Ходим карантинга олинса унга қандай кафолатлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 285-моддасига кўра, карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 1136, 14.05.2002 й.)
17-бандига кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфини олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса нафақа берилади.
Яъни агар ходим карантинга олиниши муносабати билан ишдан четлаштирилган бўлса, ходимнинг бу даври учун унинг иш жойидан меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилиши керак.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизи (239 минг сўм)дан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.