May 7, 2022

Книга 33. «Маҳрам жавоблар». Нуриддин Йилдиз.

ТАҚРИЗ:

Китоб савол-жавоб кўринишида ёзилган бўлиб, кўпгина масалаларда берилган саволларга Нуриддин Йилдиз томонидан жавоб берилган.
Бундай услубнинг яхши томони: ҳар хил саволлар бўлгани учун қизиқиб ўқийсиз, зерикмайсиз, содда тилда ёзилган, инсонларни қийнаётган саволларга гўзал жавоб берилган.

Ундан ташқари сизда тўғилган баъзи саволларни жавобларини топишингиз ҳам мумкин. Ўзим учун анчагина янги маълумот олдим, билмай ёки иккиланиб юрган масалаларга ўзим учун ечим топдим.

Аммо, жамланманинг ёмон тарафи бу саволлар кўп бўлгани, китобдаги ёзилганлар эсингиздан чиқади, дам-ба-дам такрор ўқиб, варақлаб турмасангиз бўлмайди.

Китобда никоҳдан олдин бўладиган жараён, унаштирув, жуфт танлаш, оила қуриш, фарзанд тарбияси, нафсни жиловлаш, эр-хотин ўртасидаги муомала, маҳр, ажрим ва талоқ масалаларида кўп бериладиган саволларга жавоблар келтирилган.

Бундан ташқари кўпгина аёлларга таълуқли масалалар кўтарилган: қош териш, маҳрамсиз йўлга чиқиш, пластик жарроҳлик, ҳижоб ва тасаттур, аёлни машина ҳайдаши, ишлаши ва бошқа нозик масалаларга жавоблар берилган.

Асосан аёлларга тавсия қила оламан, аммо кутубхонангизла бу китоб бўлиши ШАРТ деб ўйламайман.

Баъзи саволларга жавоблар:

ТАСАТТУР ЎЛЧОВИ

Савол: - Домла, мен ўранишга қарор қилдим. Лекин қандай ўраниш борасида бир қарорга келолмаяпман. Видеоларингизни кўрдим, лекин менда яна саволлар туғилмокда. Кенг либос кийишим керакми? Ёз ойлари ёки байрамларда ёрқин рангли либослар кийсам бўладими? Аллоҳ рози бўладиган ҳолат қандай бўлади? Менга намуна бўладиган сурат кўрсатинг.

Жавоб: Аввало, сизни табриклайман. Аллоҳ рози бўладиган қарорга келибсиз. Бу қарордан қайтмаслик учун сабот ва сабр зарур. Бунда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш керак бўлади:

1. Либос кийилганда бадан билинадиган даражада диққатни тортмаслиги керак.

2. Устингиздаги либос бегоналар диққатини ўзига бир санъат асари каби жалб қилмаслиги лозим.

3. Аллоҳнинг розилиги учун кийиниш ва ўраниш.

4. Либосингизни қуйидаги уч ўлчовга кўра танланг:

а) Турмуш ўртоғингиз нимани хоҳласа, нима чиройли кўринса шундай кийининг. Табиийки, бу фақат хўжайинингиз учун бўлиши лозим: ундан бошқа ҳеч ким сизни бу кўринишда кўрмаслиги керак.

б) Либос танлаш ва кийишда ўлчовни ота-она, фарзанд, невара, қариндошлар, қайнота, тоға ва амаки сингари биринчи даражали яқинларингизга нисбатан олинг. Бу ўлчов сизга кўзлар қадалишига сабаб бўлмаслиги лозим. Бироқ эътибор беринг, бу саналганлар ичида кайноға, дўст ва бошқа қариндошлар йўқ.

с) Юқоридаги икки гуруҳга кирмайдиган жами эркак аёллар учун баданингиз билинмаслиги, либосингиз завқ уйғотиб, диққатни тортмаслиги шарт. Шуни яхши билингки, тасаттур орқали фақат диний шартни бажарган бўлмайсиз. Сиз тўғри ва энг зарур йўлдан кетмоқдасиз. Бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Уларни қарши олишга тайёр бўлинг. Жаннатнинг бир бадали бор, албатта.


АХЛОҚ ВА ГЎЗАЛЛИК

Савол:- Оила куришни истайман, гўзал хулқли ва гўзал юзли қиз излаяпман. Яқинларим «Гўзаллик муҳим эмас, ички дунёси ва хулқи гўзал бўлсин» дейди. Бу борада қандай хулоса қилсам бўлади?

Жавоб:- Ташқи чирой муҳим эмас дегани нимаси? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлда уйланиш учун керак бўлган сифатлардан бири гўзаллик деганлар. Чирой ҳам керак, албатта. Фақат бу биринчи даражали бўлмаслиги лозим. Сизга бу борада иккита тавсия бераман: биринчиси, сиз чиройлисини изласангиз, ўзингизда ҳам шунга лойиқ чирой бўлиши керак. Яъни изларкансиз, изланганлардан бўлинг. Акс ҳолда, на топасиз, на топганингизга эриша оласиз. Иккинчиси, ҳеч бир нарсанинг энг яхшиси йўқ. Ўртачасини танлаган ҳаловат топади. Озгина гўзаллик, озгина бойлик, озгина сарват ва, ниҳоят, диндорлик деб ният қилган ҳолда йўлга чиқсангиз, иншаалоҳ ҳаловатга етишасиз. Аллоҳга таваккал килинг, кўп дуо қилинг.


УНАШТИРУВ ДАВРИДА ҚЎНҒИРОҚЛАШИШ

Савол:- Унаштирилган даврда оила қурадиган ёшларнинг бир-бирларини янада яхшироқ билишлари учун қўнғироқлашиб туришлари мумкинми?

Жавоб:- унаштирилганлар телефонда гаплашиши мумкин. Фақат одоб-ахлоқ чегарасидан чиқмаган ҳолда, тўхтовсиз ( жуда кўп) суҳбатлашмаслик шарти билан. Юзма- юз кўришишлари учун эса учинчи бир яқин кишининг бўлиши зарур.


АЁЛ БИЛАН ҚЎЛ БЕРИШИШ

Савол: — Номаҳрам аёл билан эркакнинг қўл бериб саломлашиши тўғрими? Бу билан боғлиқ ҳадис келтира оласизми?

Жавоб:- Бегона бир аёлнинг бегона эркак билан қўл бериб кўришиши мумкин эмаслиги хусусида ҳукм қатъийдир. Бунда тортишадиган нарса йўқ!


ПЛАСТИК ЖАРРОҲЛИК

Савол:- Пластик жарроҳлик ҳақида қатъий бир хукм борми? Аллоҳ таоло ато этган барча нарсага беадад ҳамду сано бўлсин, лекин мен бир нарсадан жуда қийналаман. Жуда меъёрдан ошмаган ҳолатда бурнимдаги нуқсонни тузатишимда гуноҳ борми?

Жавоб:-Мусулмон аёл ёки эркак ўзининг фитратига тўғри келмайдиган бирор камчилик ёки нуқсонини тўғирлаши мумкин. Фақат у янада гўзал кўриниш мақсадида бўлмаслиги керак.


ЖУФТ ТАНЛАШ

Савол: Мен 21 ёшли қизман. Оила қуришни ўйлаяпман. Талабгорлар кўп, лекин ўзимга муносиби чиқмаяпти. Йигит яхши бўлса, оиласидагилар носоз, оиласи яхши бўлса, йигитда бир камчилик чиқяпти. Бири менга ёқмаса, бирини оиламиз хоҳламаяпти. Нима бўлаётганига ҳайронман. Ёки биз жуда кўп нарса талаб қиляпмизми? Ҳозирги пайтда номусни асраш мушкул, ҳаромга жуда тез аралашиб қоламиз. Шунинг учун хайрли бир оила қуришни истайман. Ёки бу борада таваккал қилиш керакми?

Жавоб:

1. Сиз турмуш қуришга кеч қолган ёшда эмассиз. Кеч қолиш ёки бирор айбли бўлишингиз учун яна икки-уч йил бор.

2. Келган таклифларда, аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсиясига кўра, дин ва ахлоқ шартларини изланг. Фақат дин демаяпман, дин ва ахлоқ. Иккисини ҳам қидиринг.

3. Дин ва хулқдан кейин кўриниши сизга ёқиш- ёқмаслигига эътибор қаратинг. Кўзингизга яхши кўринадиган инсон билан оила қуришингиз лозим.

4. Иқтисодий томонларини изламанг. Иш, диплом ва шунга ўхшаш талаблар қўйманг.

5. Оилавий муносабатларни асосий нарса, деб билинг. Ота-онаси билан муносабати қандайлигини билишга урининг. Аллоҳдан кейин ота- онасига муҳаббат қўймаган инсон оила қуришга арзирли одам ҳисобланмайди.

6. Бирор жамоатга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини суриштиринг. Кўр- кўрона эргашувчи ёки таклидчи одам билан оила қуриш тўғри эмас.

7. Ҳа ёки йўқ, дейиш учун ҳам вақт керак. Уч кунгача ўйлаб кўрмасдан жавоб берманг.

8. Сўнгги қарорингизни истиҳора қилгандан кейин чиқаринг.

9. Ишонадиган одамингиз билан маслаҳатлашинг. Ёлғиз ўзингиз чиқарган қарор хато бўлиши мумкин.

10. Аллоҳ ишингизни осон қилсин.


ФАРЗАНДЛИК

Савол:- фарзандсиз бир оила ота- онаси йуқ гўдакни олиб, вояга етказиши, унга ота- оналик қилиши мумкинми? Одамлардан эшитдим, бир гормон бор экан, у аёлга укол орқали етказилса, сут пайдо бўларкан. Аёл агар ўша асраб олган болани эмизса, унинг онаси ўрнида она, эркак аёл эса гўдакнинг ота- онаси ҳисобланар экан. Бу динимизга қанчалик тўғри келади, шундай бўлиши мумкинми?

Жавоб:- Ихтилофдан холи бўлиш учун 24 ойликдан ўтмаган бир чақалоқни олиб эмизса, ўша аёл она мақомида бўлиши ва бола ўша уйда яшаши мумкин. Энг муҳими, сутни кўкракдан эмиши, нима сабабдан, қандай сут келиши эса муҳим эмас. Бундан бошқа ҳолатда фарзанд бўла олмайди.


АЁЛНИНГ САФАРИ

Савол:- Оилали аёл эридан руҳсат олиб, бир соатлик йўлда самолётда ёлғиз кетиши мумкинми?

Жавоб: Уламоларимиз хулосасига кўра, аёл ёлғиз ҳолда 90 км. дан узоқ йўлга чиқа олмайди. Агар чиқса, ҳаром саналади. Бу хулоса саҳиҳ ҳадисга таянилган ҳолда айтилмоқда. Замондош баъзи олимлар ҳадисдаги вазият ва ҳолатлар бугунги кунда йўқ эканини, аёлнинг сафарга ёлғиз ҳолда чиқиши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Бу хусусда икки нарсани айта оламиз: Оилали аёл эрининг рухсатисиз ҳеч қандай шаклда сафарга чиқа олмайди.

Жуда зарур ҳолатларда рухсат берилади. Лекин бу тантиқлик, бўйсунмаслик сабаблари билан боғланмаслиги лозим. Тез тиббий ёрдам, жаноза каби заруратлар билан аёл йўлга чиқиши мумкин.


АЁЛНИНГ ИШЛАШИ

Савол:- Домла, аёл киши ишлашининг ҳукми қандай? У қандай ҳолларда ишлаши мумкин?

Жавоб:

- Аёл оналик ва рафиқалик вазифасини тўкис бажаришига моне бўлмаган, ҳаромдан (эркаклардан) узоқ турган ҳолатда ишлаши мумкин. Бунинг айби йўқ.


НИКОҲДАН ОЛДИН ТАНИШИШ ВА ГАПЛАШИШ

Савол:- Биз танимаган, фақат оила қурмоқчи бўлган инсонимиз билан гаплашишимиз жоизми?

Жавоб:- Оила қурмоқчи бўлган мусулмон эркак ёки аёлнинг никоҳдан олдин кўришиши жоиздир. Бу- суннат.

Бу учрашувда фақат: Икки киши бир жойда ёлғиз ҳолатда колмаслиги талаб этилади. Зеро, никоҳдан аввалги хилват ҳаромдир. Муҳаққақ, ёнларида учинчи киши бўлиши керак. Иккиси ҳам уйланиш ниятида бўлиши лозим. Бошка ният билан кўришиш, оила қуришни баҳона килиш ҳийла ҳисобланади. Динга қарши ҳийла қўллаган киши, энг аввало, ўзини алдайди. Шайтон тузоғига тушади.- Учрашиб, гаплашиб олиш учун вақт етарли бўлишти лозим. Учрашувда сўзлашув никоҳланган эр- хотин суҳбати кўринишида бўлмаслиги керак.


НАФСНИ ЖИЛОВЛАШ УЧУН

Савол:- Домла, мен 24 ёшдаман. Нафсимнинг орзу ва истакларига қарши бўлишга ҳаракат қиляпман. Лекин шайтон мени тўхтовсиз васваса қилади. Баъзан қилмаслигим керак бўлган ишларни қиляпман. Бундан жуда қийналаман. Биз нима учун яратилдик ва мен нималар қиляпман, деб баъзан ўзимдан ўзим уялиб кетаман. Унаштирилган қизимга иншааллоҳ тўрт ойдан кейин уйланаман. Нафсимни жиловлаш учун бу муддат ичида нималар қилсам бўлади? Дуоларингизга муҳтожман.

Жавоб:- Шунга ўхшаш саволни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрасангиз, уларнинг жавоби шундай бўларди: нима учун мусулмон бўлгансиз? Мусулмонлик бу кураш, дегани. Ҳар бир мусулмон зиддият ичида яшайди. Сўнгги дамгача мағлуб бўлмаганлар ғалаба қозонади. Бир жойда тўхтаб қолганлар эса ҳалок бўлади. Буни сиз шундай тасаввур қилишингиз мумкин: бир майдонда қизғин кураш кетяпти. Унда сиз ҳам иштирок этяпсиз. Албатта, йиқилишингиз мумкин. Йиқилганингизда йиғлай бошласангиз рақибингиз устингизга миниб олади ва сиз мағлуб бўласиз. Асл вазифамиз йикилмаслик, лекин бу жуда мушкул. Биз пайғамбар эмасмиз. Йиқиламиз, фақат йиқилган жойимизда тўхтаб қолмай ўрнимиздан туришимиз шарт. Шунда ютамиз, биизниллаҳ. Сизга тавсиям, насиҳат дарсларини тингланг, Аллоҳдан қўрқадиган дўстларингиз бўлсин. Илм олишда давомли бўлинг. Кофирлар кўп бўлган жойлардан узоқ юринг. Жамоат намозини қолдирманг. Оз миқдорда бўлса- да давомли равишда Қуръон ўқинг. Ҳозирдан оила қуриш борасидаги илмингизни юксалтиринг. Тақвосига ишонган бир-икки яқин кишиларингиз билан никоҳ ҳақида суҳбат қуринг. Кўрасиз, сиз ютиб чиқасиз, иншааллоҳ. Алло ёрдамчингиз бўлсин. Оила қуриб, умматнинг юқори даражаларига эга бўласиз.


ТЎЙ ҲАҚИДА

Савол:- Устоз, ёпиқ ёки ошкора туйнинг исломга уйғун ҳолати қандай бўлади? Мисоллар билан тушунтириб берсангиз.

Жавоб:- Туйдан максад бўлажак никохни эълон қилишдир. Яъни бир аёл ва бир эркакдан дунёга келган фарзандлар шу икки инсон никоҳидан дунёга келган болалар булади. Туй ана шуни билдириб қўйиш учун қилинади. Буни билдирадиган нима бўлса, у исломдан. Бирок кош қўяман, деб кўз чиқармаслик учун қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш керак:

1. Туйга одамларни бой ва камбагалга ажратмасдан таклиф қилиш зарур.

2. Туйда эркаклар билан аёллар аралаш бўлмаслиги керак. Ҳатто парда билан ажратилган битта хона да ҳам эмас, балки алоҳида- алоҳида жойда бўлишлари керак.

3. Маст қилувчи ичимлик ва мусиқа бўлмаслиги керак.

4. Кимларгадир кўр-кўрона таклид килиб, исрофга йўл қўймаслик шарт.

5. Таом бериш- суннат, лекин бунда ҳамма ўз ҳолати ва имкониятидан келиб чиқиши керак. Гўштли таом бўлса янада яхши.

6. Эркак аёллар орасига, аёл эркаклар орасига суратга олиш ёки тушиш каби сабаб ва баҳоналар билан кирмаслиги керак.

7. Келинлик гул отиш ёки шунга ўхшаш ғарб одатларига тақлид қилинган ҳолатда бўлмаслиги лозим.