March 28, 2020

Хадисларда Коронавирусга ухшаш касалликлар хакида.

Тоун

28-боб.


Тоун (вабо, ўлат) га доир ҳадислар хусусида Усома ибн Зайд айтадиларки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирор жойда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга кирмангиз ва бирор жойда турганингизда вабо бошланганини эшитсангиз, у ердан чиқмангиз!» - деган эканлар.

Ҳабиб ибн Абу Собит Иброҳим ибн Саъдга «Усома ибн Зайднинг Саъдга шу ҳадисни айтиб берганини эшитдингми, у инкор қилмадими?» — деганларида, у: «Ҳа» — деб жавоб қилган экан. Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қиладилар:

«Умар ибн ал-Хаттоб разияллоҳу анҳу Шомга сафарга чиққилар, Сарғ деган жойга етганларида лашкарлар амири Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ ва унинг ҳамроҳлари қарши олиб, Шомда вабо тарқалганини хабар қилдилар.

Шунда Ҳазрат Умар менга (яъни, ибн Аббосга) аввал муҳожирларни ҳузурларига чақириб келмоқни амр қилдилар.

Улар тўплангач, Шомда вабо чиққанини айтиб, маслаҳатлашдилар. Муҳожирлар турли-туман фикрлар билдирдилар, баъзилари: «Муҳим вазифа билан йўлга чиққанмиз, орқага қайтмаймиз», — десалар, айримлари: «Одамларнинг (лашкарларнинг) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг бир қисми сиз билан қолади, уларни вабога рўпара қилмоғингизнинг ҳожати йўқ», — дейишди.

Ҳазрат Умар бу гапни эшитиб, «Сизларга рухсат», — дедилар, сўнг менга ансорларни чақирмоқни буюрдилар. Мен чақириб келдим. Аммо, улар ҳам муҳожирлар айтган фикрларни билдиришди. Ҳазрат Умар уларга ҳам рухсат бериб юбордилар. Кейин менга: «Қурайшнинг шу ердаги фатҳ муҳожирларидан бўлган оқсоқолларини чақириб кел!» — дедилар. Мен чақириб келдим. Улар Ҳазрат Умарга мутлақо эътироз билдирмай, бир оғиздан: «Бизнинг фикримиз шулки, одамларни олиб, ортга қайтсангиз, уларни бу машъум вабога гирифтор қилмагаймиз!» — дейишди. Ҳазрат Умар одамларга хитоб қилиб:

«Мен эрта билан ортга қайтаман, сизлар ҳам қайтинглар!» — дедилар. Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ: «Оллоҳ таолонинг қазо-ю тақдиридан қочяпсизми?» — деб эди, Ҳазрат Умар: «Бу сўзни сендан бошқа одам айтса эди... Эй Абу Убайда! Ҳа, Оллоҳ таолонинг тақдиридан Оллоҳ таолонинг тақдирига қочяпмиз!

Агар сенинг бир туянг йўқолса, у бир ёғи ям-яшил ўтлоқ ва бир ёги қовжираган водийда турган бўлса, туянгнинг улардан қайси бирида ўтлашини Оллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ деб билмайсанми?» — дедилар.

Шу вақт Абдурраҳмон ибн Авф келиб қолди. У бир юмуш бирлан банд бўлгани учун бунгача бу ерда йўқ эди.

У: «Бу ҳақда мен ҳам баъзи бир нарсаларни биламан. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Вабо чиққан ерга кирмангиз ва сиз турган жойда вабо бўлса, у ерни тарк этмангиз!» деганларини эшитганман», — деб айтди.

Шундан сўнг, Ҳазрат Умар Оллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, ортларига қайтиб кетдилар». Абдуллоҳ ибн Омир ривоят қиладирлар: «Умар ибн ал-Хаттоб Шомга сафарга чиққан эрдилар. Сарғ деган ерга етганларида Шомда вабо тарқалганлиги ҳақида хабар келди. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирор жойда вабо тарқалса, у ерга кирмангиз ва сиз турган жойда вабо тарқалса, у ердан қочиб чиқмангиз!» — деб айтганлар», — деди».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадинага Масиҳ аддажжол ва вабо киролмайди», — деганлар деб ривоят қиладилар. Ҳафса бинти Сирин ривоят қиладилар: «Анас ибн Молик: «Яҳё ибн Сирин нимадан ўлди?» — деб сўради. Мен: «Вабодан ўлди», — деб айтдим.

Шунда Анас: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вабодан ўлган ҳар бир мусулмон шаҳид кетади», — деб айтганлар», — деди».

Абу Ҳурайра пайғамбар алайҳиссалом одатларида сўзлаётиб: «Ул зот айтдиларки, қорин оғриғи ва вабодан ўлган киши шаҳидд кетар экан», — дедилар.

29-боб. Вабо тарқаганда сабр қилганларга тегадиган савоб хусусида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заифалари, Оиша онамиз хабар берадиларки, ул зот пайғамбаримиздан вабо хусусида сўраганларида бундай деб жавоб қилган эрканлар:

«У (вабо) Оллоҳ истаган бандасига юборадиган азоб бўлган.

(Эндиликда) эса, Оллоҳ уни мўмин бандаларга ўзининг бир раҳмати сифатида юборадиган бўлди.

Бирор бандага вабо теккан бўлса-ю, у Оллоҳ пешонасига ёзганидан ўзгаси бўлмаслигига ишониб, ўз шаҳрида сабр қилиб қолса, албатта унга Оллоҳ йўлида жанг қилиб шаҳид бўлган бандага қанчалик савоб бўлса, шунчалик савоб бўлғусидир».

Имом Ал Бухорий Ал-Жоме Ас-сахих 4-жуз.

28.03.2020.

Марданова Муяссар Мухиддин кизи Тайёрлади.