Imom al-Buxoriyning “jome` as-sahih” asari-islom dinining muhim tarixiy manbasi.
Имом ал-Бухорийнинг "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" асари ислом дини таълимотларига кўра Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланади. Бу асарнинг тўлиғича "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадис Расулуллоҳ-саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи" ёки бўлмаса тарихчи Бадруддин ал-Айнийнинг ёзишича, "Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури Расулуллоҳ-саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” деган номлар билан аталса-да, ҳадис илмида қисқача "ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" ("Ишончлитўплам"), аксар ҳолда эса "Саҳиҳ ал-Бухорий" номи билан машҳурдир. Асарнинг қирқга яқин қўлёзма нусхалари Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ва яна бир қанча нусхалари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланади.
Ушбу асарнинг ёзилиш сабаблари ҳақида мулоҳаза юритилганда азалдан олимлар ўртасида икки хил фикр мавжуд. Улардан бири олим Иброҳим ибн Маъқал ан-Насафий (854 йилда вафот этган) Имом ал-Бухорийнинг номидан шундай ҳикоя қилади: "Бир кун биз Ишоқ ибн Роҳвайҳнинг ҳузурида бўлгандик. Шунда у: биронтангиз Расуллулоҳ-саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларини мухтасар бир китоб тарзида жаъм қилсангиз эди,-деди. Бу гап менинг қалбимга чуқур ўрнашиб қолиб, ўшандан бошлаб "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" асаримни ёзишга киришдим". Тарихчи ан-Нававий келтирган иккинчи фикр қуйидагича талқин қилинган: "Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Фориснинг ҳикояси: мен имом ал-Бухорий ҳазратлари шундай деганини эшитганман: "Тушимда Пайғамбар алайҳиссаломни кўрибман, гўёки мен у зотнинг рўбаруларида турибману қўлимдаги елпиғич билан у зоти шарифдан нималарнидир ҳайдаяпман. Мен бу воқеа ҳақида тушнинг таъбирини айтувчилардан сўрасам, Сиз Пайғамбар алайҳиссалом қавлларини кизбдан тозалагансиз. Мана шу гап менинг зиммамга "ал-Жомиъ ас-саҳиҳ"ни ёзишни юклади". Имом ал-Бухорий ғоятда тақводор ва покиза инсон бўлганлигидан Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳиҳ ҳадисларини тўплашга жуда катта масъулият ва ҳалоллик билан ёндошган. Шу боисдан ҳам алломанинг ўзи: "Ас-Саҳиҳ" китобимга таҳорат қилиб икки ракъат намоз ўқимасдан туриб биронта ҳам ҳадис киритмаганман-деб таъкидлайди. Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, Пайғамбар ҳадисларига бағишланиб ўша даврда яратилган асарларга хилма-хил ҳадислар билан бир қаторда саҳобаларнинг қавлларию тобеъийнларнинг фатволари ҳам киритилган. Бунга мисол қилиб машҳур олим Молик ибн Анаснинг (712-795) "ал Муватто" ва бошқа қатор асарларни кўрсатиш мумкин.
Имом ал-Бухорийнинг бу йирик асари, муаллифнинг ўзининг таъкидлашича ҳам, аксар олимларнинг ёзишларича ҳам олти юз минг ҳадисдан сараланиб саҳиҳлари танлаб олинган ва ўн олти йил давомида таълиф этилган. Асар қаерда ёзилган деб савол туғилиши ҳам табиий. Бу масала ҳақида ҳам турли фикрлар айтилган. Тарихчи ибн Ҳажар ал-Асқалоний мана шу фикрларни жаъмлаб шундай хулосага келган: Имом ал-Бухорий бу йирик асарини ёзишни ва унинг асосий мундарижасини тузишни Маккаю мукаррамада-Байтуллоҳ ал-Ҳаромда бўлган вақтидан бошлаб ўз она юрти Бухорода асарини ниҳоясига етказиб оққа кўчирган. Албатта аллома ўз асарига киритган аксар ҳадисларни хорижий юртларда сафарда бўлганида тўплаган. Ўз асарини ишончли манба сифатида бўлишга алоҳида эътибор билан қаради, шу боисдан ҳам уни уч марта таҳрир этиб ушбу таснифини тугатди. Натижада ислом оламидаги барча муҳаддисларга намуна бўладиган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳиҳ ҳадисларини ўзида мужассам қилган мукаммал бир асар яратилди. Имом ал-Бухорийнинг ҳадис илми ва унинг турли тармоқлари, ровийлар тарихларидан ҳартомонлама тўлиқ ва кенг қамровли илмга эга бўлиши, ҳадисларни тўплаш мақсадида турли мамлакатларга илмий сафарлар қилиши, кўп сонли ва хилма-хил савиядаги устозу-шайхлардан ҳадислар ёзиб олганлиги ва ниҳоят унинг ақл бовар қилмайдиган даражада қувваи ҳофизасининг кучлилиги, унинг ноёб қобилияти ва фидойилиги-мана шу омиллар алломага "ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" дек илмий ва амалий жиҳатдан юксак савияда бўлган йирик асар яратиш имкониятини берди. Шу билан бирга айтиш керакки, муаллиф ўз асари учун маълумотлар тўплашга ва уларни таълиф этишга кўп ҳам шошилмади, балки чуқур илмий пойдеворга (манҳажга) таянган мукаммал режа асосида иш олиб борди. Бу жиҳатлар ҳадислар тўплашда ҳам, уларни асар сифатида яхлит тартибга келтиришда ҳам, унинг ёзилиш муҳлатида (ўн олти йил давомида) ҳам, шундай ноёб асар яратилиши учун катта аҳамият касб этадиган илмий муҳит мавжуд бўлган турли-туман (Макка, Мадина, Басра, Бағдод, Бухоро) шаҳарларда ёзилиши ҳам бир сўз билан айтганда, мазкур омилларнинг барчаси ўзига хос буюк асар яратилиши учун пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Имом ал-Бухорийнинг ўзига хос услуби бўлиб, бу ўринда у йиққан ҳадислар ровийларининг ҳиссаси алоҳида ўрин тутади. Чунончи бу хусусда манбаларда "Саҳиҳ"ни имом ал-Бухорийдан етмиш, тўқсон, юз минг ровийлар ривоят қилганлиги қайд қилинади. Унинг ровийлари жумласидан имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Зуръа, имом ат-Термизий, ибн Ҳузайма каби ҳадис илмининг етук дарғалари ҳам бўлган. Ҳадисларни ровийлардан ёзиб олишга ҳам имом ал-Бухорий жуда катта масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндошиб, фақат энг ишончли олиму уламолардангина қайта-қайта текшириб ҳадис ёзиб олган. Бу хусусда алломанинг ўзи "минг ёки ундан ортиқ ишончли (сиқот) уламолардан ҳадис ёзиб олдим, менинг асаримга исноди келтирилмаган биронта ҳам ҳадис кирмаган",-деб таъкидлайди. Шу боисдан ҳадис ривоят қиладиган шахсларнинг аҳволлари, уларнинг насл-насаби, у ҳадисни кимдан эшитган ва бошқа қатор масалаларни тўлиқ билгач, улардан ҳадис ёзиб олган. Бу ҳақида имом ал-Бухорий "Бирон кишидан ҳадис ёзиб олишим бошқаларникига ўхшамас эди. Мен агар бирон шахсдан ҳадис ёзмоқчи бўлсам-енг аввало унинг исми шарифи, куняси, насл-насаби, айтаётган ҳадисини қандай манбадан олган, унинг нусхалари ҳақидаги хабарларни сўраб-суриштирар эдим, аммо бошқалар эса бу масалаларга кўп ҳам эътибор бермайдилар"-деб ҳикоя қилади. Унинг "иймон-қавл ва унга амал қилиш" демаган ҳечбир кимсадан ҳадис ёзмаганлиги олим учун қатъий бир қоида ва дастуруламал сифатида бутун умри мобайнида давом этди. Барча илмий фаолиятида мана шу тартиботга қатъий амал қилди. Аллома Абу Жаъфар ал-Уқайлийнинг ёзишича, имом ал-Бухорий "Саҳиҳ" асарини ёзиб тугатгач Аҳмад ибн Ҳанбал, Яхъя ибн Маъийн, Али ибн ал-Мадийний ва бошқа машҳур олимларга кўрсатганда улар бу асарни катта мамнуният билан маъқуллаганлар.
Аввал таъкидлаб ўтилганидек, Имом ал-Бухорийнинг бу асарига фақат саҳийҳ (ишончли, тўғри) ҳадислар киритилган. Албатта бу ўта машаққатли ва хайрли ишни амалга оширишда муаллиф маълум қонун-қоидага бошқача қилиб айтилса, шартларга, риоя қилган. Умуман ҳадисшунослик илмида тан олинган олти саҳиҳ асарнинг муаллифлари ҳам, бошқа муҳаддислар ҳам ўзига хос шартларга биноан ўзасарларини яратганлар. Бу ҳақда олимлар томонидан махсус асарлар ҳам битилган. Шулар жумласига Ибн Тоҳир ал-Муқаддасийнинг "Шурут ал-аиммати ас-ситта" ("Олти машҳур олимнинг шартлари") ёки бўлмаса Абу Бакр ал-Хозимийнинг қаламига мансуб "Шурут ал-аиммати ал-хамса" ("Беш машҳур олимнинг шартлари") каби асарларини кўрсатиш мумкин. Манбаларда имом ал-Бухорийнинг шартлари деб аталадиган ушбу қоидалар, асосан, қуйидагилардан иборат: иснод муттасил, яъни кетма-кет узлуксиз бўлиши, ҳадис ривоят қилувчи ислом динига мансуб бўлиб ҳақгўй бўлиб, унинг гапида ёлғон ва пала-партишлик бўлмаслиги зарур; у (ровий) адолат сифатларини ўзида мужассам қилган, ўзини тута биладиган вазмин, ўткир зеҳнли, хато-нуқсони кам, иймон-еътиқоди комил инсон бўлиши шарт эди. Мана шу шартлар тўлиқ мужассам бўлганда ўзи эшитган саҳиҳ ҳадисларнинг аксар қисмини имом ал-Бухорий "Саҳиҳ" асарига киритди. Алломанинг ўзи ҳам: "Фақат саҳиҳ (ишончли, тўғри) бўлган ҳадисларнигина "ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" асаримга киритдим" [1],-деб алоҳида таъкидлаган.
Машҳур муаррих Ибн Ҳажар ал-Асқалоний шундай деган: "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ"даги ал-муаллақот ва ал-мутобиат ҳадислардан бошқа мен, соф таҳрир қилган-мукаррарлари (такрорланадиганлари) билан бирга кирган ҳадисларнинг умумий сони етти минг уч юз тўқсон етти ҳадисдир. Улардан таълийқга муаллақлари) доирлари бир минг уч юзу қирқ бир ҳадисни ташкил қилади. Бинобарин Имом ал-Бухорийнинг" Саҳиҳ" китобига кирган ҳадислар-такрорланадиганлари билан биргаликда жами бўлиб, тўққиз минг саксон икки ҳадисдан иборат.
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний яна:
Ушбу ададга саҳобаларга тегишли (мавқуф) ҳадислар ва улардан кейинги тобеъийнларга доир мақтуъотлар кирмайди, -деган.
Яна у:
-"Саҳиҳ ал-Бухорий"да бўлган мана шу ададни Оллоҳнинг инояти билан камолига етказиб, тўлиқ таҳрир қилганман. Мендан олдин биронта олим шу даражада иш бажарганини мен билмайман. Саҳв ва хатолардан холиман, деб қатъий ишонч билан айтаолмайман, Оллоҳ ўзи ададкор,-деган.
Имом ал-Бухорийнинг шоҳ асари ”Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”га бағишланиб, араб тилида жуда кўп шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган бўлиб, улар ҳажм ва аҳамияти жиҳатидан хилма-хилдир. Қатор манбаларда (масалан Ҳожи Халифанинг "Кашф уз-зунун", ал-Қасталонийнинг "Муқаддима", Умар Ризо Каҳҳоланинг "Муъжам ал-муаллифийн" кабилар) келтирилишича, уларнинг сони юзга яқиндир. Мана шу шарҳлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида мухтасар маълумотлар келтиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
1. "Шарҳ Ибн ал-Мунаййир"нинг муаллифи Имом Носируддин Али ибн Муҳаммад ибн ал-Мунаййир ал-Искандароний (1296 йил вафот этган) бўлиб, унинг қаламига мансуб бу улкан шарҳ ўн катта жилддан иборат. Шунингдек имом Носируддин "Саҳиҳ ал-Бухорий"га бағишланган Ибн Баттолнинг шарҳига тегишли ҳошиялар ҳам ёзган.
2. "Шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг муаллифи шомлик олим Қутбиддин Абдукарим ибн Абдуннур ибн Мунийр ал-Ҳалабий ал-Ҳанафийдир (вафоти 1344 йил). Ўн жилддан иборат бўлган бу шарҳ "Саҳиҳ"нинг яримигача етган. Муаллиф имом ал-Бухорий асарига мукаммал бир шарҳ ёзишни ният қилган кўринади, лекин, афсуски, бу шарҳ охиригача етмай қолган.
3. "Ал-Кавокиб ад-Дирорий" номли шарҳнинг муаллифи аллома Шамсуддин Муҳаммад ибн Юсуф ибн Али ал-Кирмоний (вафоти 1384 йил). Илм аҳллари учун ғоятда фойдали бўлган бу шарҳда муаллиф "Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг шу хилдаги бошқа асарлардан устунлиги ҳақида ишончли ва ёрқин далиллар келтирган. Ал-Кирмонийнинг бу асари "Саҳиҳ"га ёзилган шарҳларнинг энг муҳимларидан ҳисобланади. Муаллиф ушбу асарини 1373 йилда Маккаи мукаррамада ёзиб тугатган. Машҳур олим Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг фикрича, ал-Кирмонийнинг бу шарҳи қатор хато-камчиликлардан ҳам холи эмас. Бу асар Қоҳирада чоп этилган бўлиб, унинг қатор қўлёзмалари Қустантаниянинг кутубхоналарида сақланади.
4. "Ат-Талвийҳ" номли шарҳ имом ал-Ҳофиз ал-Муғултоий ибн Қилич ат-Туркий Алоуддин ал-Мисрий ал-Ханафийнинг (вафоти 1361 йил) қаламига мансуб. Ҳажм жиҳатидан катта бўлган бу асар ҳам "Саҳиҳ"га ёзилган муҳим шарҳлардан ҳисобланади.
5. Шайх ал-Ислом Абул-Фазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг (вафоти 1448 йил) "Фатҳ ал-борий ли шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий" номли шарҳи имом ал-Бухорийнинг асарига битилган энг мўътабар шарҳдир.
ХВ асрда яшаган буюк араб мутаффаккири Ибн Халдун ўзининг "Муқаддима" номли асарида "Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг имом ал-Бухорий асарига ёзган "Фатҳ ал-борий" номли шарҳини "бутун ислом уммати ўрганиши қарздир",-деб ушбу шарҳни юксак баҳолаган эди. Дарҳақиқат, илмий нуқтаи назардан ал-Асқалонийнинг бу шарҳи ғоятда муҳим ва мукаммал асар бўлиб, имом ал-Бухорий асарини ўрганган ҳар бир тадқиқотчи ва ўқувчи унга мурожаат қилмасдан иложи йўқ. Муаллиф ўз шарҳини 1414 йилдан бошлаб, 1437 йили яъни йигирма уч йилда тугатган бўлсада, унга умрининг охиригача (1448 йилгача) қўшимчалар киритган. Ибн Ҳажар ал-Асқалонийдан кейин “Саҳиҳ ал-Бухорий”га шарҳ ёзган барча муаллифлар ал-Асқалонийнинг ушбу машҳур шарҳига мурожаат қилганлар.
6. “Ҳадюс-сорий муқаддимат Фатҳ ал-борий” номли шарҳнинг муаллифи ҳам юқорида зикр қилинган Ибн Ҳажар ал-Асқалоний бўлиб, у “Фатҳ ал-борий”га ёзилган муқаддима ҳисобланади. Бу улкан асар ўн бўлимдан иборат бўлиб, ўз навбатида бу бўлимлар ҳам фаслларга бўлинади. Китобнинг охирида имом ал-Бухорийнинг таржимаи ҳоли, унинг асарлари ва шогирдлари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.
7. Ал-Хитобий номи билан машҳур бўлган имом Абу Сулаймон Аҳмад (у Ҳамд ибн Муҳаммад ал-Бустий номи билан ҳам машҳур-вафоти 998 йил) қаламига мансуб шарҳ “Иълом ас-Сунан” номи билан аталиб, у “Саҳиҳ ал-Бухорий”га бағишланган дастлабки шарҳлардан бири ҳисобланади. Муаллиф йирик муҳаддис Абу Довуд ас-Сижистонийнинг "Сунан" асарига бағишланган "Маъолим ас-Сунан" номли шарҳини тугатгач, Балх аҳлининг илтимосига кўра бир жилдлик ушбу шарҳ-"Иълом ас-Сунан"ни таълиф этди.
Ал-Хитобий ушбу шарҳида йўл қўйган айрим хатоларни тузатган Муҳаммад ат-Тамиймий номли олим бу шарҳни охирига етказган. Унинг бир қўлёзма нусхаси Қустантаниядаги Оя Сўфия кутубхонасида сақланади. Баъзи олимларнинг тахмин қилишларича, мазкур шарҳнинг бир қўлёзмаси Иккинчи жаҳон урушидан олдинроқ Олмониядаги Дор ал-Улумнинг қўлёзмалар бўлимида мавжуд бўлган.
8. Олим Муҳаллаб ибн Абу Сафра ал-Азадийнинг (вафоти 1043 йил) қаламига мансуб "Шарҳ ал-Муҳаллаб" номли шарҳ ҳақида деярли ҳечбир маълумотга эга эмасмиз. Фақат шу нарса маълумки, муаллиф ўз шарҳига қўшиб "Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг матнини ҳам келтирган.
9. "Мухтасар Шарҳ ал-Муҳаллаб" номли шарҳнинг муаллифи бундан олдинроқ зикри ўтган Муҳаллаб ал-Азадийнинг шогирди Абу Абдулла Муҳаммад ибн Халаф ал-Муробит (вафоти 1092 йил) бўлиб, у ўз устози ёзган шарҳни мухтасар ҳолга келтириб, аммо баъзи фойдали маълумотларни қўшимча қилган.
10. "Ал-Ажвиба аъло ал-масоил ал-мустағраба мин ал-Бухорий" номли саволларга жавоблар тариқасида битилган ушбу асарнинг муаллифи Абу Умар Юсуф ибн Абдулла ибн Муҳаммад ибн Абд ал-Бирр ал-Моликий (вафоти 1071 йил) бўлиб, у имом ал-Бухорий асари бўйича баъзи олимларнинг жавобларидан иборатдир.