Книга 31. «Олим етиштирган оналар». Мурат Тосун.
Тақриз:
Асарда фарзанд тарбияси учун муҳим тавсиялар ўрин олган.
Она ишлашини фарзандга таъсири, исломда аёл ўрни, покиза ота-оналардан покиза фарзандлар бўлиши, онанинг ўзи шахс сифатида етук бўлиши каби мавзулар кўтарилган.
Асарда ҳар бир қизга ўрнак бўладиган матонатли, солиҳа, илмли оналар мисоллари келтирилган. Ҳозирги замон ва олдинги саҳобаи-киромлар пайтидаги тарбия солиштирилган ва ёшларга керакли танбеҳлар берилган.
Фарзандини олим қиламан деган қизлар учун уқилиши шарт бўлган китоб.
Китоб хажми кичкина, ўзим таҳминан 3 соатда ўқиб тугаттим, ўқилиши осон, содда тилда тушунтирилган.
Фақатгина битта шикоятим бор, китобнинг сифати жуда паст. Тўғриси, бу китобни бир неча йилдан кейин яна ўқишни истайман, аммо, афсус, бу китоб у пайтгача эсон-омон етиб бормаса керак.
Агар сифатини ҳисобга олмаса, жуда зўр китоб, тавсия қиламан, айниқса қизларга ва бўлажак оналарга!
Хулосаларим:
1. Она ишламаслиги фарзанд учун яхши.
Она ишлаши мумкин, аммо эрталабдан кечгача эмас. Афсуслар билан айтишимиз мумкинки, ишлайдиган она фарзанди билан тўлиқ шуғуллана олмайди.
Гоҳида ҳаётда бошимизга тушган турли мусибатлар сабабли она болаларини ташлаб, ишлашга мажбур бўлиши мумкин. Аммо турмуш ўртоғининг маоши етарли бўлса, турли феминистик қарашлар билан «ўз кучи билан билан эришган, уддабурон ва ишбилармон аёл» каби сўзларга учиб, болаларини боғчаларга ташлаб қўймасинлар. Ҳеч качон болаларингизни бу ёшда қайтиб топа олмайсиз, бағрингизга босиб эркалай олмайсиз. Бу лаҳзалар такрорланмасдир. ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАР УЧУН БУ АСАРДА ОЛИШИ КЕРАК БЎЛГАН ЖУДА КЎП ДАРС БОР!
Уч пуллик дунё манфаатларига эришаман деб, болаларимизни бегона қўлларга топширмайлик. Карьера яратаман деб, боламизнинг ҳаққи бўлган вақтларни ўз ҳисларимизга курбон қилмайлик.
Фарзандларимизнинг соғлом ва бахтиёр улғайишини сотиб оладиган ҳеч қандай пул, хеч кандай бойлик бу дунёда йўқ. Она уйдаги ғамхўр киши бўлса, ота у уйнинг бошидир. Уйнинг моддий ва маънавий жавобгарлиги отанинг зиммасида.
2. Аллоҳнинг каломида эса аёлларнинг ҳатто исмлари ҳам зикр килинмади.
Эътибор берган бўлсангиз, Қуръонда ҳеч қайси аёлнинг: мўмина бўлсин, кофир бўлсин исмлари тилга олинган эмас, фақатгина ҳазрати Марямнинг исми аниқ айтилган. Баҳс юритилган аёллар оилали эдилар, Марям онамиз эса никоҳсиз, турмуш ўртоғи йўқ эди.
Айнан шу ҳолат ҳам шариатимизда аёллар борасида маҳрамнинг нечоғлик нозик масала эканлигини кўрсатади. Аёл эркак кишининг энг яқин маҳрамидир. Ошкор килинмайдиган, дўстлар орасида ҳатто исми ҳам тилга олинмайдиган хилқатдир аёл.
Бугунги кунимизда эса минг афсуслар бўлсинки, мусулмонми, кофирми фарқи йўқ, аёллар ҳар хил ҳолатдаги расмларини, шахсий ҳаётига оид онларини, турмуш ўртоғи билан самимиятини интернет тармоқларида улашишади. Ичимда бир оташ ёнган ҳолда айтаманки, румолли аёллар ҳам юзини беркитиб, кўзларининг мафтункорлигини кўз-кўз қилган ҳолдаги расмларини миллионлаб эркаклар кўрадиган майдонда намойиш қиладилар.
Аммо биз исмини ҳам бегоналар орасида тилга олишдан ҳаё қиладиган бир маданиятнинг авлодларимиз.
3. Синов энди келганда қилинган сабр- ҳақиқий сабр.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энг мақбул сабр мусибатга илк дуч келган онингдаги сабрдир»,- дедилар.
Мусибат илк келган лахзада бақир- чақир билан фиғон қилиб, бутун дунёни бошимизга кийиб бўлгач, «сабр килдим» дейиш сабр эмаслигини англаймиз.
4. Банда Аллоҳга яқинлашса.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари азза ва жалладан қуйидагиларни ривоят қилдилар:
«Қачон банда Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Қачон Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Қачон Менга юриб келса, Мен унга тез югуриб бораман (яъни, бандам ҳар турли ибодат ва яхшиликлар билан Менга яқин бўлса, Мен ундан зиёда иноят ва карамларим билан меҳрибонлик қиламан.)».
5. Аллоҳдан рози бўлган она.
Аллоҳга таваккул қилишда энг ибрат бўлувчи она ҳазрати Хожар онамиздир.
Қудратли Аллоҳнинг амри билан ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом аёли Хожар ва ўғли Исмоил алайҳиссаломни Маккага элтади. Маккага кетаётиб Иброҳим алайҳиссалом оиласини бир дарахтнинг остида қолдирди. Ҳеч бир сўз демасдан узоқлашаркан ҳазрати Ҳожар: «Бизни кимга қолдиряпсан?»- деди. Йўл бўйи қаерга кетяпмиз деб сўрамаган ҳазрати Хожарнинг саволи бир ҳикматли сўроқ эди. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом аёлига қараб шундай жавоб берди: « Аллоҳга ». Таваккул султони бўлган муборак она шундай деди: « Бизни Аллоҳга қолдиришингга розиман ». Бу қандай бир таслимиятки, йўл бўйи бирорта савол бермайди.
Биз доим Аллоҳнинг кулидан рози бўлиши ҳақида ўқиганмиз. Қилинган бир яхшилик эвазига « Аллоҳ сендан рози бўлсин » деб дуо қилганмиз.
Ҳазрати Хожар онамиздан ўрганамизки, Аллоҳдан рози бўлиш ҳам бор экан. Банда Роббидан рози бўлади, дардларга сабр қилиб, « Роббимдандир » деб сабр билан қаршилайди. Ёш бир жувон, бағрида гўдаги бор. Ташлаб кетилган ери эса қуруқ чўл, инсон йўқ, ҳатто кўзга кўринадиган бирор жонзот ҳам йўқ. Сув йўқ. Ёнларида жуда оз сув колган. Ҳеч нима йўқ. Фақат Аллохдан рози бўлган бу гўзал хоним шуни биладики АЛЛОҲ унинг билан бирга. Аллоҳ бор экан, яна нима бўлиши керак... Аллоҳ биз билан экан, шу бизга етади.
6. Унаштирилган ёшларни аҳволи.
Иффатли оналардан қанча- қанча йигитлар дунёга келган. Узимизни покиза асрамагунча наслимиз пок бўлмайди. Ифлос ариқдан пок сув оқмайди. Иффатли оналардан эса қанча ҳаёли қизлар ва ўғиллар туғилажак.
Аммо унаштирув даврида нималарга гувоҳ бўламиз? Унаштирилганлар уларнинг шундай бир ҳолатдаки, ўрталарида никоҳ йўқлигинингҳеч аҳамияти йўқ. Никоҳ фақат алоҳида уйда яшамаслик учун бир баҳона бўлмоқда.
Неча қиз қариндошларимиз унаштирилгунга қадар асраган иффатларини «Барибир никоҳланамиз- ку» деган шайтоннинг сўзи билан йўқотмоқдалар. Никоҳ бўлмагач, унаштирилганнинг асло аҳамияти йўқ. Унаштирилганлик ҳеч қачон ўртадаги маҳрамликни таъминламайди
7. Али розияллоҳу анҳуни Фотима онамизга бўлган муносаботлари.
Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ризосига уйғун ҳолда яшаганлар. Али розияллоҳу анҳу завжасига ошиқ, Фотима онамиз ҳақида шундай деганлар: « Кун бўйи иш билан машғул бўлиб, чарчаб уйга қайтганимда Фотиманинг юзига боқсам, бутун ғам- андуҳларим, толиқишим йўқ бўларди"
8. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо
Бефарзанд бир мўмина аёлнинг «Олим ёки олима бир фарзанд тарбия қилиш менга насиб қилмайдими?», деган саволига энг гўзал жавобни Оиша розияллоху анҳо онамизда кўради.
9. Ҳомиладор бўлиш ёки икки уч, тўрт фарзанднинг онаси бўлиш Аллоҳнинг йўлидан тўсиб қўймаслиги керак.
Умму Сулаймнинг бу умматга етиштирган бир фарзанди Баро ибн Моликдир. Унинг тилидан туширмайдиган бир дуоси бор эди, Аллоҳга ҳар дуо килганида шундай ёлворарди: « Аллохим, мени йўлингда шаҳодат билан ризқлантир ».
Онасидан шаҳодат билан боғлиқ оят ҳамда ҳадисларни эшитиб улғайган фарзанд шаҳодат билан ризқланишни сўрайди. Бу нарса сизни ҳайрон қолдириши мумкин.
Лекин ҳомиладор ҳолида жангда қатнашган аёл ҳақида эшитсангиз, янада ҳайратга тушасиз. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳомиладор вақтида Ҳунайн жангида қатнашган ва жангнинг энг қизғин пайтида кўлида ханжар билан Расулуллоҳ соллаллоху алайхи ва салламнинг ёнларидан бир лаҳзагаям айрилмаган.
Арслоннинг кўриниши ҳам арслондир. Умму Сулайм айнан шундай. Ҳомила билан жангга кирган бир онадан «Шаҳодат билан ризқланишни истайман» дейдиган фарзанд дунёга келмайдими?!
10. Аёл киши эри уйга келганда ёмон хабар айтмаслиги керак.
Умму Сулайм бу умматга йигитларни етиштирган бир онадир. Умму Сулаймнинг Абу Умайр исмли яна бир ўғли бор эди. У оғир хасталик билан вафот этди.
Отаси Абу Талҳа Мадинадан узоқроқдаги бир ерда эди. Умму Сулайм ўзи кафанлайди.
Атрофдагиларга: « Отасига ўғлининг вафотини айтманглар, ўзим айтаман », деб тайинлайди.
Кеч тушиб, Абу Талҳа уйга келади. Аёли ҳеч нима бўлмагандай кутиб олади. Абу Талҳа кичик ўғлининг аҳволининг сўрайди, Умму Сулайм дейди: « Аввалгидан ҳам яхши », соғайиб қолганини тушуниб, хотиржам тортади. Аслида Умму Сулаймнинг жавоби энди ўғли вафоти туфайли ҳамма оғриқлардан халос бўлганини билдирарди.
Абу Талҳа таомланиб бўлгач, ухламоқчи бўлади. Умму Сулайм бир оғиз ҳам гапирмайди. Фақат энди ҳолатни айтиш керак эди. У шундай дейди: « Эй Абу Талҳа! Инсон бир кўшнисига нимадир омонат килса, кейин омонатни кайтар деса, лекин у қўшниси қайтаришни истамаса, сен унга нима дердинг? »
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу: « Бундай қўшни бўладими? Инсон қандай қилиб омонатни эгасига бермайди?! »- дейди.
Умму Сулайм: « Абу Талҳа! Аллоҳ бизга омонат қилиб берган ўғлимиз Абу Умайрни ҳузурига олди », дейди. Абу Талҳа бир лаҳзага ўзини йўқотиб қўйиб, нима дейишини билмай қолади.
11. Онада ёлғон бўлмайди
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу воқеани ўзи баён қилади:
"Бир куни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам уйимизда ўтирганларида онам чақирди. "Қани, тез кел, сенга бир нарса бераман"-, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онамга:
“Унга бир хурмо бермокчи эдим”.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Диққатли бўл, агар унга ҳеч нима бермасанг, сенга бир ёлғон ёзилади", дедилар.
Шуни унутмаслик керакки, болалар гапиришни уйдагилардан ёлғон ўрганади.
Телефонда кимдир сўраса, мени йўқ де, ёки бирор нима сўраб чиққан қўшнига бизда ҳам қолмаган деб айт каби гапларимиз билан болаларни ҳам ёлғонга ўргатамиз. Ёлғон ҳаётимизнинг ҳар дақиқасида бор, ТВ дастурларида ҳам жуда кўп кузатилади.
11. Илмни бола Аллоҳ учун ўрганиши керак
Илм ўрганган болаларимизга Қуръондан бир сура ёдлашса, қани, ўқи, кўрсинлар дейишимиз мумкин. Бироқ аввало илм Аллоҳ розилиги учун бўлиши лозим.
Фарзандимиз устозидан нимадир ўрганганида « Болам, айт- чи, отанг кўрсин » дейиш ўрнига, « Болам, сен буни Аллоҳ учун ўргандинг » дейишимиз керак.
Фарзандимизни ҳофиз бўлсин деб мадрасага берсак, уни олиб борган кунимиз нима учун ҳофиз бўлишини тушунтириб, насиҳат қилишимиз керак бўлади.
12. Устозга ҳурмат
Устозининг ёнига кетаркан фарзандини покиза ҳолатда тайёрлаши, кейинчалик фарзандининг устозига жуда гўзал муносабатда бўлишини белгилагандир. Шу ўринда бир оғриқли нарсани айтиб ўтишни истардим:
Биласиз! Кичиклигимизда устозимиздан калтак есак, буни ота- онамизнинг эшитишидан чўчирдик, чунки эшитсалар, ким билади, нима хато иш қилдинг, бекорга бундай бўлмаган дейишларидан қўрқардик.
Ҳозир эса болалар устозларидан салгина оғирроқ гап эшитса, ота- она тезда устозни сўроққа тутадилар.
Энди ўйлаб кўринг, бундай ҳолатда бирор бола устозига ҳурмат билан муносабатда бўладими?