January 28, 2022

Книга 21. «Биз гуноҳдан қандай сақланамиз?». Муфтий Шуъайбуллоҳ Хон Мифтаҳий.

Диний амаллар икки қисмдир: бири гуноҳни тарк қилиш, иккинчиси тоатларни бажариш. Гуноҳларни тарк қилиш қийнроқдир. Кўлингиздаги китоб гуноҳларни тарк қилиш йўлларини қисқа ва содда услубда баён қилиб беради.

Иқтибослар:

  • Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:

"Ҳаром ишлардан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Кўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўзинг учун яхши кўрган нарсани одамлар учун ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кўп кулма, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради."

(Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти)

  • Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:

"Кимни мужтаҳид, меҳнаткашдан ўзиб кетиш хурсанд қилса, у ҳолда гуноҳлардан тийилсин"

(Ибн Муборак "Аз-зуҳд", 12-бет)

Шунга кўра, кимки гуноҳдан сақланса, у ҳолда у нафллар ва зикрларга одат қилувчининг ажри ва мартабасига етади.

  • Ҳазрати Абдуллоҳ Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: " Бир шубҳали дирҳамни олишни тарк қилишим, мен учун юз минг дирҳамни садақа қилиш имдан кўра яхшироқдир" дедилар. (Жомеъул-улум вал-ҳикам, 96-бет)
  • Ҳазрати Умар Ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ: "Мен хоҳлайманки, майли фарз ва витр намозидан ташқари бирор нафл ўқимайин. Закотдат бошқа бирор садақа бермайин. Рамазон рўзасидан бошқа бирор рўза тутмайин. Фарз ҳаждан бошқа бир нафл ҳаж қилмайин. Лекин бутун куч-қувватимни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақланишга сарф қилайин", дедилар. (Жомеъул-улум вал-ҳикам, 96-бет)
  • Баъзи уламолар шундай дедилар: "Аллоҳ таоло фаришталарга ақл берди, лекин шаҳват бермади. Ҳайвонларга шаҳват берди, лекин ақл бермади. Инсонга эса ақл ва шаҳватни берди. Шунга кўра, кимки ўз ақлини шаҳватидан устун қилиб олса, фаришталардан ҳам яхшироқ бўлади. Кимки ўз шаҳватини ақлидан устун қилиб олса, у ҳолда у ҳайвонлардан ҳам баттароқ бўлади".
  • Уламолар ёзадиларки, бу йуллар икки турлидир: бири шубҳалар йўли, иккинчиси шаҳватлар йўли. Улар ичидан ақл, кўз, қулоқ, тил, қўл ва оёқлар орқали хос тарзда шайтон инсонга ҳамла қилади ва булар ички йўллардир. Булардан ташқари жуда кўп ташқи йўллар ҳам бор. Масалан, молу-давлат, лавозим ва мансаблар, шон-шуҳрат ва ҳакозо.

КЎЗ ВА НАЗАР

  • Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.
    (Нур - 30)
  • Набий соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга шундай деганлар:

"Назар кетидан назар эргаштирма. Чунки, биринчи назар сен учун жоиздир. Лекин, иккинчи назар сен учун жоиз эмасдир."

(Имом Термизий, Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти)

  • Набий соллалоҳу алайҳи васаллам:

"Назар шайтонининг заҳарли ўқларидан бир ўқдир. Ким Аллоҳдан қўрқиб уни тарк қилса, Аллоҳ таоло унга шундай иймон ато қиладики, унинг лаззатини(халоватини) қалбида ҳис қилади", дедилар

(Имом Ҳоқим ва Табароний ривояти)

ҚУЛОҚ

Шайтоннинг бир муҳим йўли қулоқдир. Масалан, фисқу фужур ва гуноҳларга чорловчи кўшиқлар эшитиш, ғийбат ва чақимчилик эшитиш, шунингдек, ҳаром ва нопок нарсаларни эшитиш ила инсон қалби хароб бўлади.

ТИЛ

Бир саҳоба Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан: "Нажот нима?" дея сўради.

Шунда У Зот: "Тилингни тил", дедилар.

(Имом Термизий ривояти)

Ҳазрати Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун албатта (иқобга) олинамизми?» дедим мен.

«Онанг азангни тутсин, эй Муъоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

ФАРЖ

  • Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

  • Имом Байҳақий ривоят қилган бир ҳадисда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам:

"Ким тили, қорни ва фаржининг ёмонлигидан сақланса, батаҳқиқ у банча ёмонликлардан сақланибди", дедилар.

ҒАЗАБ

Ҳадиси шарифда Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи вассалам:

“Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон оловдан яратилган ва олов сув ила ўчади. Шунга кўра сизлардан бирортангиз ғазабланса таҳорат олсин”, дедилар.

(Имом Абу Довуд ривояти).

ЁМОН ХОТИМА ХАТАРИ

Гуноҳнинг бир маънавий зарари ва офатлари шуки, ундан ёмон хотима хатари бўлади.

ҚАЛБГА МУҲР БОСИБ ҚУЙИЛАДИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар. Ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», дедилар».

( Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.)

  • Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дедилар:

"Албатта, яхшилик сабабли юзда бир нур, қалбда зиё, ризқда кенглик, баданда куч-қувват ва одамлар қалбларида муҳаббат пайдо бўлади. Албатта, ёмонлик(гуноҳ) сабабли юзда қоралик, қабр ва қалбда зулмат, баданда заифлик, ризқда камлик ва одамларнинг қалбида нафрат пайдо бўлади.

  • Имом Ғаззолий ёзганлар Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки банда ўз шаҳватини(хоҳишини)ни Менинг тоатимдан устун қўйса, у ҳолда Мен унга қиладиган энг кам иш шуки, уни тоатимнинг лаззатидан маҳрум қилиб қўяман»
  • Ҳазрати Бишри Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Банда гуноҳ қилса, у ҳолда у тунги ибодатдан маҳрух қилиб қўйилади»

ИЛМДАН МАҲРУМЛИК

Имом Шофеъйи раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари шундай деганлар: «Мен устозим Имом Вакиъга хотирам заифлигидан шикоятқилдим. Шунда у киши менга гуноҳни тарк қилишни буюрдилар. Чунки илм Аллоҳнинг нуридир ва Аллоҳнинг нури бирор гуноҳкорга берилмайди »

Қуръон карим гуноҳлар сабабли инсонга мусибатлар юборилишини баён қилгандир. «Сизларга бирор мусибат етса, у қилмишингиз туфайлидир ва Аллоҳ жуда кўпдан афв қилиб юбормайди»

(Шуро сураси, 30 оят)

  • У баракаларнинг кўтарилиши, экинларнинг қуриб қолиши ва нобуд бўлиши, ёмғир ёғмаслиги, жуда кучли шамол эсиши, сел, тўфон, зилзилалар булар барчаси инсонларнинг гуноҳлари сабабидан дунёда содир бўлаверадиган фасодлардир.
  • «Ҳажарул асвад жаннатдан келтирилган эди ва у ниҳоятда оппоқ эди. Бани одамнинг гуноҳлари сабабли у қорайиб кетди »(Сунани Термизий)
  • Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Қачонки, мўмин бирор гуноҳ қилса, қалбида қора нуқта бўлади. Кейин агар тавба қилса, гуноҳдан ажралса ва истиғфор айтса, қалби ундан пок бўлади. Агар яна гуноҳга қайтса, у ҳолда нуқта ҳам катталашиб боради. Ҳаттоки, қалб у ила ёпилиб қолади.»

ЗИЛЗИЛАЛАР

  • Одамлар айтадиларки, тўфон ва зилзилалар бир табиий нарсадир ва фаншунослар баён қилганларидек, уларнинг баъзи табиий сабаблари бўлади.

Ибн Умарнинг аёли София айтади: “Умар розияллоҳу анҳу даврида Мадинада ер қимирлади ҳатто сўри қимирлаб кетди. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо тик турган ҳолда эди, сезмади. Тонг отгач Умар розияллоҳу анҳу одамларга қараб: “Эй инсонлар! Нима бидъатларни қиляпсизлар?! Агар яна (зилзила) қайтарилса, қасамки, сизларни (Мадинадан) чиқариб ташлайман!” деди.
Умар бу гапи билан Мадина аҳлининг айрим ишларда сусткашлик қилишганига, гуноҳлар содир бўлганига ишора қилганини уламолар айтишган.

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Қачонки, одамлар зинони ҳалол қилиб олсалар, ҳамр ичсалар ва мусиқалар чвлсалар, Аллоҳ таоло самосида рашқ қилади ва ерга «Уларни силкит! Агар улар тавба қилсалар ва гуноҳдан узоқ бўлсалар, у ҳолда яхши. Йўқса, уларнинг устига ерни ағдариб қуяман.»

РИЗҚДА КАМЧИЛИК ВА БАРАКАСИЗЛИК

Гуноҳнинг яна бир таъсири шуки, у сабабли ризқда камчилик ва баракасизлик бўлади.

«Ким ҳаромдан лаззат ҳосил қилса, у лаззат тугайди. Лекин гуноҳ ва ор боқий қолади. Оҳирида ёмон оқибатларни боқий қолдиради. Шунга кўра ўзидан кейин жаҳаннам олови бўлган лаззатда бирор яхшилик йўқ»

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дедилар:«Мўмин ўзининг гуноҳларини шундай биладики, у бир тоғнинг тагида ўтирибди-ю, тоғ унинг устига қулаб тушадигандек қўрқувда бўлади. Фосиқ эса ўз гуноҳини худди бурнига қўниб кетган пашша каби деб билади»

  • Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзларининг замоналаридаги одамларга хитоб қилиб шундай деган эдилар:

«Албатта, сизлар баъзи амалларни қиласизки, у сизнинг нигоҳингизда сочдан ҳам нозикроқдир. Биз уларни Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳалок қилувчи амаллар деб билар эдик»

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши: «Энг катта гуноҳ одам қилаётган гуноҳини енгил санашидир»

Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Бирорта ҳам гуноҳни асло арзимас ва оддий санаманглар. Гарчи, сизнинг нигоҳингизда у кичик бўлса ҳам. Чунки, бирор гуноҳни бардавом қилиш ила унинг кичиклиги қолмайди ва бирор гуноҳдан тавба қилиш ила катталиги қолмайди»

  • Бир куни бир киши лойда кийимларини йиғиштириб олиб ва оёқлари тойиб кетишидан қўрқиб, ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ўтиб кетаётган эди. Лекин бир жойда оёғи тойиб кетди ва лойга кулаб тушди. Кейин бироз унгланиб туриб юриб кетди. Энди, ўртада айнан лойнинг ичидан юра бошлади. Чунки, лой бадан вакиймларига тегиб бўлгач, унда «Энди нега эҳтиёт қилайин?» деган ўй бўлди. Шу тарзда эҳтиётсизлик ила юриб бироз олдинга юргандан кейин йиғлай бошлади ва шундай деди: «Банданинг ҳоли ҳам айнан шундайки, гуноҳдан сақланаверади ва эҳтиёт бўлиб юраверади. Лекин бир-икки гуноҳ қилиб қуйса, у ҳолда гуноҳларга шўнғий бошлайди»
  • Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розяллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Бирор мўмин банда гуноҳ қилса, кейин яхшилаб таҳорат олса, сўнг икки ракат намоз ўқиб Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳ уни мағфират қилади»(Сунани Насоий, 10178)
  • Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бир ҳадисда, Набий соллалоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Ким гуноҳдан тавба қилса, у худди гуноҳ қилмаган киши кабидир. Ким гуноҳда бардавом ҳолида истиғфор айтса, у худди Аллоҳни мазаҳ қилувчи кабидир»
  • Ҳазрати ибн Саммок қуйидаги шеърни ўқир эдилар: «Эй, гуноҳга муккасидан кетувчи! Аллоҳ ҳилватда сенинг иккинчингдир. Сени Раббингнинг муҳлат бериши алдаб қўйди ва айбларни ёпиши гуноҳларингни ошириб қўйди»
  • У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур. (Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар ундан огоҳ бўлсинлар.)
    (Ғофир - 19)
  • Ҳазрати Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллалоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

"Агар сизлар мен билган нарсаларни билганингиздан эди, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз. Томоғингиздан егулик ва ичгулик ўтмас эди. Тўшакларда ухламас эдингиз. Аёллардан четланар эдингиз. Паноҳ излаб, йиғлаб тепаликларга чиқиб кетар эдингиз".

  • Ҳазрати Рабиъ ибн Ҳайсам уйларида бир қабр қазитиб қўйган эдилар. Қалбларида қаттиқлик сезсалар, у қабрга тушиб ётиб олар эдилар. Аллоҳ таоло инстаганича у ерда турар эдилар. Кейин (қиёмаь куни кофирлар Аллоҳ таолога айтаждиган сўзни) айтар эдилар:
    Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: «Эй Роббим, мени (ҳаётга) қайтаргин.
    Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам», дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир.
    (Муъминун 99- 100). У киши буни қайта-қайта айтаверар эдилар. Кейин ўз нафсларига: "Эй, Рабиъ! Мен сени ортга қайтардим, энди яхши амал қил!" дер эдилар.