қилсин, ким Аллоҳ таолога, Қиёмат кунига иймон келтирса, меҳмонни ҳурмат килсин, ким Аллоҳ таолога, Қиёмат кунига иймон келтирса- яхшиликни айтсин ёки жим турсин" ( Бухорий ва Муслим ривояти).

46) Биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:" Мусулмон одам биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай, учрашганда бир-биридан юз ўгириши ҳалол эмас. Уларнинг яхшиси- биринчи салом берганидир" ( Бухорий ва Муслим ривояти).