February 24, 2022

Книга 24. «Қуръон қорийларига насиҳатнома». Таълат Муҳаммад Афифий.

Китобнинг номидан: “Бу китоб фақат қорийлар учун экан”, деб ўйламанг. Рисолада умумий ҳамма Қуръон ўрганувчи ва ўқивчилари учун насиҳатлар ўрин олган.

Бу кичкина китобчада Қуръони карим фазилати, ҳофизи Қуръонга ва унинг атрофидагиларига, хусусан, ота-онасига бўладиган ажру мукофотлар баён қилинган.

Бундан ташқари, Қуръон ўқувчиси фақат тўғри ўқиш ва маҳражларни тўғри чиқариш билан овора бўлиб қолмасдан, балки ҳаётига ўқиётганини татбиқ қилиш, Қуръондаги буюрукларга амал қилиш ва қайтариқлардан қайтиши муҳимлиги баён қилинган.

Яна, рисолада Қўръон ўрганувчилар албатта устоз билан ўрганиб, устоздан Қуръонни ўтказиб олишлари лозим эканлиги таъкидланган.

Бу китоб менга жудаям ёқди, чунки асарда Қуръон ўқиш ва ёдлашга рағбатни  берадиган ҳадислар, оятлар топдим ва менга Қуръон билан алоқамни мустаҳкамлашга ёрдам берди, бу эса бу китоб ўз фазифасини бажара олди дегани.

Албатта тавсия қиламан, ўзим ҳам ўқишга рағбатим пасайган пайтларда эслатма ўлароқ яна қайта ўқийман Ин Шаа Аллоҳ!

Китобдан иқтибослар:

  • “Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ўргатганингиздир”

(Бухорий, Термизий, Абу Довуд ривоятлари)

  • Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?! (Қамар - 17)
  • Инсонларнинг Қуръони каримни ёдлашга бўлган бепарволиги оддий ҳолга айланди. Лоқайдлик касаллиги исломий мадраса ва институт талабалари орасида ҳам тарқалди. Оддий ҳалқ у ёқда турсин, талабалар ўртасида Қуръонни ёдлаган ҳофизларнинг сони жуда кам.

Эҳтимол, бу ҳолатлар Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи васаллам):

”Инсонларга шундай замон келадики, ўзларига намоз ўқиб берадиган имом топа олмайдилар”, деган қиёмат соатларининг аломатларидан биридир.

  • Илмнинг аввали Аллоҳ азза ва жалланинг китобини ёд олиш ва уни тушинишдир
  • Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг одамлардан бўлган аҳли бор», дедилар. «Улар ким, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот: «Қуръон аҳли, улар Аллоҳнинг аҳли ва хос кишиларидир», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

  • Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: Қуръон ўқинглар! Чунки у Қиёмат кунида ўқувчилар учун шафоатчи бўлади”» (Имом Муслим ривояти).
  • Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳ Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасана ёзилади. Ҳасанага ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен “Алиф, лом, мим” битта ҳарф деяётганим йўқ. Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Имом Термизий ривояти).
  • Муоз ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги қуёшнинг зиёсидан ҳам нурлироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дедилар.
  • Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Қиёмат куни қабр очилганда Қуръон ўз соҳибига мадорсиз, юзи оқарган кишига ўхшаб йўлиқади ва унга: Мени танийсанми?-дейди. у: танимайман- дейди. Шунда у сени чошгоҳ иссиғида чанқатган ва кечалари бедор қилган дўстинг қуръон бўламан, албатта хар бир тожир ўз тижоратининг пайида бўлса, сен бугун бутун тижоратларнинг кетида бўласан дейди ва мулк ўнг қўлига ва боқийлик чап қўлига берилади. Бошига виқор тожи кийгизилади, ота-онасига бу дунёда тенги бўлмайдиган олий қийматли кийим кийдирилади. Шунда улар:”Нима учун биз бу кийимларни кийдик?” дейишади. “Фарзандларингиз Қуръонни ёд олганлиги учун” дейилади. Сўнг қорига “Ўқи, жаннат даражалари ва хоналарига кўтарил” деб айтилади. Ҳофиз қуръонни тез ёки секин ўқишидан қатъийназар, ўқиган сайин кўтарилиб бораверади.(Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охири қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар». (Сунан Термизий 3914-ҳадис.).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким «Каҳф» сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:
    Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки ҳидоятга чақирса, ўзига эргашган кишиларнинг ажрлари мислича ажрга эга бўлади, бу ажр эргашувчиларнинг ажрларидан бирон нарсада кам бўлмайди. Кимки залолатга чақирса, унга эргашган кишиларнинг гуноҳлари мислича унга ҳам ҳеч бир камаймаган ҳолда гуноҳ бўлади”
    (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари)
  • Қози Абу Юсуф розияллоҳу анҳу “Илм шундай нарсаки, унга ўзингни бутунлай топширмагунингча ҳеч нарса бермайди”
  • Киши ҳар куни ҳолатига қараб Қуръон сураларидан муайян миқдорни тайинлаб олиши, Аллоҳнинг китобини ўқишдан бирон-бир кун холи бўлмаслиги керак.
  • Имом Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
    “Сизлардан аввалгилар Қуръонни Парвардигорлари томонидан келган ҳужжат деб билар, шу сабабли уни кечалари тиловат қилиб, кундузлари унга амал қилардилар”
  • Абу Олия айтади: “Қуръонни таълим олиб, сўнг ундан бирор нарса ўқимасдан ухлашни гуноҳлардан деб ҳисоблар эдик”
  • Саҳобалар Қуръонни тадаббур қилиб, озгина ўқишни-эътиборсиз бўлиб кўп ўқишдан яхшироқ, деб ўйлардилар.
    Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Менга “Бақара” ва “Оли Имрон”ни тартил ва тадаббур билан ўқишим бутун Қуръонни эътибор қилмасдан ўқишимдан севимлироқ”
  • Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақида Ҳишом ибн Ҳасандан бундай ривоят келган:
    “Умар қироат қилса, кўзлари ёшланар ва йиқилиб тушгунча йиғларди.“
  • Ривоят қилинадики Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу агар мусҳафни очиб ўқиса: “Бу Раббимнинг каломи, бу Раббимнинг каломи”, деб беҳуш бўлиб йиқиларди

Бу оятни бир ўқиб кўринг!

اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُّتَشَابِهًا مَّثَانِيَ

تَقْشَعِرُّ مِنْهُ جُلُودُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمْ وَقُلُوبُهُمْ إِلَىٰ ذِكْرِ اللَّهِ ۚ ذَٰلِكَ هُدَى اللَّهِ يَهْدِي بِهِ مَن يَشَاءُ ۚ وَمَن يُضْلِلِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ

Таржима:

Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ.

Изоҳ:

Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади.

Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар.

Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар.

(Зумар сураси, 23-оят)

  • Имом Нававий айтади: «Йиғини ҳосил қилиш Қуръондаги таҳдид ва огоҳлантириш, аҳд ва ваъдпларни фикр қилиш орқали амалга ошади. Агар қайғу ва йиғини ҳосмл қила олмаса, ўзидаги бу нуқсонни мусибат санаб йиғласин”
  • Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Бирортамиз Қуръондан ўн оят ёдласак, унинг маъноларини англамасдан ва амал қилмасдан бошқасига ўтмас эдик.”
  • Агар сиз бир кишидан Қурълн каримда нафақа қилиш ҳақидаги оятларни айтию беришини сўрасангиз, сизга сураларнинг номларини ва оят рақамларини бир зумда айтиб берса-ю, лекин саховат қилишдан бегона бўлса, яна бир киши Қуръондп оз нарса ёд олган бўлса ҳам, яхшилик эшикларидан бирортасини қолдирмаган бўлса, қай бири Қуръони каримдан кўпроқ фойдаланган бўлади?
  • Имом Шофеъий бундай деган: «Илм ёдланадиган нарса эмас, балки фойдаланадиган нарсадир»
  • Аҳмад ибн Абулҳаворий шундай дейди: “Мен Қуръонни ўқисам, оятларни тафаккур қиламан ва ҳофизи Қуръонлардан ажабланаманки, қандай қилиб уларга уйқу келади ва Аллоҳнинг каломини тиловат қила туриб дунёнинг иши билан шуғулланиў уларнинг кўнглига сиғади? Агар улар тиловат қилаётган нарсаларини тушунганларида ва унинг ҳаққини билганларида эди, ўзларига ризқ қилиб берилган бу неъматни хурсанд бўлиб, ўйқулари қочиб кетган бўлар эди."