June 1, 2020

Ноҳақ берилган ҳайфсан учун ходимни ким ҳимоя қилади?

САВОЛ: Мен ҳамкасбим билан низолашиб қолдим. Биз умумий ҳисобот тайёрлаётган эдик. Ҳисоботнинг ҳамкасбим тайёрлаган қисми хато экан. Корхонамиз раҳбарияти эса иккаламизга ҳайфсан берди. Фикримча, бу адолатдан эмас, чунки мен астойдил ишлаб ҳисоботнинг ўзимга тегишли қисмини аъло даражада тайёрлаган эдим. Манфаатларимни ким ҳимоя қила олади?

ЖАВОБ: Сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни корхонангизнинг вакиллик органи ҳимоя қилиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 21-моддасига мувофиқ, меҳнатга оид муносабатларда ходимларнинг манфаатларини ифода этишда вакил бўлиш ва бу манфаатларни ҳимоя қилишни корхонадаги касаба уюшмалари ва уларнинг сайлаб қўйиладиган органлари ёки ходимлар томонидан сайланадиган бошқа органлар амалга ошириши мумкин, бу органларни сайлаш тартибини, уларнинг ваколатлари муддати ва миқдор таркибини меҳнат жамоасининг йиғилиши (конференцияси) белгилайди.

Ходимлар вакиллик қилишни ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя этишни ишониб топширадиган органни ўзлари белгилайдилар.

Ходимларнинг вакиллик органлари, асосан, касаба уюшмалари ҳисобланади.

Касаба уюшмалари ва уларнинг улардаги сайлаб қўйиладиган органларнинг давлат ва хўжалик органлари, иш берувчилар билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқлари Меҳнат кодексининг 3-боби, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқ ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун, касаба уюшмаларининг уставлари, жамоа келишуви ва шартномалари билан белгиланади.

Ходимлар вакиллик органларининг ҳуқуқлари кенг бўлиб, уларга қуйидагиларга киради:

музокаралар олиб бориш, жамоа шартномалари ва келишувлари тузиш, уларнинг бажарилишини текшириб туриш, иш берувчига корхонада меҳнат тўғрисида норматив ҳужжатлар тайёрлаш юзасидан таклифлар киритиш;

корхонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш;

меҳнат низоларини кўрувчи органларда ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш;

иш берувчи ҳамда у вакил қилган шахсларнинг қарорлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларга зид бўлса ёхуд ходимларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда бузаётган бўлса, бу қарорлар устидан судга шикоят қилиш.

Вакиллик органлари ижтимоий-меҳнат муносабатларида ходимлар манфаатларини ҳимоя этишга қаратилган бошқа хатти-ҳаракатлар ҳам, башарти, бу хатти-ҳаракатлар қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, қилишлари мумкин.